«Реал» қийналди, «Жирона» яна ирода кўрсатди. Кун ўйинлари якунлари
Браим Диас икки метрдан туриб бўш дарвозани ишғол этолмади, Моратанинг уч голи ёрдам бермади.
Испания чемпионатида биринчи давранинг сўнгги тур ўйинлари ўтказилмоқда. Мадрид ва Каталония клублари ўртасида қувлашмачоқ давом этади.
Характер ва стандартлар
«Реал» – «Маллорка» 1:0 (0:0, 1:0)
Гол: 1:0 – 78 Рюдигер.
«Реал» – Лунин, Карвахал, Рюдигер, Тчуамени, Фран Гарсия, Модрич (Себалос, 86), Кроос (Хоселу, 67), Валверде, Беллингҳэм, Винисиус Жуниор (Браим Диас, 60), Родриго (Васкес, 86).
«Маллорка» – Райкович, Маффео, Настасич, Раило, Гонсалес, ван дер Ҳейден (Тони Лато, 46), Санчес (Ндиайе, 83), Дани Родригес (Дардер, 73), Морланес (Маскарел, 73), Саму Кошта, Ларин (Пратс, 73).
Огоҳлантиришлар: ван дер Ҳейден (1), Родриго (35), Лунин (45), Настасич (61), Маффео (70).
Англияда «Ливерпул» «Арсенал»ни ортда қолдириб кетди, аммо мавсумнинг иккинчи қисмида янада кучаядиган «Манчестер Сити»нинг нафасини ҳис қилмоқда. Италияда «Ювентус» «Интер»ни олдинга қўйиб юбормаяпти. Францияда «Ницца» ва «Монако» курашиб кўрди, аммо «ПСЖ» барибир яна чемпион бўладиган. Бир сўз билан айтганда, барча чемпионатларда одатий ҳолат кузатилмоқда ва ҳатто Германияда ҳам — «Байер»га ҳурмат сақлаган ҳолда айтиш мумкинки — «Бавария»нинг ортдан қувувчи роли ҳеч кимни ажаблантирмаяпти.
Бундай ҳолатлар мюнхенликларнинг шонли даврларида ҳам кузатилган, Томас Тухел жамоаси ўтган мавсумда ҳам узоқ вақт давомида турнир пешқадами бўлиб турган «Боруссия»ни сўнгги турларда қувиб ўтганди. Бу мавсумдаги «Бавария» билан ҳам курашиш мумкин ва керак, шундай экан, топ-5 лигалардаги олтин учун энг қизиқарли пойга Испанияда кузатилмоқда. Ла лигада икки жамоа чемпионлик учун курашиши одатий ҳолат, аммо гап бу курашда кимлар эканида.
Аниқроқ айтганда — ким «Реал»ни хотиржам бўлишга қўймаётганида. Бу рақиб беқарор ўйнай олмаётган ва сафар ўйинларида қоқилаётган «Атлетико» эмас, Диего Симеоне жамоаси қаторасига уч сафар ўйинида ютқазди. Ва жароҳатлардан азият чекаётган ва Хавига ишонишда давом этаётган «Барселона» ҳам эмас, балки ҳозирдан мавсумнинг энг катта сенсация жамоасига айланган ва клуб рекордларини янгилаб, ҳамон юқори суръатда ўйнашда давом этаётган «Жирона»дир.
Янги йилдаги илк ўйин олдидан жароҳатланганлар қайтгани Карло Анчелоттини хурсанд қилди. Карвахал бир ойлик танаффусдан кейин майдонга қайтди, Винисиус Жуниор эса ундан ҳам кўпроқ вақт мобайнида жамоага ёрдам бера олмаганди. Уларнинг иккиси ҳам «Маллорка»га қарши ўйинда бошланғич таркибдан ўрин олди, ҳолбуки «Реал» бош мураббийи бразилиялик футболчининг тайёрлигига шубҳа билан қараётганди. Карвахал учун ўйин нохуш эпизод билан бошланди. Ҳакам ҳуштагини чалиши билан испаниялик ўнг қанот ҳимоячисининг юзига ван дер Ҳейден тирсак билан зарба бериб юборди. Белгиялик футболчи катта эҳтимол билан ла лигадаги энг тезкор сариқ карточкани ишлади – ўйин стартидан бир неча сония ўтганида.
«Реал» ўйиннинг 70 фоиз вақтида тўпга эгалик қилди, «Маллорка» эса 5-4-1 схемаси бўйича ўрта ёки қуйи блокда ҳимояланди. Футболчилар зич, уюшган ҳолда жойлашиб, қаттиқ кураш таклиф этишди. Қаймоқранглилар олдинда бўш зоналар топишда қийналди. «Реал» фақат 13-дақиқага келибгина рақиб жарима майдони ичида тўп билан муомила қилишга эришди ва биринчи зарба берилди – буни Беллингҳэм уддалади. Аммо Модричнинг узатмасидан кейин Жуднинг бош билан берган зарбаси хато кетди. Илк хавфли ҳужум эса бўлим ўрталарида амалга оширилди, бу сафар ҳам Модрич ассистентлик ролини аъло даражада бажарди, Винисиуснинг 10 метр масофадан йўллаган зарбаси устун ёнидан ўтиб кетди. Қолган вазиятларда ҳали яхши формасига қайта олмаган Винисиус етарлича кескин ҳаракат қилмади ва асосан ҳакам билан тортишувлари орқали ёдда қолди.
«Маллорка» эса марказий ҳимоячилар ортига тўп ташлаб бериш орқали вазиятлар яратди. Бўлим охирида эса меҳмонлар ҳисобни очишга жуда яқин келишди, Морланес ҳавода тўп учун курашда Фран Гарсиядан устун келди, аммо унинг зарбаси аввалига тўсинга тегди, ерга чўпчиб яна дарвоза тўрига йўл олган тўпни Лунин ушлаб олди.
Шундай тасаввур уйғондики, қисқа янги йил таътили «Реал»нинг фойдасига бўлмаган. Майдонда ишлар шу кунларда шартномасини янгилаган Анчелоттини қониқтирмаётгани кўриниб турарди. Мадридликлар тезлиги пасайган ва йўқотилган тўпни қайтариб олишга ҳам иштиёқ сезилмасди. Танаффусга қадар «Реал» xG бўйича атиги 0,46 гол кўрсаткичини қайд этишди. Иккинчи бўлим дебютида эса мезбонлар янада суст ҳаракат қилишди. Эпизодлардан бирида мадридликларнинг омади келди – шу куни мажбуран марказий ҳимоячига айлантирилган Тчуаменидан ўтган Кошта кучли зарба йўллади, аммо тўп устунга тегди. Шундан кейин Анчелотти Винисиусни майдондан олишга қарор қилди.
«Реал» мруаббийи Диас ва Хоселу ҳисобига ҳужум чизиғини кучайтиришга ҳаракат қилди. Иккинчи бўлим ўрталарида улар ўйиндаги энг ёдда қоларли вазиятда иштирок этишди. Родриго Диас ва Хоселу бошлаган комбинацияни якунлади, аммо дарвозабон Райкович зарбани қайтарди, қайтган тўпга эса биринчи бўлиб Браим етиб келди. Ёш яримҳимоячи икки метр масофадан туриб бош билан бўш дарвозани ишғол эта олмади, ҳолбуки бу вазиятда гол уришдан кўра ура олмаслик қийин эди. Диаснинг зарбаси ҳам устунга тегди.
Лекин «Маллорка»нинг толиққан футболчилари жарима майдони ичига қамалиб олишди ва «Реал» рақибни таслим этди. Иккинчи бўлимнинг бу даврида «Реал»да xG бўйича кўрсаткич янада камтарона 0,11 кўринишида эди. Ўйиндан гол урилмагач – стандарт вазият ёрдамга келди. Модрич бурчакдан яна бир бор зарбадан олдинги пасни узатди, шу куни мезбонлар сафида ягона номинал марказий ҳимоячи бўлган Рюдигер ҳаводаги курашда устун келиб, мавсумдаги илк голини нишонлади.
«Маллорка» ҳам бирор марта дарвоза соҳасига аниқ борган зарба йўллай олмади, аммо қанчалик ғалати кўринмасин, мадридликлар омад туфайли ғалабага эришди ва биринчи даврани биринчи поғонада якунлайдиган бўлди.
Тур ўйинида кўча футболи
«Жирона» – «Атлетико» 4:3 (3:2, 1:1)
Голлар: 1:0 – 2 Фернандес, 1:1 – 14 Мората, 2:1 – 26 Савио, 3:1 – 39 Блинд, 3:2 – 44 Мората, 3:3 – 54 Мората, 4:3 – 90 Мартин.
«Жирона» – Гассанига, Ян Коуто, Блинд, Эрик Гарсия, Мигел Гутеррес, Фернандес (Солис, 59), Алеиш Гарсия, Мартин, Торре (Мартинес, 67), Савио (Порту, 89), Довбик (Стуани, 67).
«Атлетико» – Облак, Хименес, Эрмосо, Витцел, Рикелме (Корреа, 77), Коке, Де Паул (Депай, 86), Лиоренте, Гризманн (Саул, 89), Мората (Аспиликуэта, 89), Лино (Молина, 46).
Огоҳлантиришлар: Эрмосо (90).
«Жирона» эса ортда қолмоқчи ва ҳеч кимдан чўчимоқчи эмас. «Барселона» билан сафар дербиси (4:2) жамоанинг бу мавсумдаги ниятларини кўрсатиб берганди, «Атлетико» билан ўйин эса бу жамоа ҳақидаги тасаввурларни янада мустаҳкамлади. Диего Симеоне жамоасига қарши ўйинда илк ҳужумидаёқ голли вазият яратилди, аммо Добвик қулай имкониятдан фойдалана олмади, иккинчи ҳужумда эса — Валери Фернандес ҳисобни очди. «Барса» билан ўйинда ғалаба голи муаллифи бўлган футболчи Витселни осонлик билан доғда қолдириб, дарвозанинг узоқ бурчагини аниқ нишонга олди.
Мадридликлар 12 дақиқа ўтиб ҳисобни тенглаштиришди, лекин бу вазиятда аввалига қанот ҳаками байроқчасини кўтарди ва гол бекор қилинди, видеотакрор эса Гризманн пас берган вақтда испаниялик футболчи тўғри ҳолатда бўлганини кўрсатди.
«Жирона» ўтказиб юборилган голга эътибор қилмай, яна икки бор рақибни ранжитди. Аввалига Коке уялтирди. «Атлетико»нинг тажрибали футболчиси ўз жамоаси жарима майдони олдида тўпни олдириб қўйди, Иван Мартиннинг зарбасини Облак қайтарганди, аммо тўпга биринчи бўлиб етиб келган Савио тўпни дарвозага жойлади.
Кейин эса мезбонлар стандарт вазиятни ажойиб ижро этишди. Тўп бурчакдан ўйинга киритилганидан кейин Довбик тўпни бир тегиниш билан олис устун томон йўллади, у ерда очилган Дейли Блинд эса яқин масофадан туриб ҳисобдаги фарқни янада оширди. Бу вақтда «Атлетико» ҳимоячилари томошабинга айланишди.
Симеоне жамоасига ҳукм ўқилгандек эди. Аммо «Атлетико» танаффусга қадар вазиятни ўзгартира олди. Ва яна Мората ёрдамга келди. Де Паулнинг майдон маркази бўйлаб юришидан кейин тўпни қабул қилиб олган ҳужумчи бир ҳаракат билан ҳимоячини йўлдан олди ва тўпни узоқ бурчак сари аниқ йўллади. Кўп ўтмай Алваро яна бир бор дарвозани ишғол этганди, аммо бу сафар ҳакамлар видеотакрордан кейин голни бекор қилишди.
Меҳмонлар танаффусдан қайтибоқ ҳужумга ташланишди. Улар тўпни тўлиқ назорат қилишди ва бирин-кетин вазиятлар яратишди ҳамда рақибни ўз томонига деярли ўтказишмади. Бундай босим учинчи голга олиб бориши табиий эди. Ва яна Родриго Де Паул биринчи бўлимдаги ҳаракатларини такрорлади, яна Алваронинг техник жиҳатдан мукаммал зарбасидан кейин ҳисоб тенглашди.
Мората бу мавсумда ла лига доирасида урган голлари сонини 12 тага етказиб олди, ундан яхшироқ кўрсаткич фақат «Реал» яримҳимоячиси Жуд Беллингҳэмда (13 гол). 60-дақиқалардан бошлаб ташаббус яна «Жирона»га ўтди. Агар Облак бўлмаганида, Довбикнинг мураккаб зарбасидан кейин меҳмонлар яна ҳисобда қувишга мажбур бўларди. Шу билан бирга, «Атлетико»нинг ўзида ҳам тўртинчи голни уриш учун вазиятлар юзага келди.
Ўйин тақдири эса қўшимча дақиқаларда ҳал бўлди. Иван Мартин ҳайратланарли зарба йўллади — у мураккаб ҳолатда тўпни бутсасининг ташқи қисми билан тепиб узоқ тўққизликка жойлаштирди. Эътиборли жиҳати, Мартиннинг қаршисида «Атлетико»нинг уч футболчиси турганди, аммо унга ғалаба голини уришга ҳеч ким тўсқинлик қила олмади. «Жирона» бу ғалаба эвазига очколар бўйича «Реал»га етиб олди — энди жамоалар турнир жадвалида биринчи ўринни бўлишиб турибди. Яна сафарда ютқазган (барча турнирлар доирасида қаторасига бешинчи мағлубият) «Атлетико» эса пешқадамлардан 10 очко ортда қолмоқда.
11 феврал – «Реал» ва «Жирона»нинг «Бернабеу»даги ўзаро учрашувида кўп нарса ҳал бўлади.
Тавсия этамиз
Ўқитувчиларни овоз йиғишга мажбурлаган мактаб директори ишдан олинди
Ўзбекистон | 11:20 / 14.03.2025
Путин АҚШ ва Украинанинг 30 кунлик оташкесим таклифига рози бўлди
Жаҳон | 23:00 / 13.03.2025
“Хитой билан орамиз бузилишини истовчи давлатлар бор” – тармоқдаги долзарб мавзу ҳақида суҳбат
Ўзбекистон | 15:17 / 13.03.2025
«Credit House» иши: Минглаб одамлар уйсиз ва пулсиз қоляпти
Ўзбекистон | 12:30 / 13.03.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Украина Қуролли кучлари Курск областидаги асосий вазифасини бажариб бўлди — Зеленский
Жаҳон | 00:22
-
Қашқадарёда босқинчилик билан шуғулланиб келган жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинди
Жамият | 23:40 / 14.03.2025
-
Канаданинг янги бош вазири қасамёд келтирди
Жаҳон | 23:29 / 14.03.2025
-
Озода Нурсаидова клипи жараёнида авария бўлган актриса Туркияда операция қилинади — воқеа тафсилотлари
Жамият | 23:03 / 14.03.2025
Мавзуга оид

13:53 / 10.03.2025
«Реал» «Барса»га етиб олди, «Рома»да ғалабали серия. Кун ўйинлари

12:16 / 05.03.2025
Мадрид дербисида шедевр голлар, «Арсенал»да рекорд ҳисоб. ЕЧЛда кун ўйинлари

12:30 / 02.03.2025
«Реал»да сенсацион мағлубият, «Сити» кубок ютмоқчи. Кун ўйинлари

12:56 / 24.02.2025