Ўзбекистон | 21:45 / 27.11.2021
14363
11 дақиқада ўқилади

Депутатлардан садо, 1,5 млн ойлик, авжига чиққан “снос” — X-News

Ишсизлар бошланишига 1,5 млн сўм маошга сабр қилиши кераклигини айтган Жаҳонгир Ортиқхўжаев, ҳомиладорларнинг ҳаққини ҳимоя қилиб чиққан депутатлар, соддалашиши кутилаётган UzIMEI, йўқолиб бораётган Миллий боғ, қулоғини “кар” қилиб олган Тошкент ҳокимлиги ва бошқалар – Xpress лойиҳасининг ҳафта дайжестида.

Депутатлардан кутилмаган таклиф

Шу кунларда Олий Мажлисда кейинги йилги Давлат бюджети муҳокама қилиняпти. Доимгидек, Вазирлар Маҳкамаси киритган лойиҳа катта ўзгаришларсиз тасдиқланиши эҳтимоли юқори.

Лекин айрим умидбахш янгиликлар ҳам йўқ эмас. Шу ҳафта депутатлар кутилмаганда “декрет пули” ва “бола пули” масаласини кўтариб чиқди.

Ҳукумат бу мавзудан анча йиллардан бери қочиб келяпти. Бу ҳақдаги саволларга жавобан янги тизимга ўтилиши ҳақида фақат ваъда бериляпти холос.

Халқ демократик партиясининг баёноти мақтовга лойиқ, унда масала аниқ-тиниқ қилиб кўндаланг қўйилган: “Ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси ходим давлат ё нодавлат ташкилотда ишлашидан қатъи назар барча аёллар учун кафолатли равишда давлат томонидан тўланиши керак”.

Гап шундаки, бюджет ташкилотларида ишлайдиган аёлларга бола парвариши нафақаси, халқ тилида айтганда “бола пули” тўланмаяпти. Уларнинг битта-ю битта “айби” – давлат ташкилотида ишлаб, давлатга хизмат қилгани.

Хусусий сектордаги аёл ходимларга эса бюджетдан нафақат “бола пули”, балки “декрет пули” ҳам берилаётгани йўқ. Аниқроқ айтганда, уларга ҳомиладорлик ва бола парвариши нафақаларини тўлаш иш берувчилар зиммасига юклаб қўйилган. Бу – халқаро талабларга зид. Ва шундайлиги ҳам бежизга эмас: амалиётда жуда кўп иш берувчилар бу тўловни тўлаётгани йўқ.

Амалдаги тартибни ҳеч иккиланмай миллионлаб аёллар ва болалар ҳуқуқларининг қўпол тарзда бузилиши деб баҳолаш мумкин. Фарзанд кўриш ва тарбиялаш, яъни жамият олдидаги энг асосий бурчини бажариши туфайли вақтинча ишлай олмаётган аёллар ўзлари тўлаган солиқлар ҳисобидан нафақа олишга ҳақли. Узоққа бориш ҳам шарт эмас: бунақа тартиб 2010 йилгача Ўзбекистонда ҳам амалда эди.

Ўтган йили “декрет” ва “бола пули” масаласида молия вазири Тимур Ишметовга Сенатда савол берилган эди. Вазир ўшанда бюджет имкониятлари чекланганини рўкач қилиб, “кўрпага қараб оёқ узатиш керак” деган иборани ишлатганди.

Қизиқ, янгидан янги вазирликлар очиш, миллий сериаллар ишлаб чиқариш, виночиликни ривожлантириш, амалдорлар учун қўша-қўша қиммат машиналар олиш, ҳеч ким ўқимайдиган газеталар обунаси, ҳайкаллар ва курантларга пул ажратилаётганда нега кўрпага қараб оёқ узатиш кераклигини биров эслатмайди?

Ўша мажлисда Ишметовнинг ўринбосари Жамшид Абруев аёл ходимларга тўланадиган нафақалар муаммоси ижтимоий суғурта тизимини жорий этиш орқали ҳал этилишини айтганди.

Худди шу тизим ҳақида шу йил бошида Пенсия жамғармаси директори Абдулазиз Ҳайдаров ҳам гапирганди. У 2021 йил охиригача тегишли қонун ишлаб чиқилишини айтганди. Йил тугаяпти, қонундан эса дарак йўқ.

Депутатларга ҳам ҳайрон қоласан. ХДП тарқатган баёнотнинг сўнгги сўзларига эътибор беринг: “Партиямиз депутатлари ҳукуматга мана шу таклифни ҳам берди”. Демак, бу таклиф холосми? Депутатлар қатъий талаб қилишни қачон ўрганади?

Умуман, депутатларнинг ҳукуматдан сўраб иш қилиши ғалати. “ЎзАвто”га имтиёзлар берилмаслиги ёки “тонировка” нархи пасайтирилишини сўраб ўтиргунча, шулар бўйича ўзлари қонун ёки қарор чиқаришларига нима халал беради?

UzIMEI ва шахсий маълумотларга давлатнинг муносабати

Шерзод Шерматов / Фото: АКТ вазирлиги

Президент иккинчи ваколат муддатига киришганидан кейин уч нафар вазирни алмаштирди. Янги лавозимга келган ҳар учала вазир ҳам бирин-кетин аҳолидан таклиф йиғишни бошлади.

Аввалига ахборот-коммуникация технологиялари вазири лавозимига қайтган Шерзод Шерматов соҳа бўйича ҳар қандай таклифни кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди. Унга биринчилардан бўлиб IMEI-кодлар мавзусида мурожаатлар бўлган шекилли, орадан уч кун ўтиб, бу дахмаза тизимни соддалаштиришга буйруқ берди.

Шерматов IMEI-код билан боғлиқ хизматлар фуқаролар учун “осон ва қулай” бўлиши кераклигини айтди. “Осон ва қулай” сифатлари қаторига “арзон” ёки “бепул” сўзлари ҳам қўшилса яхши бўлардику-я, лекин бу борадаги ваколат фақат Шерматовда эмас. Аммо унда бошқа бир ваколат бор: фуқароларга ўз номларига нечта мобил қурилма рўйхатдан ўтказилганини билиш имконини бериш.

Биз таклиф сўраётган вазирга айни шу ҳақда айтмоқчимиз: фуқаролар уларнинг паспортларига нечта ва қанақа русумдаги мобил қурилмалар рўйхатдан ўтказилганини билишга ҳақли.

Олдиндан огоҳлантирамиз: агар бу амалга ошса, охирги икки йил ичида чет элга бориб келган ҳамюртларимизга тегишли телефонлар сони ўзлари билганидан кўпроқ бўлиб чиқиши мумкин.

Гап нима ҳақида кетаётганини тушундингиз-а? Чегара постларида ва карантин зоналарида минглаб фуқароларнинг паспорт маълумотлари ўғирлангани эсингизда бўлса керак. Ўша бўйича очилган жиноят иши ҳақида охирги марта шу йил январ ойида маълумот берилганди.

“Бу бўйича расман 7 мингга яқин ҳолатлар аниқланган. Балки бундан ҳам ошар, чунки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда”,деганди Ички ишлар вазирлиги расмийси Бахтиёр Сулаймонов.

Жиноятчилар кимлар бўлгани, уларга қанақа жазо берилгани эса маълум эмас. Айнан мана шу номаълумлик фуқароларнинг шахсий маълумотларига нисбатан давлатнинг ҳақиқий муносабатини кўрсатиб беради. Яъни уюшган жиноий гуруҳ минглаб одамларнинг маълумотларини ўғирлаган, лекин бу ўғриликнинг оқибати маълум эмас. Бу иш ҳам Юнусобод метроси қурилишидаги фожиа бўйича очилган жиноят ишига ўхшаб ёпиб юборилгандир балки?

Буни нега гапиряпман? Telegram ва бошқа ижтимоий тармоқларни блоклаш ҳақидаги қонун ҳам гўёки фуқароларнинг шахсий маълумотларини ҳимоялаш учун қабул қилинган. Агар мақсад тармоқларни блоклаш эмас, одамларнинг шахсий маълумотларини ҳимоя қилиш бўлганида, шунга оид катта бир жиноят иши бўйича тафсилотлар очиқланган, судга журналистлар ҳам чақирилган бўлмасмиди?

Қураверамиз, бузаверамиз!

Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази учун 2019 йилда қурилган бино бузилишга тушди / Фото: Kun.uz

Пойтахт Тошкентда ҳам доимгидек янгиликлар етарли.

Кўпчилигимиз учун қадрдон метро жетонлари энди сувенирга айланади. 1 декабрдан бошлаб метрога киришда жетон қабул қилиш тўхтатиляпти. Жетонлар охирги марта 2020 йил 1 ноябрда сотувга чиқарилган эди.

Шу ҳафтадан бошлаб метронинг “Буюк ипак йўли” бекатида Фейспей тизими синов тариқасида ишга тушди. Бунда йўловчи валидаторга қараса бас, йўл ҳақи унинг банк картасидан ечиб олинади.

Ҳафтанинг Тошкент шаҳрига оид қолган асосий янгиликлари қурилишлар ва бузилишлар ҳақида.

Охирги пайтларда катта қурилиш майдонига айланиб кетган Миллий боғ яқинида яна янги бинолар қуриладиган бўлди. Душанба куни боғ атрофи бўйлаб қад ростлайдиган Президент кутубхонаси ва Адабиёт музейи лойиҳалари Шавкат Мирзиёевга тақдим этилди.

Бу кўл қайта тикланмайдиган қилиб қуритилди / Фото: Eurasianet

Президент кутубхонасининг жойлашуви бўйича ҳозирча аниқ маълумот йўқ. У аввалги “Наврўз” тўйхонасининг ўрнига қурилиши мумкин. Олий Мажлис биноси олдидаги тамоман қуритиб ташланган кўл ўрнига эса театр биноси тушиши ҳақида маълумотлар бор. Бундан ташқари, боғнинг Байналмилал кўчаси тарафдаги қисмида, аввал “Ўзбекнефтгаз” шохобчаси жойлашган жойда Давлат адабиёт музейи ва бошқа бир нечта маъмурий бинолар пайдо бўлади.

Адабиёт музейига янги бино қурилиши музейнинг ҳозирги биноси нима бўлади деган саволни ўртага чиқаряпти. Алишер Навоий кўчасида жойлашган, олдида аллома ҳайкали ўрнатилган ва Алишер Навоий номи берилган музей биноси тарихий аҳамиятга эга. Афсуски, бу борада шаҳар ҳокимлиги шаҳар аҳолиси олдида мутлақо ҳисоб бермаяпти. Бир муддат олдин Magic City қурилиши билан ҳам худди шундай бўлган эди. Миллий боғдаги улкан кўлни қуритиб, ўрнига аллақандай сити қуришдан олдин боғнинг ҳақиқий эгалари – аҳолидан сўраб ҳам ўтиришмаганди.

Миллий боғнинг Бешёғоч томонидаги яшиллик фақат расмларда қолди.

Қурилишлар ҳақида гап кетганда, ҳокимият изоҳ бермаётган жойи фақат Миллий боғ эмас. Хадича Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказининг янги биноси қурилганидан 2 йил ўтиб бузилишга тушди.

Манбаларимизга кўра, бу бино қурилишига 21 млрд сўм сарфланган экан. Эссиз... Камида 3 та мактаб ёки 5 та боғчанинг пули кўкка совуриладиган бўлди.

Агар бино устига яшил рангли қурилиш материали тўшаб қўйилмаганида ва экспертиза марказидагилар “снос”ни расман тасдиқламаганида, яп-янги бино бузилади деб шахсан мени ишонтиришингиз қийин бўларди. Ахир қандай қилиб бюджетдан миллиардлаб сўм сарфлаб 2019 йилда қурилган ҳашаматли иморат 2021 йилда бузилиши мумкин? Шу даражага бориб етганимизга одамнинг ишонгиси келмайди.

Экспертиза маркази вакилларининг айтишича, бино Тошкент шаҳар ҳокимлиги балансида. Ҳокимлик расмийлари эса бу масалада Kun.uz ва Gazeta.uz каби нашрларнинг саволларига жавоб бермаяпти.

Фото: Yandex.Maps

Кўрсатувимиз бошида кейинги йилги давлат бюджети шу кунларда муҳокама қилинаётгани ҳақида айтгандик. Бюджет лойиҳасидаги бир жиҳатга эътибор қилинг: 2022 йилда “снос”лар учун компенсация тўлашга бюджетдан нақ 500 млрд сўм ажратилади. Эътиборлиси, 2020 ва 2021 йиллардаги худди шу йўналишда ажратилган харажатларни қўшганда ҳам бунча пул чиқмайди.

Шу ўринда савол туғилади. Давлат амалдорларининг нотўғри режалаштириши ва нотўғри қарорлари оқибатида юзага келган “снос”ларнинг бадали нега халқнинг елкасига тушиши керак?

Очиғи, охирги йилларда Тошкентдаги пала-партиш қурилишлар ва бузилишларни кўриб, шаҳримиз яқин келажакда Ҳиндистон шаҳарларидек аҳволга келиб қолишидан қўрқа бошладим.

Бунинг олдини олиш учун шаҳарга тезроқ бош режа керак. Марказий Осиёнинг энг катта шаҳри шунча йиллар бош режасиз қолиб кетганининг ўзи ноёб ҳодиса бўлса керак. 20 ноябр кунги ҳукумат қарори билан Тошкентнинг генпланини ишлаб чиқиш учун шаҳар ҳокимлигига 2022 йил охиригача муҳлат берилди.

Бу биринчи муҳлат эмаслигини билсангиз керак. 2018 йилги фармонда ҳам ҳокимликка худди шундай вазифа юклатилиб, 2019 йилгача муҳлат берилганди. Орадан ўтган уч йил ичида айниқса шаҳар марказида эгалланмаган, сотилмаган жой қолмади ҳисоб. Балки энди бу сафар ҳақиқатан ҳам бош режа тасдиқланар?

Мавзуга оид

Эълонлар

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Томорқа – ризқ ва даромад манбаи 

7Media Group: Янги LED-экранлар Қамчиқ довонида

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Томорқа – ризқ ва даромад манбаи 

7Media Group: Янги LED-экранлар Қамчиқ довонида

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи