Ўзбекистон | 17:25 / 25.03.2022
24242
7 дақиқада ўқилади

Боғча тўловларидан имтиёзни қайси тоифа аёллар олади?

Айрим давлат боғчаларига болалар 2 ёшдан олинадиган, боқувчисини йўқотган аёлларнинг болалари боғчага бепул борадиган бўляпти. Бироқ айнан “боқувчисини йўқотган аёл” тушунчаси ҳали аниқ эмас. Имтиёз эса 1 апрелдан бошлаб кучга кириши керак.

Фото: KUN.UZ

Президент фармони билан айрим тоифадаги аёлларга боғча тўловидан имтиёз берилмоқда. Бундан ташқари, энди болалар давлат боғчаларига ҳам 2 ёшдан бориши мумкин.

1 апрелдан амалга ошириладиган боғча билан боғлиқ янгиликлар

Шу санадан бошлаб, боқувчисини йўқотган хотин-қизларнинг:

  • фарзандлари давлат боғчаларига тўланадиган ота-оналар бадалидан озод қилинади;
  • 3 ёшгача фарзандлари учун нодавлат боғчаларга бюджетдан субсидиялар ажратилади.
  • тўлиқ қувват билан ишламаётган давлат боғчаларига 2 ёшдан 3 ёшгача болаларни пулли хизмат кўрсатиш шаклида қабул қилишга рухсат берилади;
  • кечки сменада хотин-қизлар ишлайдиган корхона ва ташкилотлар ўз ҳузурида боғча ташкил қилганда, улардаги тарбиячиларнинг иш ҳақи бюджетдан қоплаб берилади.

2 ёшдан боғчага қабул қандай амалга оширилади?

Фармонга кўра, тўлиқ қувват билан ишламаётган давлат боғчаларига 2 ёшдан 3 ёшгача болаларни пулли хизмат кўрсатиш шаклида қабул қилишга рухсат берилади. Бироқ бу айнан қандай тартибда амалга оширилади?

Kun.uz мазкур саволга жавоб олиш учун Мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизмати билан боғланди. Вазирлик матбуот хизмати раҳбари Мавлуда Асқархўжаеванинг маълум қилишича, ҳамма давлат боғчаларига ҳам болалар 2 ёшдан қабул қилинавермайди.

“2 ёшдан болаларни навбати кам бўлган мактабгача таълим ташкилотларига пулли хизматни шакллантирган ҳолатда қабул қилиш белгиланди. Давлат хизматлари марказларида навбатда турган болалар ўз ўрнига кўра боғчаларга қабул қилинаверади. 2 ёшдан эса фақат тўлиқ қувватда ишламаётган боғчаларга қабул бўлади.

Пулли хизмат бўлгандан кейин нарх ихтиёрий тарзда белгиланади. Барча МТТларда кузатув кенгашлари мавжуд. Кузатув кенгашларида ота-оналар давлат МТТлари директорлари ва туман Мактабгача таълим бўлимлари билан биргаликда нархларни ишлаб чиқишади ва тасдиқлашади”, деди Мавлуда Асқархўжаева.

Лекин тўлиқ қувват билан ишламаётган, 2 ёшдан болалар бориши мумкин бўлган республикадаги жами давлат боғчалари рўйхатини олишнинг имкони бўлмади, сабаби, ҳозирда бу рўйхат вазирлик томонидан шакллантирилмоқда. Мактабгача таълим вазирлиги рўйхат 1 апрелга қадар тайёр бўлиши кераклигини билдирди.

Боқувчисини йўқотган хотин-қизлар кимлар?

Фармонда болалари боғчага борадиган бир тоифа оналар учун енгиллик берилган. Қайд этилишича, боқувчисини йўқотган хотин-қизларнинг фарзандлари давлат боғчаларига тўланадиган ота-оналар бадалидан озод қилинади, 3 ёшгача фарзандлари учун нодавлат боғчаларга бюджетдан субсидиялар ажратилади.

Бу хабар эълон қилингач, ижтимоий тармоқларда хотин-қизларда саволлар пайдо бўлди: “боқувчисини йўқотган аёллар” деганда айнан кимлар назарда тутилади. Турмуш ўртоғи вафот этган аёллардан ташқари боласига алимент пули олмайдиганлар, ёлғиз оналар ёки эрининг ногиронлиги сабаб меҳнатга лаёқатсиз бўлган хотин-қизлар-чи?

Ушбу саволга жавоб топиш учун “боқувчисини йўқотган аёл” тушунчасининг ҳуқуқий таърифини топишга ҳаракат қилдик.

“Моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларни, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳукумат қарорида боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд хотин-қизлар дейилганда боқувчиси бўлмаган, қўшимча моддий ёрдамга муҳтожлар тушунилиши қайд этилган. Лекин бу мавҳум.

“Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунга кўра, вафот этган боқувчининг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз оила аъзолари боқувчисини йўқотганлик пенсияси олиш ҳуқуқига эга бўлади.

“Ёшидан ва меҳнат қобилиятидан қатъи назар, ота ва онадан бири ёки эр (хотин), агар у вафот этган боқувчининг болаларини, ишловчиларга болага қараш учун иш ҳақи сақланмаган таътилда бўлиш ҳуқуқини берадиган ёшга тўлгунга қадар боқиш билан машғул бўлса ва ишламаса пенсия олади”, дейилади қонунда.

Шуни ҳисобга олган ҳолда, боқувчисини йўқотган аёлни турмуш ўртоғи вафот этган ва ишлаш имкониятига эга бўлмаган шахслар сифатида тушуниш мумкин.

Аниқ таъриф йўқ

Лекин қонунчиликда айнан “боқувчисини йўқотган аёл” тушунчасининг ўзига берилган аниқ таъриф учрамайди. Мактабгача таълим вазирлигига бу тоифага айнан қандай хотин-қизлар киритилиши ҳақида савол билан мурожаат қилдик. Вазирлик бу маълумот Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлигида бўлиши мумкинлигини, Маҳалла вазирлиги эса хотин-қизларга оид маълумотлар янги тузилган Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ваколатига ўтказилганини маълум қилди.

Аёллар муаммолари билан ишлайдиган ташкилот – Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси матбуот хизмати билан ҳам бу тушунчаларга аниқлик киритиш бўйича боғландик. Қўмита матбуот хизматининг қайд этишича, “боқувчисини йўқотган аёл” тушунчасининг ўзида бироз чалкашлик бор. Бундан ташқари, ҳозирча республика бўйича қанча боқувчисини йўқотган аёллар мавжудлиги тўғрисидаги статистикалар тайёр эмас.

Ҳозир янги иш бошлаган қўмита бу тушунчага аниқлик киритадиган лойиҳа устида ишламоқда, ҳаммаси тасдиқлангач, лойиҳа эълон қилинади.

Шундан сўнг Адлия вазирлигига “боқувчисини йўқотган аёл” тушунчасини аниқлаштириш учун мурожаат қилдик ва мақоланинг юқоридаги қисмида келтирилган маълумотларни олдик. Лекин бу маълумотларни ҳам айнан тушунчани изоҳлаб беради, деб қабул қилиш қийин.

Ёлғиз оналар ҳам бор

Боласини ёлғиз катта қилаётган яна бир тоифа аёллар – ёлғиз оналар ҳам бор. “Моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларни, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳукумат қарорига илова қилинган “Аёллар дафтари”га киритиш бўйича сўровномада “бева, боқувчисини йўқотган аёл” ва “ёлғиз она” категориялари алоҳида-алоҳида ажратилган.

“Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида иш юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида”ги Адлия вазири буйруғининг 54-бандига кўра, қонуний никоҳда бўлмай туриб фарзанд кўрганлиги қайд этилган аёллар ёлғиз она ҳисобланади. Ёлғиз оналар болаларига туғилганлик гувоҳномаси олаётганда ота-она фамилияси ҳам бир хилда – онанинг фамилияси кўрсатилган ҳолатда бўлади.

Бундан тушуниш мумкинки, ёлғиз она ва боқувчисини йўқотган аёл тушунчалари бир-биридан фарқ қилади, лекин иккаласи ҳам болаларини ўзлари катта қилишади, ёлғиз аёллар ҳам бола парвариши сабаб ишсиз бўлиши мумкин, аммо боғчаларга берилаётган имтиёзлардан ёзғиз оналар фойдаланиши қайд этилмаган. Бу боласини ўзи катта қилаётган, ҳеч кимдан алимент олмайдиган аёлларда эътироз пайдо қилиши мумкин.

1 апрелдан кучга кириши керак бўлган боғчага оид янгиликларда боласи бепул боғчага борадиган аёллар тоифасини айнанлаштириб, рақамларини чиқариш ва қамрови кам бўлган боғчалар рўйхатини шакллантириш вазифалари турибди. Масъул ташкилотлар тез орада бу борадаги сўроқли нуқталарни ҳал қилиб, аёлларда пайдо бўлаётган саволларга жавоб бериши керак бўлади.

Зилола Ғайбуллаева тайёрлади.

 

Мавзуга оид

Эълонлар

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери