Жамият | 15:21 / 01.06.2025
11022
9 дақиқада ўқилади

“Савиясиз миллат ўзини ўзи йўқ қилади” – Қозоқбой Йўлдошев

Кun podkastiʼнинг бу галги сонида педагогика фанлари доктори, профессор Қозоқбой Йўлдошев билан суҳбат тайёрланди. Профессор билан ўзбек адабиётининг бугунги ҳолати, орзуларимизнинг нақадар кичрайиб кетгани, ўзбек тилини ўзимиздан ҳимоя қилиш, китоб ўқимаслик қандай оқибатларга олиб бориши, кино, театр ва журналистикамизнинг айни даражаси адабиёт ривожига тўсиқ бўлиши, қолаверса, китобхонликни тарғиб этувчи танловларнинг аҳамияти ва бошқа масалаларда подкаст шаклида кўрсатув тайёрладик.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Адабиёт бир жамиятнинг тарихи, бугуни, келажаги ўлароқ яшайди ва бугунги кунгача адабиёт гарчи биз унга таъсир эта олмайдиган даражада бўлсак ҳам, яъни яхши маънода ривожлантира олмайдиган бўлсак ҳам, бир жойда тўхтаб қолмайди ва у кетаверади. У миллат қалбидаги ўй-ҳисларини бир замондан бошқа бир замонга кўчириб бораверади. Лекин бугунги кунда биз ўзимизнинг ҳақиқатда адабиётга меҳрли эканимизни кўрсата оляпмизми ёки ўзимизни адабиётни шунчаки ўқигандек қилиб кўрсатиб беряпмизми, Қозоқбой ака?

– Энди савол анча ўйлашга мажбур қиладиганроқ савол бўлди. Адабиёт шундай ҳодисаки, у лаҳзани мангуликка муҳрлайди. Дейлик, ижодкорнинг кўнглини безовта қилган, ижодкорнинг туйғуларини мувозанатдан чиқарган у ёки бу ҳаётий бир туйғу ўша истеъдодли одамнинг маҳорати билан ҳеч қачон эскирмайдиган йўсинда муҳрлаб қўйилади. Ҳеч қачон унутилмайдиган йўсинда. Шуниси билан адабиёт, яхши таъкидладингиз, у ўтмишда қандай хизмат қилган бўлса, бугун ҳам, эртага ҳам эскирмайди ва ўша хизматини қилаверади. Мана у “Оҳ урарман, оҳ урарман, оҳларим тутгай сени, Кўз ёшим дарё бўлиб, балиқлар ютгай сени”. Тасвирнинг нозиклиги, муболағанинг қудрати ва туйғуларининг самимийлигига қойил қоласиз. Ҳа, энди бугун афсуски, адабиёт деган ҳодиса ўқиган одам учунгина бор. Ўқимаган одам учун адабиёт йўқ. Ва бугун жамиятнинг жуда катта қисми ўзи яратилаётган бадиий асарлардан хабари йўқ, ўқишга ўзида куч топа олмайди. “Адабиётимиз ўлган, адабиётимиз таназзулни бошидан кечиряпти, кечаги адабиёт қаёққа кетиб қолди?” дегандай айбловларни қўяди-да, ҳолбуки у ўзидан хабари йўқ. Пастернак деган руснинг катта ёзувчиси айтади: “Катта ўқувчи бўлмаган жойда катта адабиёт бўлмайди” дейди. Бу жуда шунчаки чиройли айтиб қўйилган гап эмас, бу ҳақиқат. Энди бу билан нима демоқчиман? Демоқчиманки, адабиётга талаб қўйишдан олдин, адабиётга айб тақашдан олдин унинг даражасидан хабардор бўлиш керак. Шундагина сенинг айтган гапингда салмоқ бўлади. Ўзи хабардор бўлмаган ҳодиса ҳақида хулоса чиқаришдан одам тортиниши керак.

Пастернакнинг ҳам яхши фикрини айтиб ўтдингиз. Энди хаёлимга бир фикр келди. Мана шу адабиётга бўлган бир томонлама эътиборсизлик нимага ишора қиляпти? Келажакдаги қанақа хавфлардан хабар беряпти?

– Яхши бир факт эсимга тушди. Америкада турма қуриш энг яхши самарали бизнес ҳисобланар экан. Шунинг учун ўша бизнесменлар томонидан 11-15 ёшли ўсмирлар ўртасида ҳар йили сўровнома ўтказилар экан. Агар миллион боладан сўров ўтказилган бўлса, шунинг қанчаси “бадиий асар ўқимайман” деса, шунча миқдорда қамоқхона қурилар экан. Бу боғлиқликка эътибор қиляпсизми? Яъни бугун бадиий асар билан шуғулланмаган одамлардан, ўқимайдиган одамлардан потенциал жиноятчи чиқади ва турмани ўшаларнинг миқдорига қараб тўлдиришимиз керак, деган хулосага келишар экан. Демак бугун бизнинг ўзбек миллатига жудаям хос бўлмаган кўп хусусиятларнинг, иллатларнинг пайдо бўлишига сабаб ана шу биз илдизимиздан узилиб боряпмиз. Чинакам миллий руҳоний илдиз адабиёт ва тилда сақланади ва ўзбек ўзини унинг бадиий адабиётида кўради. Ана шу бадиий адабиётида кўрмаган, бошқа ўзбекнинг руҳий дунёси қандай унсурлардан, тизим ва таг тизимлардан иборатлигини билмаган одам ўзи истамаган ҳолда потенциал жиноятчи бўлаверади. Ўшанга қараб, стихияли тарзда шу томонга қараб бораверади. Чунки одамни ножоиз, келишимсиз хатти-ҳаракатлардан тийиб турадиган қудрат бу маънавий дунёдир. Эзгу маънавий сифатлардир. Адабиётнинг қудрати шундаки, у яхши бўлинглар, яхши бўлсаларинг яхши бўлади, деган насиҳат билан эмас, балки ёмонликнинг ёмон эканини кўрсатиб қўйиш билан, яхшиликнинг яхши эканини кўрсатиб қўйиш билан тарбиялайди. У китобни ўқиш билан одам бирданига яхши бўлиб қолиши жуда қийиндир. Лекин ўзи хатти-ҳаракат қилаётган вақтда, ўша бировларнинг сиймосида, бировларнинг образида кўрган яхшиликни ўзига сингдирса, ёмонликдан тийилмоқчи, тийилмоққа чорлайдики, адабиётнинг кучи шунда.

Атрофимиз бугун гаджетлар, замонавий технологиялар билан ўралган, бизнинг ўрнимизда қайсидир маънода сунъий интеллект фикрлаб беряпти ва бунга монанд тарзда биз ривожланишимиз ўрнига, аксинча, биз уларга суяниб қоляпмиз-да, яъни сунъий интеллектлар, технологиялар инсонни қай даражада қолоқ қилиб қўя олади?

Мен энди бу фикрни унчалик ҳам қўлламаган бўлар эдим, чунки ўзи аслида ўша бояги сунъий интеллектдан фойдаланишнинг, фойдалана билишнинг ўзи учун ҳам одам муайян даражада ривожланган бўлиши керак. Тўғри айтяпсиз, лекин бизнинг қолоқлигимизга технологиялар, ахборот тўрлари сабаб эмас, балки аслида ўша сунъий интеллектни ҳам одамнинг интеллекти ундан баландроқ бўлиб, уни ўзининг ортидан эргаштириши керак. Биз энди ҳозир агар шу кетишда кетсак, сизнинг гапингиздан келиб чиқадиган маъно, бу миллат сунъий интеллектнинг етовида қолиб кетадиган бўлиб қолади. Биз ҳали у технологияларнинг Худо билади, бир 100 минг имкониятидан нечтасидан фойдаланаётган эканмиз, лекин технологиялар ҳаддан ташқари такомиллашган, дейлик, Америкадай, Япониядай, Хитойдай, мана бу кун ботиш мамлакатларидагидай жойларда шу киши бошига чиқаётган бадиий асарларнинг миқдори, кейин адабий, адабий оммавий журналларнинг миқдори, газеталар миқдори, ой битикларининг миқдори аввалги замонлардан ошса ошдики, камайгани йўқ. Фақат бу бизнинг ялқовлигимиз туфайли ва бир 25-30 йиллар давомида ўқиган, билимли одамлардан кўра ўқимаган, лекин уддали одамлар эътиборда бўлгани учун ўқимаслик бир миллий белгига айланиб қолди. Бу дунёда яхши яшаш учун бошни қотириб ўқиб ўтириш шарт эмас экан, дейдиган катта бир авлод шаклланди. Чинакам билим одамнинг орзуларини тўхтовсиз равишда юксалтиради. Орзулар моддий чегаралардан баландроқ бўлади. Каттароқ орзулар, номус деган, шаън деган, эътироф деган туйғуларни юзага чиқаради. Бизнинг орзуларимиз пасайиб қолди. Омон Матжон бундан бир 50 йиллар олдин “орзулари бўйидан паст” деб ёзган эди. Шу орзуларимиз дейлик анави қорин тўйдириш, яхши кийим кийиш, машина миниш, уй солишдан баландроққа чиқиш керак бўлади. Бир одамнинг ички дунёсини юксалтирадиган, одамнинг, шахснинг бошқа шахслар томонидан эътирофига сабаб бўладиган, ана шундай юксак орзулари бўлмагани учун ниҳоятда катта мансабларда турган одамлар фақат нима қилиб бўлса ҳам бойлик тўпласам деган даражага тушиб қолади. Ҳолбуки улар миллатнинг бугунги босқичи мени ана шундай юксак бир лавозимларга чиқарди, деб ўйлаши керак эди. Бу дунёда бундай имконият, 40 миллион одамнинг ичидан менга насиб қилди. Мен ана шундай бир эсда қоладиган, миллатга бир фойда келтирадиган ишлар қилишим керак, дейишнинг ўрнига нима қилиб бўлса ҳам кўпроқ, каттароқ бир моддий бойликка интилишим керак деб ўйлай бошлади. Чунки орзу шу билан тугади. Яна бир нарса борки шуни мен нима билан тушунтириш, изоҳлаш мумкин эканини ҳеч ўйлаб топа олмайман. Уйида ҳар ҳафта бўлмаганда икки марта ош қиладиган ўзбек қаердадир текин ош тарқатиляпти деса, шаҳарнинг у четидан бу четига келиб, талашиб, бир-бирини яксон қилиб ош емоқчи бўлишини тушунолмайман, биз учун ҳеч бир қизиқ нарса эмас-ку текин ош ейиш. Демак, мана шу ичимиздаги ўша маънавий борлиқ қашшоқлашиб кетади. Тизимларни, маънавий унсурларни бир тозалаш керак бўлади-да. Нима қиляпман ўзи, деб савол қўя билиш керак. Менинг ҳар битта хатти-ҳаракатим нимага олиб боради, демак энди, катта мақсадлар қўймоқ учун, катта орзулар қилмоқ учун, катта юксак хаёллар парвозига эришмоқ учун, юксак даражадаги адабиёт билан ошно бўлиш керак.

Тўлиқ суҳбатни Kun podkasti Youtube каналида томоша қилишингиз мумкин. 

Мавзуга оид

Эълонлар

Thompson Xалқаро мактаблари битирувчилари Британия университетларига имтиҳонсиз қабул қилиниши мумкин

“Euroasia Insurance” суғурта компанияси томонидан кўриб чиқилган суғурта ҳодисаси бўйича ҳисобот

Paynet: Ўзбекистонда финтех соҳасини тубдан ўзгартиришга қаратилган 5 янги хизмат

“Uzbekinvest” суғурта компанияси 2025 йилнинг I ярим йиллиги якунларини эълон қилди

Thompson Xалқаро мактаблари битирувчилари Британия университетларига имтиҳонсиз қабул қилиниши мумкин

“Euroasia Insurance” суғурта компанияси томонидан кўриб чиқилган суғурта ҳодисаси бўйича ҳисобот

Paynet: Ўзбекистонда финтех соҳасини тубдан ўзгартиришга қаратилган 5 янги хизмат

“Uzbekinvest” суғурта компанияси 2025 йилнинг I ярим йиллиги якунларини эълон қилди

Thompson Xалқаро мактаблари битирувчилари Британия университетларига имтиҳонсиз қабул қилиниши мумкин

“Euroasia Insurance” суғурта компанияси томонидан кўриб чиқилган суғурта ҳодисаси бўйича ҳисобот

Paynet: Ўзбекистонда финтех соҳасини тубдан ўзгартиришга қаратилган 5 янги хизмат

“Uzbekinvest” суғурта компанияси 2025 йилнинг I ярим йиллиги якунларини эълон қилди