Ўзбекистон | 17:05 / 06.01.2025
2555
2 дақиқада ўқилади

ССВ Республика педиатрия маркази метапневмовирусга чалинган болалар билан тўлганини рад этди

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлардаги болаларнинг метапневмовирусга чалингани хусусидаги маълумотлар мутлақо асоссиз.

Фото: Видеодан кадр

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ижтимоий тармоқларда Республика педиатрия маркази бемор болалар билан тўлгани, уларнинг бир қисми янги вирусга чалингани айтилган хабарларга муносабат билдирди.

Таъкидланишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлардаги болаларнинг метапневмовирусга чалингани хусусидаги маълумотлар мутлақо асоссиз.

«Гап шундаки, Янги йил арафасида Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказининг жами бешта — чақалоқларни парвариш қилиш, чақалоқлар патологияси ва реанимацияси, гепатология, нефрология ҳамда умумий педиатрия бўлимларида профилактик ювиш-тозалаш ва зарарсизлантириш ишлари амалга оширилган.

Мазкур бўлимларнинг барчаси бугун, 6 январ кунидан қайта очилди ва бу ҳолат табиий равишда беморлар оқими нисбатан ортишига сабаб бўлди», — дейилади муносабатда.

Шунингдек, қайд этилишича, марказ ижтимоий тармоқлардаги хабарларда қайд этилган юқумли касалликларга чалинган беморларни қабул қилиш ва даволашга ихтисослаштирилмаган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан турли асоссиз ва текширилмаган хабарлар тарқатмасликни сўраган.

Аввалроқ Санэпидқўмита метапневмовирус инфекцияси тўғрисида маълумот берганди. Қўмитага кўра, метапневмовирус билан касалланган одамларнинг аксарияти асоратларсиз тузалиб кетади. Ушбу вирус билан касалланиш ҳолатлари ҳар йили дунёнинг барча мамлакатларида қайд этилади.

Мавзуга оид