АҚШ ядровий хавфсизлик бошқармасининг 500 нафар ходими ишдан бўшатилади
Илон Маск раҳбарлик қилаётган Ҳукумат самарадорлиги департаменти Энергетика вазирлигига шу каби кўрсатма берган.

Фото: Getty Images
АҚШ Энергетика вазирлиги Илон Маск раҳбарлик қилаётган Ҳукумат самарадорлиги департаменти талаби билан ишдан бўшатиладиган 8,5 минг ходимнинг рўйхатини тузди, деб ёзмоқда Bloomberg.
Рўйхатга Миллий ядро хавфсизлиги бошқармаси (NNSA) таркибидаги 3000 мутахассисдан 500 нафари ҳам киритилган, уларнинг фаолияти «иккинчи даражали» деб топилган. Аммо уларнинг барчаси ишдан бўшатиладими — бу ҳозирча номаълум. Энергетика вазирлиги турли вариантларни кўриб чиқаётгани ва якуний қарор ҳали қабул қилинмаганини билдирган. Айни пайтда вазирликда 17,5 минг киши ишлайди.
Associated Press маълумотларига кўра, ишдан бўшатилиш хавфи остида қолган мутахассислар АҚШнинг ядро ракеталарига хизмат кўрсатиш ва модернизация қилиш билан шуғулланади. Конгресс аъзоси Марси Каптур ва сенатор Пэтти Мюррей бу ҳолатдан хавотирда эканини билдирди. «Ядро қуролларининг хавфсизлиги ва ишончлилигини таъминлаш вазифаси юклатилган экспертларнинг ишдан бўшатилиши эҳтимоли ниҳоятда ташвишли. Бундай хавфли қисқартишлар бўлмаслиги керак. Биз бу бемаъниликдан воз кечишга чақирамиз,» — дейилади икки демократ сиёсатчининг қўшма баёнотида.
Феврал ойида Трамп маъмурияти Илон Маск бошқарувидаги департамент томонидан ишдан бўшатилган юзлаб NNSA ходимларини ишга қайтаришга мажбур бўлган эди. Маълум бўлишича, улар ядро қуролини бошқариш, ишлаб чиқариш объектларида ишлаш ва пудратчилар устидан назорат қилиш билан шуғулланган. Энергетика вазири Крис Райт бу қисқартишни хато бўлганини тан олганди. Шу билан бирга, у Жо Байден маъмурияти даврида вазирлик ҳаддан ташқари кенгайганини, энди эса бу муаммони ҳал қилишга тўғри келаётганини айтган. Энергетика вазирлиги фақат ядро қуролидан ташқари, гидроэлектростанцияларни бошқариш, радиоактив чиқиндиларни утилизация қилиш, электр тармоқлари модернизацияси ва уйларни иссиқлик изоляциясига грантлар ажратиш каби йўналишлар билан ҳам шуғулланади.
2025 йил январда Трамп президентликка киришганидан сўнг ташкил этилган Маск департаменти давлат секторидан 75 минг ходимнинг қисқартирилишига эришди — улар август ёки центабргача маош олиш шарти билан ихтиёрий тарзда ишдан бўшаган. Бу ҳокимият органлари ходимларининг қарийб 4 фоизини ташкил этади. The Washington Post маълумотларига кўра, федерал агентликларнинг яна минглаб ходимлари шу каби шартлар таклиф қилинган.
Мавзуга оид

20:55 / 09.05.2025
Британияда уруш фахрийси танкда Tesla автомобилини пачақлади

22:17 / 08.05.2025
Билл Гейтс миллиардер Илон Маскни қашшоқ болалар ўлимида айблади

18:27 / 01.05.2025
WSJ: Tesla Илон Маскнинг ўрнига янги бош директор изламоқда

17:04 / 01.05.2025