Ўзбекистон | 19:05 / 25.12.2024
7695
4 дақиқада ўқилади

Apple Pay ва Google Pay Ўзбекистонга киришни нега рад этаётгани маълум бўлди

Шахсга доир маълумотларни жисмонан Ўзбекистон ҳудудида сақлаш ҳақидаги баҳсли қонун сабаб Apple ва Google компаниялари ўзларининг тўлов тизимларини Ўзбекистон билан интеграциялашни рад этмоқда. Марказий банкнинг Kun.uz'га маълум қилишича, ҳозирда қонунчилик талаблари қайта кўриб чиқиляпти.

Фото: Getty Images

Жорий йил 18 сентябрда туризмни ривожлантириш бўйича ҳукумат қарори қабул қилинган эди. Унда сайёҳлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва бизнес жараёнларини рақамлаштириш мақсадида вазирлик ва идораларга бир қанча топшириқлар берилган.

Хусусан, қарорнинг 8-бандида 2024 йил якунига қадар халқаро онлайн тўлов компаниялари (PayPal, AliPay, UniPay, Apple Pay, Google Pay каби) билан музокара ўтказилиб, ушбу воситалар Ўзбекистондаги тўлов тизимлари ва банк хизматларига уланиши, зарур ҳолларда, миллий қонунчилик талабларини қайта кўриб чиқиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиши белгиланган. Ушбу топшириқ ижрочилари сифатида Марказий банк, шунингдек Рақамлаштириш вазирлиги ва Туризм қўмитаси кўрсатилган.

Kun.uz мухбири Марказий банк билан боғланиб, қарор ижроси юзасидан қилинган ишлар ҳақида сўради.

Маълум қилинишича, 2024 йил давомида Марказий банк томонидан маҳаллий банклар томонидан эмиссия қилинган Visa ва Mastercard халқаро карталарини «Apple Pay» ва «Google Pay» тизимига улаш бўйича бир неча бор музокара олиб борилган.

«Ушбу музокараларда Apple ва Google компаниялари томонидан Ўзбекистон ҳудудида эмиссия қилинган банк карталарини Apple Pay ва Google Pay тизимига улаш учун бугунги кунда амалдаги қонунчилик ҳужжатлари, хусусан Ўзбекистоннинг «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонунининг айрим талабларини қайта кўриб чиқиш зарурлиги билдирилган.

Шунингдек, Google компанияси томонидан тақдим этилган тақдимотда шахсга доир маълумотлар Google компаниясининг ахборот тизимида сақланиши таъкидлаб ўтилган бўлиб, Google Pay технологияларининг мамлакатимиз тўлов хизматлари бозорига кириб келиши оқибатида пайдо бўлиши мумкин бўлган рискларнинг олдини олиш мақсадида шахсга доир маълумотлар соҳасини тартибга солувчи масъул давлат органларининг тегишли хулосалари олиниши тақозо этилади», – дейилади Марказий банк тақдим қилган изоҳда.

Таъкидланишича, ҳозирда «қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларни қайта кўриб чиқиш ҳамда Apple Pay ва Google Pay хизматларини мамлакатимизда жорий этиш бўйича Рақамли технологиялар вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ва Марказий банк томонидан ишлар олиб борилмоқда».

Регулятор, шунингдек, 2019 йилдан бошлаб Apple Pay ва Google Pay тизимларида ишлайдиган мамлакатларнинг чет эллик сайёҳлари учун Ўзбекистон ҳудудида Humo тўлов тизимининг терминаллари орқали тўловларни амалга ошириш имконияти яратилганини эслатган.

27-1-модда ҳақида

Халқаро тўлов тизимларини Ўзбекистонга олиб киришга тўсиқ бўлаётгани ойдинлашган норма – «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонуннинг 2021 йилда қабул қилинган 27-1-моддаси.

Бу моддада, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ишлов бериш учун уларнинг жисман Ўзбекистон ҳудудида жойлашган техник воситалар ҳамда давлат реестрида рўйхатдан ўтказилган базаларида йиғилиши ёки сақланиши белгилаб қўйилган.

Бу ўзгаришлар сабаб бўлган қонун талабини йирик IT компаниялар мутахассислари ва жамоатчилик танқидий қарши олган. Бу талаб ортидан 2021 йил 3 ноябрда Ўзбекистонда бир неча соат давомида деярли барча асосий ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар блокланган эди. Бу тадбиркорлар ва бизнес учун миллионлаб доллар зарар келтирган.

Ушбу воқеа ортидан бир нечта амалдорлар ишдан олинди. Кейинчалик, қонуннинг мазкур талаби TikTok'дан бошқа бирорта субъектга нисбатан “ишлатилмай қўйилди”.

Бир неча кун олдин, 2024 йил 20 декабр куни президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида бу масала кўтарилди. TBC Group вакили соҳада юзага келаётган муаммолар туфайли шахсга доир ҳамда банк маълумотларини Cloud'да сақлашга рухсат бериш учун қонунчиликка ўзгартириш киритиш таклифини илгари сурди. Давлат раҳбари масала ўта жиддийлигини қайд этиб, ҳар томонлама пухта ўйланган ечим зарурлигини таъкидлади.

Мавзуга оид