НАТО ҳарбий қўмитаси раҳбари Украинага келди
Стюарт Пич Украина қуролли кучлари бош қўмондони, генерал-полковник Руслан Хомчак билан учрашуви давомида НАТО Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишини таъкидлади.

Фото: Picture Alliance
НАТО ҳарбий қўмитаси раҳбари, авиация бош маршали Стюарт Пич ишчи ташриф билан Киевга келди. Бу ҳақда Украина қуролли кучлари бош штаби матбуот хизмати хабар берди.
Хабарда айтилишича, у Львов шаҳрида Украина қуролли кучлари бош қўмондони, генерал-полковник Руслан Хомчак билан учрашди. Учрашув давомида Донбассдаги вазият ва минтақадаги хавфсизлик масалалари муҳокама қилинди.
Стюарт Пич НАТО Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишини таъкидлаган.
Ўтган ҳафтада Руслан Хомчак Россия бўлажак “Ғарб 2021” ҳарбий машғулотларига тайёргарлик баҳонаси остида Украина билан чегарага – Брянск ва Воронеж областлари ҳамда Қримга қўшинларини жойлаштираётганини айтганди.
Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песковнинг сўзларига кўра, “Россия мамлакат ҳудуди ичида қўшинларини кўчиришга ҳақли, бу бошқа мамлакатларга нисбатан таҳдид уйғотмайди”.