Жаҳон | 01:06 / 20.06.2025
5701
2 дақиқада ўқилади

Зеленский Украина қуруқлик қўшинларига янги қўмондон тайинлади

Геннадий Шаповалов янги лавозимда иш бошлайди. 

Фото: Украина президенти матбуот хизмати

Украина президенти Владимир Зеленский Геннадий Шаповаловни Украина қуруқликдаги қўшинлари қўмондони этиб тайинлади. Тегишли фармон президент сайтида эълон қилинди.

Шаповалов 2025 йил февралигача «Жануб» тезкор қўмондонлигини бошқарган. Шундан сўнг у Украинанинг Германиядаги НАТО ҳарбий ёрдам ва ўқув миссиясига (NSATU) вакили этиб тайинланди.

1 июн куни генерал-майор Михайло Драпатий Украина қуруқликдаги қўшинлари қўмондони лавозимидан истеъфога чиқиш ҳақида ариза топширганини маълум қилди. Бу Россиянинг Украина қуруқликдаги қўшинлари ўқув бўлинмаларидан бирига ракета зарбаси берганидан кўп ўтмай содир бўлди. Зарба оқибатида 12 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди, 60 нафардан ортиғи жароҳат олди. 

«Бу 239-ўқув полигонида аскарларимизнинг ҳалок бўлишига олиб келган фожиа учун шахсий жавобгарлик ҳиссимдан келиб чиққан онгли қадамдир», деди Драпатий.

3 июн куни Драпатий Украина Қуролли кучлари бирлашган кучлари қўмондони этиб тайинланди. Бу ҳарбий қўмондонлик органи бўлиб, Бош штабга бўйсунади ва йирик операциялар пайтида турли қўшинлар гуруҳлари ўртасида мувофиқлаштириш учун масъулдир.

Мавзуга оид