Европада танилган ўзбек бастакори: «Ўзбекистондаги маданий муҳит ривожига кўмаклашсам дейман»
Ҳозир Ўзбекистонда Чайковский кимлигини билмайдиган одамлар учрайди. Сўнгги ўн йилда одамлар фақат поп мусиқани эшитяпти. Аммо тинглаш учун мусиқанинг бошқа жанрлари ҳам бор, дейди бастакор Азиза Содиқова.

16 декабр куни Италиянинг Массимо Ди Палермо театрида замонавий классик мусиқа олами учун аҳамиятли концерт бўлиб ўтди. Унда таниқли Омер Меир Велбер дирижёрлиги остидаги оркестр Гайдн, Шуман каби тан олинган ижодкорларнинг сараланган асарларини ижро этди.
Концертнинг энг ёрқин ва эсда қоларли қисми сифатида якуний қисм эътироф этилди – Европада фаолият олиб борувчи ўзбекистонлик бастакор Азиза Содиқованинг янги асари ижроси кулминацион нуқта бўлди.

Азиза Содиқова ҳозирда Берлин ва Тошкентда яшаб, ижод қилмоқда. У энг нуфузли минбарларда ҳам Ўзбекистон номидан чиқади, чиқишларида миллий либосларни танлайди.
Қизиғи, асарлари жаҳон миқёсида машҳур оркестр ва дирижёрлар томонидан ижро этилгани, нуфузли санъат даргоҳларида у яратган куйлар жаранг сочганига қарамай, Азизани ўз она юртида биладиганлар жуда кам.
Бастакорнинг ўзи бунга шундай муносабат билдиради:
«Чунки қизиқиш йўқ. Бутун диққат-эътибор поп маданиятга, юлдузлардек муносабатда бўлинадиган артистларга қаратилган. Европада яшайдиган ва бу ердаги концертларимдан хабардор бўлган дўстларим Ўзбекистонда мени «пайқашмасликлари»дан ажабланишади. Ҳақиқатан ҳам ғалати ҳолат, чунки мен Европада фаолият кўрсатиб, мамлакатни жаҳон маданий саҳнасида намойиш этаётган ягона ўзбек бастакориман».
Kun.uz мухбири Азиза Содиқова билан суҳбатда бўлди.
– Нега ижодий фаолиятингизни Европа билан боғлагансиз? Карьерангизни Ўзбекистонда давом эттириш ниятингиз ҳам борми?
– Тошкент давлат консерваториясида 2-курсни тамомлагач, стипендия бўйича таҳсил олиш учун Буюк Британияга кетдим. Бу 90-йиллар бўлиб, мамлакатда қайта қуриш жараёни кечарди.
Афсуски, деярли барча мусиқачи ҳамкасбларим, асосан пианиночи ва скрипкачилар четга чиқиб кетишаётган эди. Чунки ҳамма иқтисодиётга ўзини урган, молиячи, банкирларга талаб ортган эди. Илгари эса консерваторияда таҳсил олишни ҳамма орзу қилар, бу жуда обрўли эди. Деярли ҳамма, айниқса қизлар фортепиано чалишни билишарди. Ҳозир эса постсовет ҳудудида бундай ҳолатни учратмайсиз.
2000 йилларда мамлакатга қайтиб келдим, аммо афсуски, маданий турғунлик ҳанузгача давом этаётган эди.
Европада мусиқа соҳасида рақобат жуда ҳам катта. Мисол учун, Берлиннинг ўзида 2000дан зиёд бастакор истиқомат қилади. Шунга қарамай, менинг мусиқаларимни жаҳон даражасидаги солистлар ва оркестрлар ижро этишади. 2020 йилда Elbphilharmonie (Германиядаги энг йирик концерт зали), Radialsystem, Konzerthaus'да операларим ижро этилди, нуфузли Европа фестивали – Лондондаги BBC Proms учун оркестр концертига буюртма қабул қилдим.
Шунингдек, Ўзбекистон Ёшлар оркестрининг Берлин фестивалида «Ёр-ёр» мавзусидаги фортепиано концертимни ижро этиш учун таклиф қилинишига ҳисса қўшдим.
Ўзбекистон билан ишлаш ва ҳамкорлик қилишни жуда ҳам истайман. Бир йилдирки, маданият вазири Озодбек Назарбеков, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги директори Ҳилола Умаровага маданий муҳитни ривожлантириш борасида ўз ёрдамимни таклиф қилиб келмоқдаман. Чунки нафақат бастакор, балки дирижёр ва раҳбар сифатида ҳам тажрибага эгаман. Устига-устак, давлат раҳбари ҳам профессионал кадрларни мамлакатга қайтариш ҳақида гапирмоқда. Ҳозирча таклифимга жавоб олмадим, аммо истак ҳали ҳам бор.
Киносаноатни ривожлантириш учун бастакор сифатида ёрдамимни «Ўзбеккино» миллий агентлиги раҳбари Фирдавс Абдухолиқовга ҳам таклиф қилганман.

– Мусиқий асарлар яратишда нимадан илҳомланасиз?
– Мен учун илҳом манбаси бу – шеърият ва тасвирий санъат. Умар Ҳайёмдан тортиб Кафкагача, Навоийдан бошлаб Bauhaus, Бобур Исмоилов суратларигача – турли мавзулардаги санъат асарлари менга илҳом бағишлайди.
Ўзбек фольклор мусиқаси мавзусида асарларим бор. «Анор гуллари» номли концертим, «Галдир», «Ёр-ёр», «Алишер ва Гули» эртагига аталган фортепиано пьесалари, «Ноғорача» виолончел пьесасини яратганман.
Асарларимда тарих, ҳиссиётлар ва атмосферани ифодалашим мумкин. Уларнинг оҳорийлиги ва муваффақиятини эса вақт кўрсатади.
Ўзбек тароналарининг гўзаллиги ва бизнинг миллий чолғуларимизнинг сирли оҳанги европаликлар қулоғи учун янгича жаранг сочади. Шунинг учун ҳам улар бизнинг куйларимизга қизиқиш билдиришади.
– Ўзбек аёлининг жаҳон даражасида фаолият олиб бориши фахрли, аммо кам учрайдиган ҳолат. Бу йўлда аёллик мажбуриятлари билан боғлиқ стереотип қарашлар сизга халал бермаганми?
– Мен СССРда туғилганман, бу даврда эса аёлнинг асосий вазифаси фақатгина оила, деган тушунча йўқ эди. Деярли барча аёллар оила билан параллел равишда карьера билан ҳам шуғулланишган.
Шу билан бирга, мен машҳур мусиқачи Толибжон Содиқов оиласида дунёга келганман. Бобом ўзбек операси ва симфоник мусиқасининг асосчиси эди. Унинг изидан бориш эса менинг тақдиримга битилган.
Мусиқада иқтидорли қизларга эса ўз устида ишлаш, ривожланиш ва юқори марраларни кўзлашни маслаҳат берган бўлардим. Ҳақиқий истеъдод эгаларини оила ҳам қўллаб-қувватлайди.
Азиза Содиқова декабрь ойида Anhor.uz'га берган интервьюсида Ўзбекистондан таклиф кутаётгани ҳақида айтиб ўтган эди:
– Концертлардаги ҳаётим асосан Европа билан боғлиқ бўлса-да, ижодкор сифатида мен исталган жойда асар яратишим мумкин. Айнан Берлин ёки Лондонда бўлишим шарт эмас. Ҳозир эса Ўзбекистондан таклиф кутяпман. Чунки мамлакатдаги пасайиш кузатилаётган маданий муҳит ривожига кўмаклашишни истайман. Ҳозир Чайковский кимлигини билмайдиган одамлар учрайди. Сўнгги ўн йилда одамлар фақат поп мусиқани тинглашяпти. Улар 20-аср мусиқаси ҳақида нимани билиши мумкин?
Ўз ўрнида айтиш керакки, поп мусиқа ёмон эмас, аммо бу – тинглаш мумкин бўлган ягона танлов эмаслигини айтмоқчиман. Акс ҳолда, биз фақатгина бир йўналишда қотиб қоламиз.
Фақатгина классикани тинглаш керак, демоқчимасман. Ўзим классик мусиқа билан ишласам ҳам, бу кеча-ю кундуз Моцартни тинглашимни англатмайди. Биз, классиклар, турли жанрдаги мусиқани тинглаймиз: жаз, фьюжен, замонавий лойиҳалар... Одамларни ҳам шунга ўргатиш керак. Бу – мусиқага қизиқиш тўла йўқолмаслиги учун ҳам муҳим.
Тавсия этамиз
Ўқитувчиларни овоз йиғишга мажбурлаган мактаб директори ишдан олинди
Ўзбекистон | 11:20 / 14.03.2025
Путин АҚШ ва Украинанинг 30 кунлик оташкесим таклифига рози бўлди
Жаҳон | 23:00 / 13.03.2025
“Хитой билан орамиз бузилишини истовчи давлатлар бор” – тармоқдаги долзарб мавзу ҳақида суҳбат
Ўзбекистон | 15:17 / 13.03.2025
«Credit House» иши: Минглаб одамлар уйсиз ва пулсиз қоляпти
Ўзбекистон | 12:30 / 13.03.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Украина Қуролли кучлари Курск областидаги асосий вазифасини бажариб бўлди — Зеленский
Жаҳон | 00:22
-
Қашқадарёда босқинчилик билан шуғулланиб келган жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинди
Жамият | 23:40 / 14.03.2025
-
Канаданинг янги бош вазири қасамёд келтирди
Жаҳон | 23:29 / 14.03.2025
-
Озода Нурсаидова клипи жараёнида авария бўлган актриса Туркияда операция қилинади — воқеа тафсилотлари
Жамият | 23:03 / 14.03.2025
Мавзуга оид

11:12 / 14.01.2021
«Жуда кўп ота-оналар фақат бугунини ўйлаб яшаяпти» — чекка қишлоқ ўқитувчиси билан суҳбат

15:45 / 09.01.2021
«Бола аълочи ёки иккичи бўлиб туғилмайди» — тадбиркор Шаҳноза Муҳамедова билан суҳбат

14:02 / 29.12.2020
Ментал арифметика, тадбиркорлик ва аёл бахти — Динара Ҳакимова билан суҳбат

10:19 / 22.06.2020