Жаҳон | 12:30 / 11.12.2023
8912
5 дақиқада ўқилади

Тинчлик бўйича Нобел мукофоти Наргис Муҳаммадийнинг фарзандларига топширилди

Ослода бўлиб ўтган тинчлик бўйича Нобел мукофотини топшириш маросимида аёллар ҳуқуқлари учун курашган ва мамлакат ҳукумати томонидан қамоққа ташланган эронлик ҳуқуқ фаоли Наргис Муҳаммадийнинг фарзандлари иштирок этди.

Фото: REUTERS

10 декабр, якшанба куни Ослода 2023 йил учун тинчлик бўйича Нобел мукофотини топшириш маросими бўлиб ўтди, унинг лауреати эронлик ҳуқуқ ҳимоячиси, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилган ва мамлакат ҳукумати томонидан қамоққа олинган Наргис Муҳаммадий бўлди. Маросимда Муҳаммадийнинг фарзандлари Али ва Киана Раҳмонийлар иштирок этишди. Улар онасининг дипломи ва медалини олдилар, шунингдек, Муҳаммадийнинг Нобел маърузасини ўқиб бердилар.

Ослодаги Нобел қўмитаси октябр ойи бошида Муҳаммадийга тинчлик мукофоти берилишини эълон қилди. У «Эронда аёлларга нисбатан зулмга қарши кураш ва инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини тарғиб қилиш» учун мукофотланган.

Муҳаммадий Эрондаги Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари маркази вице-президенти. Охирги 20 йил ичида Эрон расмийлари уни режимга қарши гапиргани, шунингдек, журналистик ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги фаолияти учун бир неча бор қамоққа ташлаган. Жаҳон етакчилари ва халқаро ташкилотлар Муҳаммадийни қўллаб-қувватлади.

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок эронлик ҳуқуқ ҳимоячисига мукофот берилишини олқишлади. Унинг сўзларига кўра, бу мукофот «эркинлик учун курашда аёлларнинг кучини» намойиш этади. «Муҳаммадийнинг қўрқмас овозини эркинликдан маҳрум қилиб бўлмайди, Эрон келажаги - унинг аёллари», деб ёзади Бербок.

Эронда Муҳаммадий жами 31 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган

2021 йилда Эрон ҳукумати Муҳаммадийни «давлатга қарши ташвиқот» учун 2,5 йил қамоқ ва 80 дарра уришга ҳукм қилди. Amnesty International уни виждон маҳкуми деб атайди. Умуман олганда, ҳуқуқ фаоли Эронда 13 марта ҳибсга олинган, жами 31 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган ва ҳозир ҳам қамоқда.

«У аёллар ҳуқуқлари учун тизимли камситиш ва зулмга қарши курашади. У аёлларнинг тўлақонли ва муносиб ҳаёт кечириш ҳуқуқи учун курашини қўллаб-қувватлайди. Бутун Эрон бўйлаб бу кураш таъқиблар, қамоқхоналар, қийноқлар ва ҳатто ўлим билан бирга кечди. Намойишчилар томонидан билдирилган эркинлик талаблари нафақат аёллар, балки бутун аҳолига тегишли», дейилади Нобел қўмитаси баёнотида.

2023 йил учун номзодлар

Нобел қўмитасининг маълум қилишича, 2023 йилда тинчлик бўйича Нобел мукофоти учун 351 номзод даъвогарлик қилди. Мукофотнинг бутун тарихида кўпроқ номзодлар фақат 2016 йилда кўрсатилган - 376. Мукофотга номзодларнинг исмлари мукофот топширилгандан кейин 50 йил давомида сир сақланади, лекин баъзида маълум бўлиб қолади.

Шу тариқа, 2023 йилда номзодлар орасида Украина президенти Володимир Зеленский, россиялик мухолифатчилар Алексей Навалний, Владимир Кара-Мурза, Павел Чупрунов бор эди.

Бундан ташқари, Халқаро тинчлик бюроси (IPB) дезертирлар ва ҳарбий хизматдан бош тортганларга ёрдам беришга бағишланган учта ташкилотни Нобел тинчлик мукофотига номзод қилиб кўрсатгани маълум. Булар - Россиянинг «Ҳарбий хизматни виждонан рад этувчилар ҳаракати», Беларуснинг «Бизнинг уй» ташкилоти ва Украина пацифистик ҳаракати.

2022 ва 2021 йиллардаги тинчлик бўйича Нобел мукофоти лауреатлари

2022 йилда Нобел мукофоти Россия, Беларус ва Украина ҳуқуқ ҳимоячиларига берилди: Россиянинг «Мемориал» инсон ҳуқуқлари жамияти, Украина фуқаролик эркинликлари маркази ва Беларуснинг «Весна» инсон ҳуқуқлари маркази асосчиси Алес Беляцкийга.

2021 йилда тинчлик бўйича Нобел мукофоти лауреатларидан бири «Новая газета» бош муҳаррири Дмитрий Муратов эди. У билан бирга мукофот филиппинлик журналист Мария Рессага топширилди. Муратов ва Ресса «демократия ва матбуот эркинлиги тобора ноқулай шароитларга дуч келаётган дунёда» ушбу идеал учун курашаётган барча журналистлар вакили, дея таъкидлаганди қўмита. Муратов тинчлик учун Нобел мукофотига сазовор бўлган учинчи россиялик бўлди. Бундан олдин у физик ва ҳуқуқ ҳимоячиси Андрей Сахаровга ва СССРнинг ягона президенти Михаил Горбачёвга берилган эди.

Тинчлик бўйича Нобел мукофоти

Тинчлик мукофоти, Алфред Нобел васиятига кўра, «халқларни бирлаштириш ва фаол армиялар сонини камайтириш, шунингдек, тинчлик конгрессларини ўтказиш ва уларга эътиборни жалб қилишда энг катта муваффақиятга эришган ёки бошқалардан кўпроқ иш қилган шахсга берилади».

Тинчлик учун Нобел мукофоти биринчи марта 1901 йилда берилган. Унинг лауреатлари Халқаро Қизил Хоч қўмитаси асосчиси, швейцариялик тадбиркор ва жамоат арбоби Анри Дюнан ҳамда «Тинчлик ва эркинлик лигаси» пацифистик ташкилоти асосчиси, француз сиёсатчиси Фредерик Пасси бўлган.

Мавзуга оид