Ўзбекистон | 13:20 / 19.12.2019
94577
2 дақиқада ўқилади

Юнусободдаги фожиада ҳалок бўлган ишчиларнинг оилаларига 100 млн сўмдан компенсация ажратилди

Тошкент метрополитени Юнусобод йўлининг янги қурилаётган қисмида юз берган ер ўпирилиши оқибатида ҳалок бўлган 6 ишчининг ҳар бири учун 100 млн сўмдан компенсация тўланади.

«Ўзбекистон темир йўллари» компанияси матбуот хизмати томонидан маълум қилинишича, ушбу иш юзасидан тузилган ҳукумат комиссияси топшириғига мувофиқ, Юнусободдаги метро қурилиши вақтида ҳалок бўлган ишчиларнинг ҳар бири учун уларнинг оила аъзоларига 100 миллион сўмдан компенсация пули ажратилган ва берилган, шунингдек, марҳумларнинг дафн маросимларини уюштиришга ҳар томонлама кўмак бериш топширилган.

«Бугун, ҳукумат комиссиясининг топшириғига биноан Тошкент шаҳридаги Юнусобод метро линияси қурилиш майдончасида тупроқнинг қулаши сабаблари ва оқибатларини ўрганиш бўйича 100 миллион сўм маблағ ажратилиб, ҳар бир оилага етказиб берилди. Шунингдек, қурбонларнинг оилалари учун мотам тадбирлари ва дафн маросимларини ташкил этишда ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш топширилди», дейилган хабарда.

«Ўзбекистон темир йўллари» марҳумларнинг яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор этган.

18 декабрь куни тахминан соат 10:00да Тошкент метрополитени Юнусобод йўлининг янги қурилаётган қисмида ер ўпирилиши рўй бериб, ишчиларни тупроқ босиб қолди. Сўнгги маълумотларга кўра, ушбу фожиа оқибатида ҳалок бўлганлар сони 6 нафарга етган.

Бундан аввалроқ Бош прокуратура Юнусободда рўй берган ҳодиса юзасидан жиноий иш очилгани тўғрисида маълум қилганди.

Мавзуга оид