Жамият | 22:28 / 09.05.2021
104052
6 дақиқада ўқилади

Боши учун Ҳитлер 50 минг марка мукофот ваъда қилган фарғоналик Казбек

Иккинчи жаҳон уруши даврида Белоруссия ҳудудида жанг қилиб, номи тилларда достон бўлган қаҳрамон Мамадали Топволдиев ҳақида кўплаб фильмлар яратилган, китоблар чоп этилган. Унинг «Казбек» номи билан амалга оширган ўта муҳим ҳарбий операциялари  фашистларни саросимага солган.

Мамадали Топволдиев 1919 йил 3 сентябрда Фарғона вилояти Риштон тумани Пандигон қишлоғида туғилган. Отаси Топволди ака деҳқончилик, онаси Мелибува ая эса фарзанд тарбияси билан машғул бўлган.

Казбек армия сафига чақирилгунга қадар қишлоқда бир муддат почтальон, кейин эса тракторчи бўлиб ишлаган. У 1939 йилда урушга жўнаб кетган.

Мамадали Топволдиев журналистлар даврасида.

Казбек фронтда кўплаб мардлик намуналарини кўрсатган. Эътиборли жиҳати, 1940 йилда ўта муҳим ишлар топшириғини бажараётган немис жосусини тириклайин қўлга олган. Мазкур қаҳрамонлиги учун Казбек юксак орден билан мукофотланган.

Казбек 1941 йил 22 июндаги жанглардан бирида ярадор бўлади. Уни Белоруссиянинг Писарево қишлоғида яшовчи Анна Рилкова ўз уйида даволайди. Улар она-бола тутинадилар. Фашистлар Казбекни сақлаганини пайқаб қолиб, Анна Рилкованинг уйини портлатиб юборади. Кейинчалик Казбек тутинган онасига янги уй солиб беради.

Казбек тутинган онаси Анна Рилкова билан

Казбек яна сафга қайтиб, немислар қўлида тутқунликда турган асирларни қутқаради. У 4та эшелонни портлатиб 76 нафар фашист аскари, немис генералини асирга олади.

Ўз аскарлари учун асосий хавф эканини англаб етган Адолф Ҳитлер Казбекнинг боши учун 50 минг марка мукофот ваъда қилади.

Казбек ҳар бир амалга оширган операциясидан сўнг дарахт ёки деворга «Казбек» деб ханжарда ўйиб ўз исмини ёзиб чиққан. Бу душманга доим қўрқув солиб келган.

1944 йил 15 август куни унга совет иттифоқи Қаҳрамони унвони берилди.

Урушдан кейин Казбек ўзи туғилиб ўсган Пандигон қишлоғига қайтади. Орадан бир муддат ўтиб Донохон исмли қизга уйланади. Бирин-кетин фарзандлари — Муборакхон, Аҳмадали, Ҳомиджон, Мавлудахон, Ҳасанбой ва Фарҳоджон туғилади.

Казбек ҳамқишлоқлари орасида

У Зоҳидон қишлоғига раислик қилган вақтда кўплаб ободончилик ишларини амалга оширади. 1969 йил 6 май куни Казбек фожиали тарзда ҳалок бўлади. Унинг қабрини зиёрат қилиш учун тутинган онаси Анна Рилкова Пандигон қишлоғига келади.

Пандигон қишлоғидаги Казбек яшаган хонадон

Бугунги кун...

Kun.uz мухбири Мамадали Топволдиевнинг Пандигон қишлоғидаги хонадони ҳамда уй-музейида бўлиб, қаҳрамоннинг қизи Мавлуда Топволдиева билан суҳбатлашди.

«Отам уруш ҳақидаги киноларни кўзига ёш олиб томоша қилар эди»

«Отам вафот этганида 10 ёшда эдим. Унинг ҳақиқий каҳрамонлигини китобларда ўқиб, кинофильмларда кўрганмиз. У  жуда болапарвар инсон бўлган. Ҳеч биримизга қаттиқ гапирмас эди. Колхозда ишларди. Эрта тонгда ишга кетиб, ярим тунда қайтарди. Ишдан жуда кеч қайтгани учун кўпинча отамни кўрмас эдик. Фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор берарди. Минг афсуслар бўлсинки, фарзандлари камолини кўриш уларга насиб қилмади.

Мавлуда Топволдиева — Казбекнинг тўртинчи фарзанди

1969 йилда машъум ҳодиса юз берган куни оламдан ўтди. Отамдан кейин бошимиздан қийин кунлар ўтказдик. Раҳматли онам бир ўзи 6 нафар фарзандни ўқитиб, уйли-жойли қилди.

1974 йилда отам вафотидан кейин белоруссиялик Анна Рилкова (уни буви деб чақирар эдик) Лена исмли набираси билан уйимизда бир ой меҳмон бўлган. У «Казбекнинг Ўзбекистондаги оиласини бир марта бўлса ҳам кўриб кейин ўлсам армоним йўқ», деб ният қилган экан. Анна буви ёшлари бир жойга бориб мункиллаб қолган эди ўшанда. Унинг уйимизга келганини кўриб, худди отамни кўргандек хурсанд бўлганмиз.

Отам уни иккинчи онам, дерди. Анна буви ўз ўғлидан кечиб бўлса ҳам отамни ертўлада сақлаб, фашистлардан ҳимоя қилган.  

Урушдан кейин ҳам отам йилда икки марта Белоруссиядаги қуролдош дўстларининг ёнига бориб турди. Анна бувининг ҳолидан хабар олди. Отам ҳаёт пайтида Анна бувининг Ўзбекистонга келиши насиб қилмаган.

Уйимизда белорусча нақш туширилган, қўлда тикилган сочиқ ва дастурхонлар кўп бўларди. Кейин билсам, отам уруш пайтида чердакларда нақш ҳам тиккан экан. Булар уйимизда ҳозир ҳам сақланади.

Уруш тугагач, отамни Белоруссияда энергетика соҳасига ишга олиб қолишган экан. Ўшанда у «менинг бу соҳада маълумотим йўқ, уйда кекса онам бор, бормасам бўлмайди», деб, Ўзбекистонга қайтиб келган.

Анна Рилкова вафотидан кейин онам Белоруссияда бир ой туриб келган.

Урушдан кейин отам Қўқондаги заводда директор бўлиб ишлаган. Оилам ёнида бўлай, деб кейин Зоҳидон қишлоғига келиб раислик қилган. Ўшанда Зоҳидон қишлоғини қайта қуришга қарор қилган. Бу лойиҳани Шароф Рашидов ҳам қўллаб-қувватлаган. 7–8 йил ичида отам раислик қилган қишлоқ тубдан ўзгарган.

У пайтда мен 3-синфда ўқирдим. Отамни Раҳим деган телбасифат одам пичоқлаб ўлдирган. Нима учун бу ишни қилгани ҳозиргача маълум эмас. Отам ўта ҳушёр ва бақувват одам бўлган. Унинг ўлими барчани доғда қолдирган.

Ҳамон ёдимда: отам уруш ҳақидаги киноларни йиғлаб томоша қиларди. Ҳақли равишда отамдан фахрланаман. У қалбимизда мангу яшайди», — дея ҳикоя қилади иккинчи жаҳон уруши қаҳрамонининг қизи.

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири

Мавзуга оид

Эълонлар

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери