Ўзбекистон | 12:12 / 09.07.2022
21995
2 дақиқада ўқилади

Фарзанди хусусий боғча ва мактабга борадиган ота-оналарга солиқдан енгиллик берилади

Нодавлат боғча ва мактабларга фарзандларини юбораётган ота-оналарнинг ойига 3 миллион сўмгача бўлган тўловлари даромад солиғидан озод этилади. Тегишли қонун Сенатда маъқулланди. Қонунда яна бир нечта солиқ енгилликлари назарда тутилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Сенатнинг 8 июл кунги ялпи мажлисида Солиқ ва Божхона кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга оид қонун маъқулланди.

Мазкур қонун билан қуйидаги ўзгаришлар кутилмоқда:

  • мобил алоқа хизматлари учун акциз солиғи ставкаси
    туширилади;
  • фарзандларига боғча ва мактаблар кўрсатадиган таълимга оид хизматлар учун ота-оналар (фарзандликка олувчилар) томонидан тўланадиган ойига 3 млн сўмгача бўлган тўловлар даромад солиғидан озод этилади;
  • талабаларнинг ОТМ ҳудудида ташкил этган пулли ўқув курслари, спорт тўгараклари ва бошқа таълим хизматларини кўрсатишдан олинган даромадлари жами даромадлар таркибига киритилмайди;
  • нодавлат боғчалар ва мактаблар, шу жумладан, давлат-хусусий шерикчилигидаги нодавлат боғча ва мактабларнинг қонунчиликда белгиланган айрим турдаги харажатлари жами даромадлар таркибига киритилмайди;
  • белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича тиббиёт асбоб-ускуналари ва буюмларининг эҳтиёт қисмлари ҳамда тиббиёт мақсадлари учун сарфлаш материаллари импорти ҚҚСдан озод қилинади;
  • чакана савдо ва умумий овқатланиш, меҳмонхона, автотранспортда йўловчи ва юк ташиш, транспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш, компютер хизматлари, маиший техникани таъмирлаш, агро ва ветеринария ҳамда кўнгилочар марказларда хизмат кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари учун ижтимоий солиқнинг 1 фоизлик ставкаси қўлланилади.

Эслатиб ўтамиз, президент шу йил январда имзолаган фармонга асосан, нодавлат боғча ва мактабларга фарзандларини юбораётган ота-оналарнинг ойига 3 млн сўмгача бўлган тўловларини даромад солиғидан озод этиш тартиби 2022 йил 1 апрелдан амал қилиши белгиланган эди.

Мавзуга оид