Кўза кунда эмас, кунида синади. Боғчалар болалар ҳаёти билан ўйнашмоқда
Деновда ҳайдовчи 32 болани Damas'да ташиб, “рекорд” ўрнатди. У болаларни боғчадан олиб кетаётган бўлган. ЙТҲлар камаймаётган бир даврда, болалар ҳаёти бу шаклда хавф остига қўйилиши – боғчалар фаолиятига оид тегишли низом талаблари бажарилмаётганини кўрсатади. Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги ҳаракатга тушиш учун албатта бирор фожиа бўлишини кутиб ўтириши керак эмас.

Damas автобус эмас
Кейинги вақтларда Damas машинасига ўнлаб болаларни миндириб ҳаракатланиш ҳолатлари кўпаймоқда. Бу асосан болаларни боғчага ташишда кузатиляпти.
Биргина жорий йил апрел ойининг ўзида учта ҳолатда болалар Damas'да ҳаёти хавф остига қўйилиб, олиб кетилаётгани аниқланди.
Биринчи ҳолат Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида кузатилди. Damas ЙПХ ходимлари томонидан тўхтатилган. Ҳайдовчи ходимларни машинада 17 нафар бола бор, дея алдашга уринган. Аммо санаб кўрилганида Damas'да 25 нафар бола олиб кетилаётгани аниқланган.
Белгиланган ўриндиқдан кўп йўловчи олиб кетаётган ҳайдовчига нисбатан тегишли тартибда баённома расмийлаштирилган.
“Тўғри, мумкин эмас. Ҳар куни икки рейс қилардим. Нима дейишни ҳам билмай қолдим”, деган ҳайдовчи. Аслида 25 нафар болани Damas машинасида “икки рейс”да ҳам ташиш мумкин эмас.
Иккинчи ҳолат 23 апрел куни Наманган вилоятининг Косонсой туманида аниқланди. Текширув давомида машина салонида бир аёл ва 25 нафар бола саналган. Ҳайдовчи болаларни шу маҳаллада жойлашган хусусий боғчага олиб бораётган бўлган.
Ҳолат юзасидан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, транспорт воситаси вақтинча сақлаш учун жарима майдонига қўйилган.
Айнан шунақа қоидабузарлик бўйича “рекорд” Сурхондарё вилоятининг Денов туманида ўрнатилди. Унда ҳайдовчи Damas машинасига 32 нафар болани миндириб кетаётгани аниқланган. Бу ҳолатда ҳам ҳайдовчи болаларни хусусий боғчадан олиб кетаётган бўлган.
Ходимлар томонидан ҳолат бартараф этилиб, машина кузатув остида боғчага қайтарилган. Ҳайдовчига нисбатан чора кўрилган. Шунингдек, ҳолат юзасидан вилоят Мактаб ва мактабгача таълим бошқармасига тақдимнома киритилган.
Оғзаки келишув
Ҳудудларда болаларни боғчага ташиш ота-она ва Damas’чилар ўртасида асосан оғзаки келишув билан амалга оширилади. Ота-она боласи учун кунлик ёки ойлик йўл ҳақи тўлайди, ҳайдовчи хизмат кўрсатади.
Аммо ҳайдовчи берилаётган йўл пули “қопламаслиги” ортидан болаларни имкон қадар бир рейсда боғчага ташиб боришга уринади. Албатта, бунга ота-она ҳам қарши эмас. Чунки агар боласини ўриндиқ сони бўйича ташишни талаб қилишса ҳайдовчи нархни кўтариши мумкин.
Damas’га белгиланган ўриндиқдан кўп йўловчи миндириб кетилаётгани аниқланса, ҳайдовчига нисбатан транспорт воситасида одам ташиш қоидаларини бузганлиги учун маъмурий баённома расмийлаштирилади. МЖтКнинг 128-8-моддасига кўра, бундай қоидабузарлик учун 750 минг сўм (БҲМнинг 2 баравари) жарима қўлланади.
Масъулият кимда?
Кўза кунда эмас, кунида синади, деган гап бор. Йўлларда қонли ЙТҲлар камаймаётган бир даврда болалар ҳаёти бу шаклда хавф остига қўйилиши хавотирларни оширади.
Аслида бундай ҳолатларда асосий масъулият мактабгача таълим ташкилотларида. Чунки боғчаларда болаларни бериб юборишда белгиланган талаб қоидалари бузилмоқда.
Мактабгача таълим ва Соғлиқни сақлаш вазирликларининг 2018 йил 30 апрелдаги қарори билан “Мактабгача таълим ташкилотларида болаларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишни ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланган.
Бу низомда болани боғчага олиб келиш ва олиб кетиш мумкин бўлган шахслар тоифаси белгиланган: булар боланинг ота-онаси, уларнинг ўрнини босувчи шахс, ота-онанинг вояга етган фарзандлари, бобоси, бувиси ёки тегишли тартибда расмийлаштирилган вакил уни шахсан гуруҳ тарбиячисига топшириши лозим. Мактабгача таълим ташкилотидан олиб кетишда эса гуруҳ тарбиячиси болани айни шу шахслардан бирига бериб юбориши мумкин.
Кузатилаётган ҳолатларда эса гуруҳ тарбиячилари бу талабларни бузган ҳолда болаларни Damas’га миндириб юбормоқда. Ҳам вақтини, ҳам харажатини тежаш ниятида бўлган ҳайдовчи эса 20-30 нафар боланинг ҳаётини хавфга қўймоқда.
Ечими борми?
Юқорида айтганимиздек, токи боласини ўнлаб болалар ортилган Damas’га чиқариб юбориш камҳаражат хизмат экан, масъулиятни ота-онадан талаб қилиш хато. Ички ишлар органлари эса фақат ҳолат аниқлангандагина чора кўриш билан чекланади, холос.
Муаммога узил кесил барҳам беришнинг ягона ва осон йўли бор: боғчаларда юқорида айтилган низом талабларига қатий риоя этилишини таъминлаш керак. Амалга ошириш механизми низомда аниқ ва содда қилиб ёзиб қўйилибди. Бу эса бевосита Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ва унинг жойлардаги тузилмалари вазифаси.
Демак, вазирлик масъуллари ичи болага тўла Damas йўлда бирор кўнгилсизликка дуч келмасидан олдин ишга киришиши зарур.
Руслан Сабуров,
Kun.uz
Мавзуга оид

18:04 / 16.05.2025
Ҳайдовчилар учун қатор енгилликлар эълон қилинди

16:46 / 16.05.2025
Камералар йўл чизиғини босганлик учун жарима ёзмайдиган бўлди

14:39 / 16.05.2025
Бухорода йўлдан ўтаётган аёл экскаватор босиб кетиши оқибатида ҳалок бўлди

16:09 / 15.05.2025