Хитой интернет гигантлари - Tencent ва Alibaba'нинг фарқи нимада?
Бир қарашда Хитойнинг йирик конгломератлари Alibaba ва Tencent жуда ўхшаш. Ҳар иккисининг бозор капитализацияси 500 млрд. атрофида. Alibaba ҳам, Tencent ҳам хитойлик компанияларга ҳам, хориж фирмаларига ҳам фаол равишда сармоя киритишяпти. Ва ниҳоят, ҳар иккала компания ҳам ғаройиб қамровга эга: турли маркетплейсларда Alibaba’нинг 552 миллиондан ортиқ фаол фойдаланувчилари бор, Tencent’нинг WeChat мессенжери эса яқинда миллиард аккаунт чегарасидан ўтди.

Шунга қарамай, Tencent ва Alibaba умуман турлича. 1990-йиллар охирида Хитойда интернет пайдо бўлиш арафасида улар узоқ вақт давомида бир-биридан ўзиб кетишолмади. Бугун Хитой бозорининг оғир вазнли ўйинчилари орасида дунёнинг энг тез ривожланаётган рақамли иқтисодиётидаги етакчилик учун ҳақиқий кураш кетмоқда.
Кураш нафақат технологик жабҳада, балки сўзда ҳам давом этяпти. Tencent раҳбари Ма Хуатенг ва Alibaba директорлар кенгаши раиси Джек Ма бир-бирини “чақиб олиш” имкониятини қўлдан бой беришмайди. 2017 йил декабрь ойида бўлиб ўтган форумда Хуатенг ўзининг узоқ йиллик рақибини зиқна ер эгасига қиёслаган, чунки Alibaba’нинг асосий маркетплейси Taobao маҳсулотларни жойлаштиргани учун сотувчилардан тўлов олади.
Alibaba исталган вақтда тўловларни ошириши мумкинлигини қайд этди Tencent раҳбари ва унинг компанияси абонент тўловисиз харидларни юритиш имконини берадиган марказлашмаган платформани таклиф этишини ҳам қўшиб қўйди.
Бир неча ойдан сўнг Жек Ма ўз жавобини баён қилди. Tencent ўз платформасидан пулни усталик билан сиқадиган компания мавқеига эга. “Маданият жиҳатидан биз турличамиз, - деди Alibaba асосчиси, компаниямизнинг мақсадлари анча юқори: пул ишлаш орқали эзгу хотира қолдиришни истаймиз. Alibaba ўз маҳсулотларига қараганда одамларга кўпроқ ишонади”.
Компаниялар курашнинг оғир усулларини қўллашлари мумкин ва қўлламоқдалар. Alibaba ва Tencent бир-бирининг пулли хизматлари ривожини ҳеч уялмасдан секинлаштирмоқда. Мавжуд маълумотларга қараганда, сармоявий шартномаларни имзолаётганда банк ходимларига фақат улар билан ишлаш шартини қўйишмоқда. Кўплаб компаниялар бундай чекловлар белгилашига қарамай, Tencent ва Alibaba сармоя киритаётган компанияси фаолиятига катта таъсир кўрсатиши мумкин.
Штаб-квартирадан тортиб активлар сотиб олишгача
AlibabaGroup тарихи 1999 йилда Жек Ма ва унинг 17 нафар дўстлари турар-жой комплексида ўзларининг илк маҳсулотларини яратишга киришганларида бошланган. Бугун холдинг уйни ўтмишдаги ҳолатида сақламоқда. Бироқ бундан кўзланган мақсад уни музейга айлантириш эмас. Бунинг ўрнига уйда бизнес-инкубатор жойлаштирилган бўлиб, у ерда 40 нафарга яқин муҳандислар фаолият юритиб, WeChat’ни рақобатга чақириш учун мўлжалланган DingTalk мессенжерини ишлаб чиқиш билан шуғулланишмоқда.

Дастлаб DingTalk ва WeChat ўртасида тафовут мавжуд эмасдек туюлади: матнли хабарлар, қўнғироқлар, алоқалар билан алмашиниш. Бироқ DingTalkнингўзига хослиги Alibaba’нинг тижорий йўналишини акс эттиради. Компаниянинг асосий вазифаси – “ҳамма ерда бизнес юритишни осонлаштириш”. Шунинг учун мессенжер муайян мақсад – кичик бизнесга WeChat функционаллигини бериш, кейин унга мижозлар ва булутли ечимлар билан ишлаш учун инструментларни боғлашдан иборат.
У қадар катта бўлмаган ва ўрта корхоналарга ҳамёнбоп нарсаларни бериш керак. Уларга етмаётган инструментлар Alibaba’да мавжуд.
Крис Ванг DingTalk
халқаро ривожланиш бўлинмаси раҳбари
Alibaba йиллар давомида тадбиркорларни бизнесда технологияларни қўллашга ўргатиб келган ва ҳозирда дастурий таъминотнинг бевосита харидларига эътибор қаратмоқда. Маблағининг катта қисмини булутли сервисларнинг ривожи учун сарфлаб, Alibaba бозордаги асосий ўйинчига айланди ва сўнгги йилда бу йўналишнинг ўзидан 2,1 млрд. доллар ишлади. Икки йил аввал компания рақамли ҳудудга ҳатто оилавий қаҳвахоналарни ҳам киритишга умид боғлаб, “янги ритейл” сиёсатини йўлга қўйди.
Ханчжоуда кичик дўконни отаси билан бошқарадиган Хун Ан Alibaba дастурининг иштирокчиси сифатида нималарни ўрганганини фахр билан намойиш этмоқда. Унда омборхона ҳисоби ва камералардан олинган маълумотларни универмагнинг “қайноқ” зоналари хариталарига айлантирадиган алгоритмлар мавжуд.

Аннинг оилавий фаолияти — онлайндан офлайнга ўтиш стратегиясининг кичик бир қисми. AlibabaSuning электроника дўконлари тармоғи ва Sun Art озиқ-овқат супермаркетлари улушларини қўлга киритди. Шунингдек, конгломерат Hemaноми остидаги гастрономлар тармоғини очди. Бундан ташқари, Alibaba бозор етакчиси Ele.me етказиб бериш сервисини харид қилди.
Уларнинг бари бош компаниянинг булутли ечимларидан фойдаланади, бунинг учун Alipay тўлов тизими мижозлар базасини кенгайтиради. Alibaba Group бош директори Дэниэл Чжан шундай дейди: “Диққатимизни доимо савдога қаратамиз”.
Савдо холдингнинг турли қисмларини бир-бирига ёпиштирадиган ўзига хос елим вазифасини бажаради. AlipayTaobao’даги сотувчи ва харидор ўртасида воситачи вазифасини бажаради. Эндиликда тўлов тизими, Ant Financial’нинг бир қисми Alibaba Group молиявий платформасидир.
Бир неча осмонўпар биноларни эгаллаган Tencent штаб-квартираси Шэньчжэнда жойлашган. 1980 йилларда Хитойнинг дастлабки ўзига хос иқтисодий зоналаридан бири мақомига эга бўлгач, шаҳарда тез орада заводлар кўпайди ва муҳим саноат марказига айланди.
Tencent бозорга 1998 йилда чиқди, унинг илк маҳсулоти ICQ сервисидан кўчирилган хабарлар билан алмашиш сервиси QQ бўлди. Бироқ у ўзлаштирилган ишланмаларни кескин ривожлантиришга муваффақ бўлди. QQ мобил ўйинлар, қўнғироқлар ва платформанинг ўзига ўрнатилган бошқа интернет-сервисларни таклиф этди. Компания виртуал товарларни сотиш орқали фойда кўрди.
Смартфонлар даври келиши билан Tencent ўз-ўзи билан рақобат қила бошлади – бир неча ички бўлинмалар ўртасидаги пойга WeChat’нинг дунёга келишига сабаб бўлди (QQ’ни ишлаб чиқиш учун масъул бўлган гуруҳ мағлуб бўлди).
Хорижликлар учун WeChat’нинг барча ерда мавжуд бўлган қудратини тасаввур этиш мушкул. QR-кодларни маълумотлар билан алмашиш учун замонавий инструментга айлантириб, мессенжер Хитой рақамли иқтисодиётида мустаҳкам ўрин эгаллади. Миллиардлаб аккаунтлар бунга исбот бўлади.
Бундан ташқари, Tencent ҳам, Alibaba ҳам технологиялар ва маданиятни ақл билан бирлаштиради. Социолог Тришии Вонгнинг фикрига кўра, компаниялар муваффақиятида ўзига хос “маданий эмлашлар”нинг аҳамияти катта. Масалан, 2014 йилда WeChat фойдаланувчиларга виртуал “қизил конверт” таклиф қилди.
Хитойда одатда бундай конвертларда анъанавий тарзда пул кўринишидаги янги йил совғалари тақдим этилади. Функция жуда оммалашди ва ўтган йилнинг охирида 800 миллион фойдаланувчи мессенжер тўлов тизимини ўз банк рақамларига уладилар. “Энди WeChat Pay ҳамма жойда ишлайди – машина тўхташ жойлари, бозор ва ибодатхоналар, ундан ҳатто кўчадаги дайдилар ҳам фойдаланмоқда”, - дея мақтанди Ма Хуатенг.
Alibaba бир қадам ҳам орқада қолаётгани йўқ ва норасмий “ёлғиз одамлар куни”ни 24 соатлик ақлбовар қилмас савдога айлантирди.
2017 йилда суткалик савдо ҳажми 25,3 миллиард долларга етди. Бу эса америкаликларнинг беш кун давомида “Миннатдорчилик куни” байрами учун сарфлаган кўрсаткичдан 6 миллард долларга кўпроқ.
Tencent ҳам чакана савдолар бозорига катта умид қилгани бежиз эмас. Компания ташаббуси “ақлли ритейл” номини олди. WeChat сервисидагина мавжуд бўлган иккита функция унга асос бўлиб хизмат қилади. Биринчиси – расмий аккаунт, брендларга харидорларни мессенжер орқали топишга ёрдам берадиган ўзига хос чизма.
Иккинчиси – фойдаланувчилардан қўшимча ҳаракатларни талаб қилмайдиган ва ишлаб чиқиш нархини сезиларли даражада пасайтирадиган платформа ичидаги мини-иловалар. Уларнинг кўпчилиги бепул, бу эса тўловларни монетизация қилишнинг асосий усулига айлантиради.
WeChat’даги мазкур ўзига хослик Хитойдаги чакана савдони бир зумда эгаллаб олиш имконини берди. Статистикага кўра, бир йил давомида чакана савдо кўрсаткичи 10,2 фоизга ошди (АҚШда эса ўсиш 4,2 фоизни ташкил этган). Бу давр мобайнида мессенжердаги иловалар сони App Store’даги дастлабки беш йилги натижага қараганда кўпроқ миқдорга ортди.
Бош рақиб каби Tencent ҳам чакана дўкон ва хизмат етказиб берувчиларга кўп сармоя киритади. Alibaba’нинг интернет-савдо соҳасидаги энг кучли, асосий рақиби JD.com ва овқат етказиб бериш хизматида Ele.me’нинг Meituan Dianping компания қаноти остида жойлашган. Бунда Tencent ўзининг ритейлга бўлган қизиқишини Alibaba’га нисбатан ҳужум сифатида эмас, бизнеснинг мантиқий кенгайиши сифатида изоҳламоқда.
Хитой ЯИМнинг деярли 45 фоизи чакана савдога тўғри келади. Биз бу натижага тўрт йилда эришишга муваффақ бўлдик, Alipay’га бунинг учун 10 йил керак бўлди. Ҳақиқий рақобат юзага келди.
Дэвис Лин
Tencent’ни стратегик ривожлантириш бўлими раҳбари
Компаниялар анча вақтдан бери бозорнинг бўлагини бир-биридан олиб қўйишга ҳаракат қилишмоқда. Хусусан, Alibaba ўйинли бўлинма ва ижтимоий тармоқни ишга туширди, бироқ ишланмалар муваффақиятга эришмади. Tencent интернет орқали савдо учун Paipai платформасини яратди, бироқ тез орада уни JD.com’га сотиб юборди.
WeChat’нинг тез суръатдаги ўсиши мессенжерни оммавий ҳодисага айлантирди ва 2013 йилда Жек Ма ўз ходимларини очиқчасига “пингвинларни мажағлаш” учун бирлашишга чақирди. Пингвин – Tencent рамзи.
Манинг WeChat борасидаги қўрқувлари бежиз эмасди – “қизил конвертлар” чиқарилганидан кейин кутилмаганда Alipay’да муносиб рақиб пайдо бўлди. Статистикадан бари маълум: 2014 йилда Alipay тўловларнинг 81 фоизини қайта ишлади, бозорнинг ўн олти марталик ўсишига қарамай, ҳозирда 54 фоиз унинг улушига тўғри келади. Транзакцияларнинг 38 фоизи WeChat Pay орқали ўтади.

Бугун компаниялар бозорнинг турли сегментларида рақобатлашишмоқда: тўлов тизимлари ва булутли ҳисоб-китоблардан тортиб, сунъий онг ва соғлиқни сақлашгача. “Вақти-вақти билан ўз-ўзимга савол бераман: “Alibaba ҳам шу ердами? Баъзида бу одамнинг асабига тегади”, - дея тан олади МаХуатенг.
Агар Tencent раҳбарияти бироз жиғибийрон бўлган бўлса, Alibaba раҳбарлари жуда қизишиб кетишди. Холдинг вице-президенти Жозеф ЦайTencent’ни тамаки компанияси билан таққослади: унинг фикрига кўра, Tencent яратган ўйинлар тобеликни юзага келтиради ва болалар саломатлигига ёмон таъсир қилади.
Унинг ўғли Цай 40 фоиз улуши Tencent’га тегишли бўлган Американинг Epic Games томонидан чиқарилган Fortnite’га жуда қизиқади. Шунинг учун рақибнинг чакана савдо томонга қараб бурилиши бехосдан эмас дея шубҳаланади: “Улар кутилмаганда ўз иши билан шуғулланмаганини тушунишди”.
Ҳар иккала компания ҳам ўз платформаларини ҳимоя қилишга тайёр. Фойдаланувчиларни назоратдан чиқармасликка интилиш йўлида улардан ҳар бири ижара учун велосипедлар ва биргаликдаги саёҳатлар учун замонавий иловаларга сармоя киритишди. Tencent ва Alibaba гўё иккита ёпиқ тизим яратишди – WeChat’дан Taobao’га ўтиш осон эмас. Кремний водийсидаги компаниялар бир-бири билан яқинроқ ҳамкорлик қилишади.
Жуда кам учрайдиган ҳолатларда конгломератлар ўзаро фаолият юритишади. 2013 йилда улар биргаликда ZhongAn онлайн суғурта майдончасини ишга туширишди. Рақобат компания ходимларига бир-бирларининг сервисидан фойдаланишга халақит қилмайди. Fortune манбаси маълумотларига қараганда, Tencent’нинг кўплаб ходимлари Taobao’дан фойдаланади. Alibaba Group бош директорининг тан олишича, унинг WeChat’да аккаунти бор.
Бироқ икки улкан компаниянинг ўзаро тўқнашуви уларнинг инвестицион стратегияларида кўпроқ сезилмоқда. Гонконгдаги Bernstein фирмаси таҳлилчиси Бхавтош Ваджпаининг қуйидагича ҳисоб-китоб қилди: сўнгги уч йилда Alibaba174 та, Tencent эса 280 та келишувни имзолади. Компанияларни “харидга ўч” деб номлаб, Ваджпаи улар ўз ҳаракатларини назорат қилишармикин, деган савол берган. Ахир инвестициялар сони ҳисобга олинадиган бўлса, улар қаердадир адашиб кетиши мумкин.
Компаниялар активларни қўлга киритиш масаласига турлича ёндашишмоқда. Одатда Alibaba ўзи истаган корхонада катта ва назорат пакетини дарҳол сотиб олади ва раҳбар лавозимларига ўз одамларини қўяди.
Tencent эса аксинча, у қадар катта бўлмаган улушларни қўлга киритади, уларни тўплаб, мўътадил ўйин олиб боради. Назорат пакети конгломерат томонидан қўлга киритилганида собиқ раҳбарият ўз ўрнида қолади. Riot Games ва унинг League of Legends компанияси билан айнан шундай бўлган.

Шунга қарамай, бир нарсани ёдда тутиш керак: маҳсулотлардан нусха олиш компания руҳиятига сингиб кетган. “Кўпинча сармоядор бўла туриб, Tencent рақибга айланади”, - дейди Smule караоке-иловаси яратувчиларидан бири Жефф Смит. Хитой холдинги билан ҳамкорлик қилиш орқали унинг контентни тақсимлаш тизимига кириш имконини қўлга киритди. Tencent эса ўз навбатида Smule’даги ишланмалар ва одамларни диққат билан кузатяпти.
Сармоялар билан ишлаш компанияларнинг халқаро кўринишини шакллантиради. Tencent ва Alibaba бир-бири билан яна тўқнашмоқда – уларнинг ҳар иккиси Жанубий-шарқий Осиёда ишлашни мақсад қилган. Ҳозирнинг ўзидаёқ Tencent Сингапурнинг SEA интернет-компаниясининг 34 фоизига эгалик қилади. Маълумотларга қараганда, бошқа йирик сармояларга тайёрланмоқда. Alibaba ўз мақсадларига содиқ қолган ҳолда икки миллиард фойдаланувчига хизмат кўрсатиш истагида. Бунинг учун жануби-шарққа қараб кенгайиш илк қадам бўлиб хизмат қилади.
Бу минтақанинг иқтисодиёти Хитойникига жуда ўхшаш. У ерда анъанавий саноат мавжуд эмас, дея фикр юритади Жозеф Цай, - ёш аҳоли, мобил телефонлар кириб боришининг юқори даражаси ва чакана савдо секторининг кучсиз ривожланганига ишора этган ҳолда. Ким билади, балки пойга энди бошланаётгандир.
Мавзуга оид

21:02 / 23.04.2025
WeChat Pay Ўзбекистон тўлов тизимларига интеграция қилинади

13:49 / 30.01.2025
Alibaba DeepSeek’дан устун сунъий интеллект ишлаб чиққанини маълум қилди

20:31 / 03.05.2022
Ма исмли шахс ҳибсга олингани тўғрисидаги хабардан сўнг Alibaba акциялари нархи тушиб кетди

14:12 / 26.10.2021