Жамият | 17:29 / 06.09.2022
16657
10 дақиқада ўқилади

“Жиноят қидирув бўлими ходимларида ҳам бодикамера бўлиши керак” — адвокатлар

Адвокатлар Илёс Юсупов ва Зафар Усмонов Kun.uz'га берган интервьюсида қайсидир жиноятда гумонланиб қўлга олинган ёки ушлаб турилган шахсларнинг ҳуқуқ-манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ муаммолар ҳақида сўз юритишди.

Илёс Юсупов:

— Амалдаги қонунчилигимизда фуқаро қайсидир жиноятда гумонланиб, ушланадиган бўлса, унга қайси ҳуқуқлари тушунтирилиши керак?

— Авваламбор, фуқарога қайси жиноятда гумонланиб ушланаётганини маълум қилиш керак. Иккинчидан, унга ҳуқуқлари тушунтирилиши керак. Улар қуйидагилар: Сиз ўзингизга қарши кўрсатма бермаслик ҳуқуқига эгасиз. Сизнинг адвокатга ёки яқин қариндошга хабар бериш ва адвокат билан холи учрашмагунча кўрсатма бермаслик ҳуқуқингиз бор ва ҳоказо.

— Қонунчиликда белгилаб қўйилган бу қоидалар амалда ишлайдими? Гумонланувчи сифатида тергов органларига иши тушганлардан уларга бу ҳуқуқлар тушунтирилганини эшитмаганмиз. Аксар ҳолларда уларнинг уйидагиларига хабар берилмайди.

— Энди, ҳар бир адвокатнинг иши индивидуал хусусиятга эга. Сабаби ҳар бир ҳолатда шундай бўлган, ҳар бир ҳолатда бундай бўлмаган, деб айтолмаймиз. Бу тизимли эмас. Бу айрим пайтларда кузатиладиган ҳолат.

Баъзан бизга ҳам яқин қариндошлари келиб, акамни ёки укамни фалончи ички ишлар органларига олиб боришгани ҳақида қўнғироқ бўлди. Ўша ерга боришингизни сўраймиз, деб мурожаат қилишади. Бу бор нарса. Табиий ҳол. Лекин сиз айтган ҳолатлар ҳам учраб туради.

Илёс Юсупов, адвокат

Агар бу жараёнлар электронлаштирилса, инсон омили йўқоладиган бўлса, бу нарса ўз-ўзидан йўқолади. Ушлаган шахсни ҳар бир ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимларига ҳам шарт қўйиш керакми ёки бодикамера зарурми, яъниким ушланган чоғидан кейинги ҳолатнинг ҳаммаси бодикамерага тушиб борса, ўша ҳуқуқларини тушунтирган ёки тушунтирмаганини инкор қилишини исботлаши мумкин бўлади.

Лекин ҳозир ушланган шахс билан, ушлаган шахс ўртасида бўладиган мулоқотни исботлаб беролмаймиз. У ҳуқуқларини тушунтирдим дейди, бу эса у менга ҳуқуқимни тушунтирмади дейди. Бу иккисининг гапини бир нарса исботлаши мумкин бўлади, у ҳам бўлса видеоёзув.

Зафар Усмонов:

— Ростдан ҳам шунақа ҳолатлар бор. Ушлаган тараф фуқарога ҳуқуқларини мен тушунтирганман дейди, фуқаро эса тушунтирмаган деб айтади. Фуқароларни гумонланувчи сифатида ушлаб келиш ёки қўлга олиш кўпроқ ички ишлар ходимлари, хусусан, жиноят қидирув бўлими ходимлари томонидан амалга оширилади. Ҳамкасбим айтганидай, уларда на бодикамера, на видеоёзувлар бўлмайди. Шу сабаб улар зиммасидаги мажбуриятларга қанчалик риоя этганини билиш имконсиз.

Бизда ўз ҳуқуқларини тушунмайдиган одамлар ҳали ҳам бор. Ҳуқуқий маданиятни ривожлантиришга ҳаракат қилиняпти. Лекин ҳали бу ўта даражада ривожланиб кетгани йўқ. Мен шуни таклиф қилган бўлардимки, адвокатлар тўғрисида кўпроқ фильмлар суратга олинса ва ўша ерда ана шу жиҳатлар айтиб ўтилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Зафар Усмонов, адвокат

Чет эл киноларида эътибор бериб қарайман, ҳар битта киносида адвокат бор. Ҳар битта киносида полиция маҳкамаси бор. Ҳар битта киносида шуни кўриш мумкинки, полиция гумон қилинувчи шахсни ушлаган пайтда “Фалончи Писмадончи, уйга қўнғироқ қилиш, адвокат олиш ҳуқуқингиз бор. Берган кўрсатмангиз ўзингизга қарши ишлаши мумкин, огоҳлантираман” деб айтади. Бизнинг киноларимизда ҳам шу нарсалар кенг тарғиб қилинса, инсонларга тезроқ таъсир қилади.

— Демоқчисизки, конституциявий ислоҳотлар билан биргаликда одамларнинг ҳуқуқий маданиятини ҳам ошириб бориш керак.

— Шундай. Чунки сиз айтаётган ҳолатлар, яъни гумонланувчини ушлаш чоғида унга ҳуқуқлари тушунтирилиши амалдаги қонунларимизда ҳам бор. Бу норма бош қонунимизда аксини топса, у ҳар бир фуқаронинг конституциявий ҳуқуқига айланади. У қандай ишлаб кетишини келажакда кўрамиз.

— Бу норма Конституцияга киритилса, унинг ишлашига бир умид бор. Яъни яқинда ҳар бир фуқаро конституцион ҳуқуқи бузилганда Конституцион судга мурожаат қилиш имкониятига эга бўлди. Илгари бундай имконият мавжуд эмас эди. Ажабмаски, мана шу ҳуқуқ мамлакат бош қонунида акс этганидан сўнг ҳуқуқи бузилган фуқаролар Конституциявий суд орқали ҳаққини ҳимоя қила олишади. Шундай эмасми?

– Мен ҳам шуни айтмоқчи эдим. Жиноят процессуал ҳолатларда ва судда кўриб чиқиладиган ҳолатлар бўлади, лекин бизда шундай нарсалар борки, унга қўшимча чиқарилган қўшма қарорлар ҳам бор-да. Шунинг учун кўп ҳолатлар ана шундай юзага келади. Лекин бу норма Конституциямизга киритилса, жуда ҳам самаралироқ бўлади.

— Конституцияга киритилаётган ўзгаришлардан бири қийноқлар билан боғлиқ. Узоқ йиллар Ўзбекистоннинг бу борадаги репутацияси ҳавас қиларли бўлмаган. Бироқ охирги йилларда амалга оширилган ўзгаришлар натижасида фуқароларни қийноққа солиш билан боғлиқ ҳолатлар камайгани айтиляпти. Лекин жойларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари томонидан гумонланувчи ёки айбланувчиларни қийноққа солиш билан боғлиқ ҳолатлар учраб турибди. Узоққа бормайлик, Андижон ва Чироқчида ИИБ биносида қийноққа солингани оқибатида нобуд бўлган юртдошларимизнинг тақдири бунга яққол мисолдир.

Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмаслиги Конституция даражасида мустаҳкамланиши одамларга нима беради, сизнингча?

Илёс Юсупов:

— Бир нарсани ҳисобга олишимиз керакки, Конституцияга қийноққа қарши ўзгартиришлар киритилиши нафақат Ўзбекистонда, балки халқаро ҳамжамиятда, ҳаттоки, БМТ даражасидаги ҳолатки, яъни қийноққа қарши барча давлатлар курашиши кераклиги қатъий белгилаб қўйиляпти. Бизнинг амалдаги қонунчилигимизда ҳам қийноққа солинганлик ёки далилларни тўплашда қийноқ усулларидан фойдаланганлик ҳолати учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Лекин юқорида айтганимиздек, қийноққа солмаслик ва унга қарши курашиш лозимлиги тўғрисида тегишли ўзгаришлар киритилаётганини ҳисобга оладиган бўлсак, ўйлайманки, айрим нопок ходимларнинг ўз вазифасини қонунларга риоя қилган ҳолда ишлашига туртки бўлади деб ўйлайман.

— Фаолиятингизда сизга ҳуқуқ ва манфаатини ҳимоя қилишни сўраб мурожаат қилган фуқаролар орасида айнан қийноқ остида кўрсатма олиш ҳолатлари билан шикоят қилганлар учраганми?

Илёс Юсупов:

— Шахсан менинг адвокатлик фаолиятимда бундай сабаб билан шикоят қилган фуқаролар учрамаган.

Зафар Усмонов:

— Фаолиятимда бундай ҳолатлар учраган. Фақат шу кунларда эмас, 2013–2014 йилларда бўлган. Мана энди ўша ишлардан айримлари Олий суд томонидан оқланди ҳам.

Мен яна қонунда кўрсатилмаган, лекин тажрибамдан келиб чиқиб дуч келган бир ҳолатни айтиб ўтмоқчиман. Ҳозирда гумонланувчини 48 соатдан ортиқ тутиб туриш мумкин эмас дейиляпти. Битта савол туғилади шу ерда.

Мана шу 48 соат мобайнида унинг шахсий эҳтиёжлари, масалан овқатланиши, сув ва кийим-кечак бериш масаласи бизнинг қонунларимизда белгиланмаган. Агар терговчига илтимос қилсангиз, агар у инсофли бўлса, овқат ва бошқа эҳтиёжларини олиб келиб беришини айтади.

Агар терговчи унга бошқача назар билан қараб муносабатда бўлса, унда ўша гумонланувчига бирор нарса киритишни тақиқлаб қўяди. Ҳар бир ушланган шахс ё прокуратура, ёки ички ишлар органларининг биноларида сақланади. Ташқарига чиқарилмайди ва шахсий буюмлари олиб қўйилади.

Мисол учун, гумонланувчи кечки 20:00да ушланди. Ўша пайтда терговчи томонидан ЖПКнинг 221-моддаси асосида қўлга олинди. У бошқа ташкилотнинг ушлаб туриш хонасига олиб борилганда овқатлантирилиши мумкин, лекин у ерга боргунча ярим тун бўлади. Унгача у оч бўлади. Бу одам қийналади. Бизда айнан шу ҳолатлар киритилмаган.

Илтимос қилардимки, шу масалани ҳам тартибга солиш керак. Бу долзарб мавзу. Яъни ўша 48 соат мобайнида яқин қариндошлари ёки адвокатлари томонидан бирламчи эҳтиёжларини қондириш таъминланса, яхши бўлар эди. Кийим-кечак ҳам совуқ вақтларда, масалан, кийимини олишга ҳам рухсат берилмаслиги мумкин. Аслида бу ҳам бир қийноқ усули бўлиб қолади-да. Агар оч ва юпун одамни уч соат ушлаб туриб, қилдингми деса, қилмаган бўлса ҳам қилдик дейди.

Илёс Юсупов, Зафар Усмонов

Яна бир ҳолат борки, ростакамига курашадиган адвокатларни терговчилар ёқтиришмайди. Нимагаки, ўша уйдагиларига ёмон кўрсатиш, шартномани бекор қилиб, бу адвокатдан воз кечириш ҳолатлари ҳам бўляпти. Ҳозирги кунда ҳам бор бу ҳолатлар.

Яқинда ўзим билан содир бўлди бу ҳолат. Мен қонуний тортишяпман. Мен илтимоснома билан мурожаат қилганимда терговчи томонидан мижозимни 221-модда билан вақтинча ушлашга ҳукм чиқарган ва эртаси куни тушгача ҳеч нарса бердирмаган. Уйдагилари олиб келса, киритишга ҳуқуқим йўқ, деб туради. Бу савол ҳақиқатдан очиқ қолиб кетяпти. Ушбу ҳолат ҳам Конституцияга киритиб қўйилса, жуда яхши бўлар эди.

— Менимча, бу Конституция билан эмас, қонун ва қонун ости ҳужжатлар билан тартибга солинади. 2018 йилда бир гуруҳ журналистлар АҚШга борганмиз. Чикагодаги тергов изоляторига кирганмиз. Кўз ўнгимизда у ерда сақланаётганларнинг тушлиги учун 20-30 қутида пицца олиб келишди. Демак, уларда бу тизим ишлаяпти.

Илёс Юсупов:

— Бизда ҳам тергов ҳибсхоналарида ушланган шахслар судга қадар белгиланган муддатда сув ва егуликлар билан таъминланади. Ҳозир ҳамкасбим айтаётган ҳолат, ушланган вақтда терговчининг олдида бўлган ҳолат тўғрисида фикр билдирилди. Лекин тергов изоляторига жойлаштирилгач, бу шароитлар бор у ерда.

Жамшид Ниёзов суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Муҳиддин Қурбонов.

Мавзуга оид

Эълонлар

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери