Жамият | 11:22 / 25.12.2024
15386
10 дақиқада ўқилади

Фарғонадаги портлаш Яйпанда такрорланмайди деб ким кафолат беради? Аҳоли уйи ёнидаги “заправка”дан хавотирда

Фарғона вилояти, Ўзбекистон тумани, Боғи Эрам маҳалласида жойлашган “Bengaz Yaypan Fayz” автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчасида аввал фақат бензин сотилган. Бир неча ой аввал тадбиркор аҳоли эътирозларига қарамай, шохобчада пропан сотишни ҳам йўлга қўйган. Амалдаги меъёрларга кўра, заправка аҳоли яшаш ҳудудидан камида 60 метр узоқликда жойлашган бўлиши лозим. Мазкур манзилда эса ушбу талаблар бузилган. Шохобча аҳоли уйидан бор-йўғи 35 метр узоқликда жойлашган. Заправкага туташ ҳудудда яшовчи аҳоли яқинда Фарғона шаҳрида содир бўлган портлашдан сўнг хавотирга тушиб, Kun.uz’га мурожаат қилди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Kun.uz мухбири Боғи Эрам маҳалласида бўлиб, мурожаатчиларга микрофон тутди.

“Бу ерда моддий манфаат ётибди…”

“Бу асосий шифохонага қатнов йўли. Қатнов йўлидан шундоқ икки ярим метрдан кейин пропан “заправка”си қурилди. Нарироқда боғча бор. Боғчага ҳар куни ота-оналар болаларни олиб ўтишади. Асосий йўл бўйидан икки ярим метр нарида пропан “заправка” фаолият юритяпти. Атрофи эса аҳоли яшаш хонадонлари. Ҳолат ҳеч қандай тартибга тўғри келмайди-ку.

Қурилишдан олдин қаршилик қилинган, бироқ қўни-қўшничилик деб, “қўл қўйиб беринглар”, дейишгандан кейин қурилган. Тегишли идоралар ФВБ, СЭС қандай қилиб аҳоли орасига пропан “заправка” учун рухсат берди? 

Майли, бу ерда уч-тўртта аҳоли қўл қўйиб бергандир. Лекин амалдорлар-чи? Ўйлайманки, бу ерда раҳбарларнинг моддий манфаати ётибди, шунинг учун улар қўл қўйиб берган. Биз норозимиз. Нима учун бир инсоннинг моддий манфаати деб юзлаб одамлар хатар остида яшаши керак?”, – дейди мурожаатчилардан бири.

Давлатдан қарз олиб ишлаяпмиз…”

“Шохобчамизнинг орқа томонида яшовчи қўшни хонадон норозилик билдиргани ҳисобига “заправка” йўлнинг қатнов қисми томон силжиди, ўн метр нарига суришга мажбур бўлганмиз. Оқибатда “заправка” ҳовлига яқинлашиб қолди. Ҳовли 35 метр чиқади пропандан.

Умид Мирзаев, “Бенгаз Яйпан Файз” МЧЖ раҳбари

“Заправка”нинг бошқа томони эса олтмиш метр чиқади. Қўшнилар розилик хатини беришгандан кейин пропан “заправка”ни кўрдик-да, иш бошладик. Қўшниларнинг розилик хати бор.

Ёнимиздаги бор маблағимизни сарфлаб, пропан “заправка”ни қуриб, ишга туширганимизга бир ярим ой бўлди. Хавфсизлик томонини ўз зиммамга олиб, кечаси-ю кундузи шу ердаман. Аҳолига, ҳеч кимга зиён етмасин деб ҳаракат қиляпман. Давлатдан уч юз йигирма миллион пул олиб, кредит ҳисобида ишлаяпмиз”, — дейди “Бенгаз Яйпан Файз” МЧЖ раҳбари Умид Мирзаев.

Идоралар эътирозимга қулоқ тутмади...

“Пропан “заправка” қурилишидан аввал қаршилик кўрсатдим, яшаш хонадонимиз орасидаги масофа йигирма метр бўлиб қолди. Қанчалик қаршилик кўрсатишимга қарамай, яна озгина суришди ва оралиқ масофани қирқ метр қилиб қўйишди. Яна қаршилик кўрсатдим. Шунда шохобчани олтмиш метр нарига суришди.

Жавоҳир Шамсиддинов

Кейин тегишли мутасадди ташкилотларга мурожаат қилганимда, олтмиш метрга чиқибди, энди сизнинг розилигингиз биз учун керак эмас, дейишди. Ваҳоланки, аввало шу пропан “заправка” қурилишига рухсат берадиган одам сизнинг розилигингиз бўлади, кейин пропанда қуришга биз рухсат берамиз, деганди. Фикрлари ўзгариб қолиб, сизнинг розилигингиз керак эмас, дейишди. Шундан кейин ҳам мен тегишли ташкилотларга мурожаат қилдим, лекин улар ҳам ижобий ҳал қилиб бера олмади. Қаршилик кўрсатиб, вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасига, Ўзбекистон тумани Фавқулодда вазиятлар бўлимига, туман ҳокимлигимизга, вилоят экологияси, вилоят прокуратураси, вилоят ички ишлар бўлимига мурожаат қилдим. Лекин ҳаммаларининг жавоби бир хил. Ҳаммалари Фавқулодда вазиятлар бошқармасига чиқариб беришган ва улардан менга бир хил жавоб келган: “Жавоб келган, сиз билан оралиқ масофа сақланган, қўшнилардан розилик олинган,” дейишади.

Ваҳоланки, розилик ҳам ўттиз метр, қирқ метр оралиғида бўляпти. Тегишли мутасаддилар эса бунга жим қараб турибди. Фақат аҳоли рози бўлса, хоҳлаган жойга қуриш мумкинми? Мана шу аҳоли орасидаги пропан “заправка”сининг қурилишига рухсат берган тегишли идораларга жавобгарлик борми?”, – дейди  яна бир мурожаатчи Жавоҳир Шамсиддинов.

Портлашдан кейин қўрқиб қолдик...

“Фарғона шаҳрида содир бўлган портлашдан кейин ваҳимага тушиб қолдик. Пропанга рухсат берган ака ҳам портламайди, ҳимояланган бўлади, деган эди. Мана, кўрдик, ҳеч ким портламаслигига жавоб бермайди экан, ҳеч ким кафил бўла олмас экан. Бу эртагами, индинми, портлаб кетиши мумкин экан.

Зилуфар Тўрахўжаева

Қаттиқ талаб қиламиз. Тегишли мутасадди ташкилотлар ўргансин-да, “заправка”ни аҳоли орасидан олиб чиқиб кетсин бошқа жойга. Аҳоли эътирозини рухсат берадиган ташкилотлар инобатга олиш керак деб ўйлайман, чунки бу ерда инсонлар яшайди, инсон тақдир ҳал бўлади бу ерда. Биз ўзимизнинг ҳаётимизни хавфга солиб, пропан “заправка” ёнида яшашни хоҳламаймиз. Шундан кейин аҳоли тинчийди ва безарар бўлади”, – дейди Зилуфар Тўрахўжаева.

“Куёвим неварамни уйимизга жўнатмай қўйди…”

“3 ой олдин уйимиз ёнига пропан “заправка”сини бизни огоҳлантирмасдан ҳам қуришди. Кўп ташкилотларга чиқдик. Ҳатто вилоятдан текширувлар келди, ҳокимиятдан, ҳамма жойдан келди. Лекин ижобий жавоб олганимиз йўқ.

Фарида Камолова

Фарғона шаҳрида яшовчи куёвим невараларимни жўнатмай қўйди. “Пропан олдида турибсизлар,” деб. Умуман, бизга керак эмас “заправка”. Фойдаси ҳам, зиёни ҳам керак эмас.

Аҳоли орасидан олиб чиқиб кетсин, далада қурсин майли. Иш қилмасин эмас, қилсин, тадбиркор бўлса ўзига. Фарғонадаги этажларигача неча километргача ёниб кул бўлди-ку”, – дейди Фарида Камолова.

“Заправка” атроф учун хавфсиз...

“Қурилиши бўйича давлат хизматлари орқали ариза келиб тушган. Пропан “заправка”сини ҳудудга ўрнатиш бўйича аҳолининг розилик хатлари илова қилинган.

Раҳмонберди Ҳасанов, Ўзбекистон тумани қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлими бошлиғи

Кейин Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ижобий хулосаси ҳам юкланган. Шунга асосан ижобий хулоса берилган. Хусусий ташкилот томонидан лойиҳалар ишлаб чиқилган. Архитектура шаҳарсозлик кенгашидан ҳам хулоса олинган. Ўша асосида қурилиш қилинган, қирқ метрдан олтмиш метргача деган жойи бор. Ўша талабга тушган, энди эса “заправка” атроф учун хавфсиз ҳисобланади”, – дейди Ўзбекистон тумани қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлими бошлиғи Раҳмонберди Ҳасанов.

“Бомба ёнида яшаётганимизни энди тушуниб етдик…”

“Россияда эканимда уйдагилар тушуниб-тушунмай уйимиз ёнига “заправка” қурилиши учун розилик хати берган экан. Аввал бу ерда фақат бензин сотилган. Ота-онам тушунишмаган пропан шу даражада хавфли эканини, агар портласа даҳшатли бўлишини билмаган. Яшаётган уйимиз “заправка”дан 50 метр ҳам чиқмайди.

Азаматхўжа Олимхўжаев

Ҳаммамиз кўрдик, нечта одам ўлиб кетди. Ўшанга қўрқиб, ўзимизнинг жонимизни сақлаш учун эҳтиёт чорасини кўряпмиз. Бомба ёнида яшаётганимизни энди тушуниб етдик. Бизга тинчлик керак, тинч яшашни хоҳлаймиз. Пропанни олиб ташласин, бошқа ҳудудга кўчирсин, аҳолининг ичида пропан керак эмас”, – дейди уйи шохобча яқинида бўлган Азаматхўжа Олимхўжаев.

Ҳолат бўйича изоҳ олиш учун санитария-эпидемиологик осойишталик маркази Ўзбекистон тумани бўлими бошлиғи Акмал Сулаймонов билан телефон орқали боғландик. Раҳбар “Bengaz Yaypan Fayz” МЧЖ фаолият бошлаш учун бўлимдан ҳеч қандай ижобий хулоса олмаганини айтди.

Фарғона вилояти ФВБ шаҳарсозлик бўлими бошлиғи Соҳиб Солиев ҳамда вилоят Экология бошқармаси давлат экологик экспертиза маркази бўлими бошлиғи Муҳаммадмусо Бобохўжаев эса “заправка” фаолияти қайта кўриб чиқилишини маълум қилди.

Шунингдек, “Bengaz Yaypan Fayz” МЧЖ лойиҳасини тайёрлаган “Фергана эко-проект” МЧЖ лойиҳачиси Бобуржон Мамасолиев “заправка” лойиҳасини барча тегишли ташкилотларнинг ижобий хулосаси берилгандан кейингина амалга оширганини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, 17 декабр куни Фарғона шаҳри Аҳмад Яссавий кўчасида жойлашган кўп ёнилғили АЁҚШ ва АГҚШда портлаш содир бўлди. Суюлтирилган газ тўкиш вақтида технологик жараёнлар бузилиши ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилмагани оқибатида чақнаш рўй берган, шундан сўнг ёнғин чиққан.

Расмийларга кўра, портлаш қурбонлари 4 нафарни ташкил этган. Ҳолат юзасидан беш киши қамоққа олинган.

Орадан бир неча кун ўтиб, портлаш юз берган автомобилларга газ ва бензин қуйиш шохобчасини эгасининг хоҳишига кўра бузиш бошлангани маълум қилинди.

Сарвар Зиёев, Kun.uz
Монтаж устаси: Сардор Мамиров

Мавзуга оид