Жаҳон | 20:43 / 12.03.2025
12655
4 дақиқада ўқилади

Россия қўшини Суджага кирди

Зеленский Курск областидаги вазиятга тўхталиб, Украина ҳарбий қўмондонлиги жангчиларнинг ҳаётини сақлаб қолаётганини айтди.

Станислав Красильников / РИА Новости / Sputnik / Profimedia

12 март куни эрталаб Россиядаги урушни ёқловчи телеграм-каналларда Суджа марказида Россия байроғини ўрнатаётган ҳарбийлар акс этган видеолар тарқалди.

Видеоёзувлар таҳлили украиналик ҳарбийлар шаҳар ҳудудини бутунлай тарк этганини тасдиқлайди.

Conflict Intelligence Team суриштирув лойиҳаси асосчиси Руслан Левиев ҳам «амалда ҳозирнинг ўзидаёқ бутун Суджа шаҳри Россия қўшинлари назоратига ўтди, дейиш мумкинлиги»ни айтиб, Украина қуролли кучлари бўлинмалари ўз позицияларини уюшган тарзда тарк этаётгани ва руслар ҳудудларни деярли жангсиз қайтариб олаётганини таъкидлади.

«Биз Россия қўшинлари назоратига босқичма-босқич ўтган барча ҳудудлар деярли жангсиз қўлга киритилганига гувоҳ бўлдик. Суджа билан ҳам шундай бўлди. Кеча [11 март куни] шаҳарнинг шарқий чеккасида Россия қўшинлари жойлашгани ҳақида видеоёзувлар пайдо бўлди. Бугун биз Россия қўшинларини шаҳарнинг бу чеккасида кўряпмиз. Яна ҳеч қандай жанг лавҳалари йўқ... Аслида, ҳозирнинг ўзидаёқ айтиш мумкинки, бутун Суджа шаҳри Россия қўшинлари назоратига ўтди», – деди Левиев.

У яқин соатлар ичида Украина ҳарбийлари Курск областини бутунлай тарк этишини тахмин қилган: «Эҳтимол, бу ҳикоя бугун тугар. Эҳтимол, яна бир-икки кун чегарадаги қишлоқларни ушлаб туришга уринишар. Аммо умуман олганда, Курск плацдарми тарихи ниҳоясига етмоқда ва Украина қўшинлари кетмоқда».

Россия Мудофаа вазирлигига яқин бўлган Rybar телеграм-канали ҳам Украина қуролли кучлари сўнгги бир неча кун ичида ўзининг энг тажрибали бўлинмаларини Курск областидан уюшган тарзда олиб чиқиб, Донецк областига кўчиргани ҳақида ёзган.

Россия Мудофаа вазирлиги эрталабки кундалик ҳисоботида бешта аҳоли пункти озод қилингани ҳақида хабар берганди – булар Казачя Локня, 1-Княжий, 2-Княжий, Замосте ва Мирний. Уларнинг дастлабки учтаси Суджадан шимолда, охирги иккитаси жанубдан шаҳар билан бевосита чегарадош. Шу билан бирга, маълумотда Суджанинг ўзи ҳақида ҳеч нарса айтилмаган.

Киев Россия армиясининг Курск областидаги ҳужумига расман ҳеч қандай изоҳ бермаяпти. «РБК-Украина» Украина қуролли кучлари Бош штаби 10 ва 11 март кунлари расман эълон қилган кундалик жанг хариталарида Украина ҳарбийлари назоратидаги ҳудуд майдони сезиларли даражада қисқарганига эътибор қаратган.

Украина президенти Володимир Зеленский матбуот брифингида Украина қуролли кучлари Россия ҳудудидан чекинишига изоҳ бериб, қўшинлар Курск области ҳудудида вазифаларни бажараётгани, қўмондонлик эса жангчиларнинг ҳаётини сақлаб қолишга ҳаракат қилаётганини билдирди.

«Курск области ҳудудидаги қўшинларимиз ўз вазифаларини бажармоқда. Руслар бизнинг қўшинларимизга имкон қадар жиддий босим ўтказишга ҳаракат қилмоқда. [Украина] ҳарбий қўмондонлиги қилиши керак бўлган ишни қилмоқда: аскарларимиз ҳаётини сақлаб қолиш учун максимал ҳаракат қилмоқда», – деди Украина раҳбари.

Россия қўшинлари ўтган ҳафта давомида АҚШнинг Украина билан разведка маълумотлари алмашинувини вақтинча – 5 мартдан 11 мартгача тўхтатганидан фойдаланиб, Курск областида кенг кўламли юришга ўтган ва бир қатор аҳоли пунктларини озод қилишга муваффақ бўлганди.

Урушгача беш минг киши яшаган Суджа райони маркази 2024 йил август ойи ўрталаридан бери украинлар томонидан ишғол этиб турилганди – бу Украина ҳарбийлари Курск областида эгаллаб олган шаҳар мақомига эга ягона аҳоли пункти эди.

Мавзуга оид