Дарахтлар жазирамада шаҳар ҳавосини совитолмаслиги мумкин — тадқиқот
Ўтказилган янги тадқиқот яшил ўсимликларнинг ҳавони салқинлатиш қуввати жазирама иссиқда камайишини кўрсатди. “Бу билан дарахт экиш ташаббуслари иссиқликни камайтиришда муҳим рол ўйнамайди, дейиш хато, лекин кенг кўламли дарахт экиш сиёсатини диққат билан кўриб чиқиш талаб этилади”, дейди тадқиқотчилардан бири.
Дунёнинг кўплаб шаҳарлари иқлим таъсири остида ўз ҳудудларининг ҳаддан ташқари қизиб кетишига йўл қўймаслик учун кўпроқ дарахт экиш ташаббуси билан чиқмоқда. Бироқ бу ҳаракатлар муаммони ҳал қилишда кўпчилик ўйлагандек самарали бўлмаслиги мумкин.
UNSW Sidney тадқиқотчилари Кай Гао, доктор Жей Фенг ва илмий профессор Маттеос Сантамурис олиб борган тадқиқот шуни кўрсатдики, дарахтларнинг иссиқликни юмшатиш борасидаги фойдаси жазирамада сезиларли даражада сусаяди. Тадқиқот натижаларига кўра, анъанавий иқлим моделлари жазирамада дарахтларнинг совитиш қобилиятини 60 фоизга ошириб баҳолаган.
“Яшил инфратузилмани қўшиш, айниқса дарахтлар экиш, шаҳар ҳудудида иссиқликни камайтириш учун кенг тарқалган чора. Аммо тадқиқотимиз иссиқлик тўлқини пайтида шаҳардаги ҳароратни юмшатиш учун дарахтларда айрим лимитлар мавжудлигини кўрсатди. Бу билан дарахт экиш ташаббуслари иссиқликни камайтиришда муҳим рол ўйнамайди, дейиш хато, лекин кенг кўламли дарахт экиш сиёсатини диққат билан кўриб чиқиш талаб этилади”, — дейди тадқиқот ҳаммуаллифи профессор Сантамурис.

Фото: Adobe Stock
Жазирамада совитиш учун зарур транспирация ҳодисаси секинлашади
Одатда, оддий ёз шароитида яшил инфратузилманинг ҳароратини пасайтиришга қўшадиган ҳиссаси кун давомида 1-2°C ни ташкил қилади. Бу жараённинг асосий қисми транспирация ҳодисаси туфайли юз беради. Транспирация вақтида дарахтлар барги орқали сув буғини чиқаради, иссиқликни ютади ва атрофидаги ҳавони салқинлатади.
Бироқ дарахтлар намликни сақлаб қолиш ва танасидаги озуқавий елимни ушлаб туриш орқали сувсизланишнинг олдини олиш учун иссиқлик босими остида эҳтиёт чораларини кўради. Бу эса транспирация тезлигини ва натижада дарахтларнинг совитиш қобилиятини пасайтиради – айнан мана шу ҳодиса ҳозирги иқлим прогнозларида эътибордан четда қолган.
Тадқиқот учун мутахассислар иссиқлик тўлқини пайтида 700 дан ортиқ дарахт турларининг транспирациясидаги ўзгаришларни моделлаштириш учун глобал дарахт елими оқимини қайд этувчи маълумотлар базасидан фойдаланган. Ҳодисани тасдиқлаш мақсадида улар Сиднейдаги эвкалипт дарахтлар транспирациясидаги ўзгаришларини ўлчаш учун дала тажрибасини ҳам ўтказди.
Тадқиқотчилар намунадаги дарахтларнинг учдан икки қисмида ҳаддан ташқари иссиқ шароитда салқинликни таъминлаш қобилияти 60 фоиз ошириб кўрсатилганини аниқлади.
“Дарахтлар 34°C атрофидаги лимитга эришгандан сўнг, танасидаги елим айланишини камайтириш орқали ўзини ҳимоя қилишга уринади. Бу эса уларнинг транспирация тезлигини пасайтиради, натижада атроф-муҳитни совитиш қобилияти сезиларли даражада камайиб, айрим ҳолларда ҳатто иссиқлик чиқаришга олиб келиши мумкин”, — дейди профессор Сантамурис.
“Дарахт экиш ташаббуслари иссиқликни камайтиришда муҳим рол ўйнамайди, дейиш хато, лекин кенг кўламли дарахт экиш сиёсатини диққат билан кўриб чиқиш талаб этилади”
Профессор Сантамуриснинг айтишича, қарор қабул қилувчилар лойиҳаларда ишлатиладиган дарахтларни танлашда уларнинг турлари ва ҳарорат лимитларига кўпроқ аҳамият бериши керак. Ҳаддан ташқари иссиқда дарахтлар ўзидан изопрен каби юқори концентрацияли Биоген учувчи органик бирикмаларни (BVOC) ҳам чиқариши мумкин, улар атмосферани ифлослантирувчи бошқа моддалар билан ўзаро реакцияга киришганда ҳаво сифатига зарар етказиши мумкин.
“Тўғри дарахт танланмаган ҳолатда, нафақат ҳаво ҳароратини минимал даражада юмшатиб бўлмайди, балки соғлиқ учун салбий оқибатлар, жумладан, ифлосланишнинг ошиши хавфи ҳам мавжуд”, — дейди профессор Сантамурис. “Бу эса иссиқликни юмшатиш стратегиясини такомиллаштириш зарурлигини кўрсатади”.
Етарлича суғоришга бўлган эҳтиёж
Шаҳарлардаги иссиқликни юмшатишда дарахтлардан фойдаланиш учун сув ҳам жуда муҳим. Профессор Сантамуриснинг айтишича, дарахтларни суғормаслик жазирамада уларнинг имкониятларини чеклайди.
“Дарахтларни суғориш жиддий масала, чунки шаҳарлар дарахтлардаги юқори совитиш потенциалини сақлаб қолиши учун зарур бўлган катта миқдордаги чучук сувни ажратиб беролмайди”, — дейди профессор Сантамурис. “Демак, сувни бошқариш режалари ҳар қандай дарахт экиш стратегияси учун асосий масала бўлиши керак.”
Сиднейнинг шаҳар ва шаҳар атрофидаги ҳудудлари доимий яшил кенг баргли ўрмонлар, айниқса эвкалипт дарахтлари билан машҳур, яқиндагина шаҳар маъмурияти иқлим ҳарорати кўтарилишига қарши курашиш учун яна миллионлаб дарахт экиш масаласини муҳокама қилди.
“Сиднейда ушбу дарахтлар керакли совитиш кўрсаткичларини намоён қилиши учун сувдан фойдаланишни тахминан 20 фоизга оширишимиз керак”, — дейди профессор Сантамурис. “Агар тўлиқ миқёсли фойдасига эришмоқчи бўлсак, оқова сув ёки канализация суви каби турли сувлардан фойдаланиш йўлларини кўриб чиқишимиз керак, акс ҳолда улар океанга оқизилади”.
Ўсимлик физиологлари юқори ҳарорат лимитларига эга генетик жиҳатдан ўзгартирилган дарахтларни яратиш устида ишлаётган бўлса-да, улар табиий дарахтларга ўринбосар бўла олиши учун камида ўн йил кераклиги айтилмоқда.
“Генетик модификация қилинган бундай дарахтлар 34 эмас, 45 даражагача лимитга эга бўлиши мумкин, бу уларни ҳаддан ташқари иссиқликка дош беришга янада мослаштиради”, — дейди профессор Сантамурис. “Бироқ бу ҳаракатларнинг аксарияти ҳали дастлабки босқичда ва тахминан 10 йилсиз уларни кенг қўллашга эришилмайди.”
Профессор Сантамуриснинг таъкидлашича, шаҳарларда иссиқликни юмшатиш бўйича ҳаракатлар, айниқса глобал ҳарорат ўсишда давом этаётган бир пайтда, энг сўнгги илмий далилларга асосланган бўлиши жуда муҳим. Аср охирига келиб, шаҳар ҳудудларида ўртача иссиқлик тўлқинлари 6°C гача ошиши прогноз қилинмоқда.
“Ушбу тадқиқот шаҳардаги иссиқлик муаммосини шунчаки дарахт экиш орқали ҳал қилиш мумкин деб ҳисоблайдиганларни огоҳлантириши керак. Бу унчалик оддий эмас.
Шаҳарларда дарахт экишга асосланган ҳар қандай совитиш сиёсати илм-фан билан ҳисоблашиши керак, акс ҳолда катта сармоя керакли натижалар бермаслиги ва энг ёмони соғлиққа салбий таъсир кўрсатиши мумкин”, — дейди профессор Сантамурис.
Мавзуга оид

17:23 / 14.05.2025
Жазирамада организмни қандай ҳимоялаш лозим? – ССВ тавсиялари

13:18 / 12.05.2025
Ўзбекистонда тадқиқотлар учун ялпи харажатлар 4,5 трлн сўмни ташкил этди

18:43 / 08.05.2025
Олимлар Ерда кислород қачон йўқ бўлиб кетишини аниқлади

21:26 / 08.04.2025