Арманистон Ғарбга юзланмоқда. Бундан хавотирга тушаётган фақат Россия эмас
Охирги бир ҳафтада Арманистон Ғарб томон иккита катта қадам ташлади: аввалига ҳукумат Европа Иттифоқига қўшилишга қарор қилди, сўнг АҚШ билан стратегик ҳамкорлик тўғрисида ҳужжат имзоланди.
9 январ куни Арманистон ҳукумати Европа Иттифоқига қўшилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади. Лойиҳа парламентга киритилади, шунингдек, референдумга қўйилиши мумкин. Олдиндан айтиш мумкинки, аксарият арманистонликлар ЕИга қўшилишга рози бўлиши аниқ.
14 январ куни Вашингтонда имзоланган “Стратегик ҳамкорлик бўйича хартия” билан эса, икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик жуда юқори даражага кўтарилди. Улар ўртасидаги сиёсий мулоқотлар, иқтисодий ва ҳарбий ҳамкорлик кучаяди.
Хўш, бу қадамлар нимани англатади, нима ўзгаряпти?
Арманистон шу пайтга қадар геосиёсатда, ташқи сиёсатда Россия Федерациясига ориентир оларди. Ереван Москвани ўзининг катта акаси, бош ҳомийси ва геосиёсий “қибласи” сифатида кўрар эди. Лекин ҳаммаси 2020 йилнинг кузида ўзгарди. Яъни Қорабоғ урушидан кейин. Ўша урушда Озарбойжон ўзига тегишли Қорабоғ ҳудудини Арманистондан куч билан қайтариб олди. Унга қадар Арманистон Қорабоғни расман Озарбойжон ҳудуди деб ҳисобласа-да, Қорабоғдаги сепаратизм ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлаб келаётган эди.
Асосий мақсад – Қорабоғни Арманистонга қўшиб олиш эди. Лекин кўп йиллик ҳарбий тайёргарликдан кейин, 44 кунлик урушда Озарбойжон ўзининг Қорабоғ ҳудудини қайтариб олди. Ҳалқаро қонунчиликка кўра, собиқ СССР чегараларига асосан, Қорабоғ – Озарбойжоннинг ҳудуди эди. Ўша 2020 йилги уруш кунлари Арманистон Россияга мурожаат қилиб, урушга қўшилишни ва Озарбойжонга қарши бирга уришишни сўради.
Лекин Путин “агар уруш Арманистон ҳудудида бўлганида эди, КХШТ ва унинг аъзоси РФ Арманистонни аниқ ҳимоя қилади, лекин ҳозирча уруш Қорабоғда, яъни Озарбойжон ҳудудида бўлмоқда” деб, Арманистонга рад жавоби берганди. Шундан буён Арманистон Россиядан аразлаган, Москва билан алоқаларни сусайтириб бормоқда.
Кейинги йилларда Арманистоннинг Россиядан узоқлашуви янада кучайди. Ўтган йиллар давомида Арманистон ўзи аъзо бўлган ва Россиянинг стратегик манфаатларини таъминловчи Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотидаги иштирокини, де-факто тўхтатиб қўйди. КХШТнинг ўқув машқларида иштирок этмаяпти. Қолаверса, 2024 йилда АҚШ ва Европадаги ҳарбий ўқув машқларида ҳам иштирок этди. Бу билан, Арманистон Россиянинг эмас, Ғарбнинг командасига ўтаётганини билдирди.
Хўш, Арманистоннинг АҚШ ва Европа Иттифоқчи билан яқинлашуви, Жанубий Кавказ геосиёсатини қанчалик ўзгартира олади? Бунга қайси давлатлар норозилик билан қарайди? Учта давлат борки, улар Арманистон билан Ғарбнинг яқинлашувини совуқлик билан қабул қилади. Булар – Россия Федерацияси, Туркия ва Озарбойжон.
Россия ва Туркия Кавказ минтақасига АҚШ, Франция, НАТОнинг кириб келишини истамайди. Туркия – НАТОнинг аъзоси, лекин анча вақтдан буён НАТО ичидаги зиддиятли давлат. Эрдўған – мустақил ўйинчи сифатида, Вашингтонга ҳам, Брюсселга ҳам йўқ дея оладиган давлатни шакллантириб улгурди. Қолаверса, Туркия Арманистонга НАТОнинг кўзлари билан эмас, Озарбойжон манфаатлари орқали қарайди.
Озарбойжонга келсак, ҳалига қадар Озарбойжон ва Арманистон ўртасида тинчлик келишуви мавжуд эмас. Бу икки давлат уруш ҳолатида. Лекин тинчлик музокаралари бўйича ишлар кетмоқда. Томонларнинг билдиришига кўра, тинчлик келишуви учун керакли 90 фоиз ишлар қилинган. Ўртадаги келишилмаган масалалар ҳали бор. Икки давлат ҳам ўзаро ҳудудий яхлитликни, суверенитетни тан олишга тайёр. Яъни Арманистон Қорабоғни Озарбойжон ҳудуди сифатида тан олишга тайёр. Лекин кейинги бир йилда Озарбойжон Арманистонга иккита янги талабни қўйди.
Биринчи талаб – Арманистон ҳам Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти қошидаги Минск гуруҳини тарк этиши керак. Минск гуруҳи Қорабоғ низосини ҳал қилиш учун 1992 йилда тузилган бўлиб, унда, Озарбойжон ва Арманистондан ташқари, учта ҳамраислар бор, булар – Россия Федерацияси, Франция ва АҚШ. Расмий Боку бу гуруҳни тарқатиб юбориш керак деб ҳисоблайди. Озарбойжоннинг Франция билан алоқалари жуда ёмон. Қолаверса, Украина уруши сабаб, Россиянинг АҚШ ва Франция билан алоқалари деярли тўхтатилди.
Иккинчи талаб – Арманистон ўзининг Конституциясини ўзгартириши керак. Чунки, Бокуга кўра, Арманистон Конституциясининг преампуласида, баъзи моддаларида Қорабоғга шама, ишора ва “қайта қўшилиш” каби ғоялар, муждалар мавжуд. Конституция ўзгармасдан Озарбойжон билан келишувга эришилса, бу Конституцияга зид модда сифатида келажакда ўз кучини йўқотиши, уруш қайтадан бошланиши мумкин.
Муаммо шундаки, Арманистон Конституциясини ўзгартириш учун референдум ўтказиши керак бўлади. 2024 йил июл ойида Gallup International Association ўтказган сўровномаларга кўра, 80,3 фоиз арманистонликлар Конституция ўзгаришига қарши, 11,7 фоиз аҳоли қисман ўзгаришларга рози ва фақат 3,3 фоиз аҳоли ҳар қанча ўзгаришларга рози. Бу дегани, Арманистон ва Озарбойжон ўртасидаги тинчлик келишувларига жиддий тўсиқлар бор.
Қолаверса, Арманистоннинг Россия таъсиридан тўлиқ чиқиб кетиши осон бўлмайди. Чунки Россия – Арманистоннинг энг биринчи савдо-иқтисодий ҳамкори, тахминан 40 фоиз ташқи савдоси Россия улушига тўғри келади. Шунингдек, Арманистон Евросиё Иқтисодий Иттифоқи аъзоси сифатида Россиядан арзон газ ва бошқа энергия маҳсулотларини олади.
Бир сўз билан айтганда, Арманистон – Россия, Туркия ва Озарбойжон қуршовида. Агар Озарбойжон ва Туркия билан келишиб, тинчлик сулҳини имзолай олса, Ереван Москвадан узилишга ва Ғарб томон тўлиқ ўтишга ҳал қилувчи қадамларни ташлаши аниқ. Ҳозирча эса, Арманистон ўзининг ташқи сиёсатида зиддиятларни парваришлаб бормоқда.
Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос
Мавзуга оид

11:01 / 10.03.2025
Туркия Курдистон ишчилар партияси тарафдорларини қуролларини ташлашга чақирди

14:11 / 08.03.2025
Венгрияда ишлаётган туркиялик тадбиркорлар Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларни амалга оширади

20:52 / 05.03.2025
Иттифоқчилик нима? Ўзбекистоннинг иттифоқчилари кимлар ва яна кимлар бўлиши мумкин?

17:31 / 03.03.2025