Ўзбекистон | 16:55 / 11.12.2023
9745
3 дақиқада ўқилади

Пенсия миқдорини ҳисоблашда устама ва мукофот пуллари ҳам инобатга олинадими?

Иш ҳақига қўшимча равишда тўланган устама ва мукофот пуллари пенсия ҳисоблашда инобатга олинади. 

Фото: Kun.uz

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 13 октябрдаги 592-сон қарори билан тасдиқланган “Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги низомининг 82-бандига мувофиқ:

  • пенсия ҳисоблашда иш ҳақи таркибига, шунингдек, иш ҳақининг натурал қисмига 2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун қонунчиликка мувофиқ суғурта бадаллари;
  • 2019 йилдан кейинги давр учун Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 371-моддасида кўрсатилган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги барча даромадлар киритилади.

Яъни фуқароларнинг меҳнат фаолиятлари давомида олган иш ҳақларига қўшимча равишда тўланган устама ва мукофот пуллари пенсия ҳисоблашда инобатга олинади.

Маълумот учун, 2023 йил 1 январдан бошлаб пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдори, яъни юқори чегараси пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг ўн баробаридан ўн икки баробаригача оширилганди.

Аввалроқ, 1 декабрдан иш ҳақи, пенсиялар ва ижтимоий нафақалар миқдори 7 фоизга оширилиши хабар қилинганди. Хусусан, айни пайтда пенсия ва нафақаларнинг базавий миқдори қуйидагича:

  • пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори – 372 минг сўм;
  • ёшга доир энг кам пенсия миқдори – 725 минг сўм;
  • ногиронлик пенсиялари, жумладан иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори – 800 минг сўм;
  • меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақаси ва болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа – 800 минг сўм;
  • белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдори – 800 минг сўм;
  • зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги фуқароларга бериладиган нафақа – 608 минг сўм; 
  • иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда – 608 минг сўм;
  • ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига бериладиган нафақа миқдори – 608 минг сўм.

Мавзуга оид