Фужи тоғига чиқиш тўлиқ пулли бўлди
Туристлар энди Япониядаги Фужи тоғига чиқиш учун 27 доллар тўлашлари керак бўлади.

Фото: AP
Май ойидан бошлаб Сидзуока префектурасидаги учта машҳур йўналиш бўйлаб Фужи тоғига чиқиш учун туристлар 4 минг иена (27 доллар) тўлашларига тўғри келади. Kyodo агентлигининг маълум қилишича, Япония рамзи бўлган тоғга чиқишни пулли қилиш тўғрисида қарор 17 март куни префектура ҳукумати томонидан қабул қилинган.
Ўтган йили ёз мавсумида Яманаси префектураси ҳам Фужи тоғига чиқишни пулли қилган эди, жорий мавсумда эса тўловларни икки баробарга — 4 минг иенагача оширди.
Фужи тоғига чиқиш учун тўлов билан бир қаторда, Сидзуока ҳукумати бир қатор чекловларни ҳам жорий этди. Хусусан, янги мавсумдан — 2025 йил 1 июлдан бошлаб тоғдаги базада жой банд қилмаганлар соат 14:00 ва 03:00 оралиғида унга кўтарилиши мумкин эмас. Ушбу чора «тезкор кўтарилиш» ҳолатларининг олдини олишга қаратилган. Бундай ҳолатда туристлар йўлда дам олмасдан, тунда чўққига чиқишга ҳаракат қилади, бу эса хавфли ҳисобланади.
Фужи тоғига чиқиш учун рухсатномалар савдосидан тушган маблағ префектура томонидан йўллардаги хавфсизлик чораларини кучайтириш ва ходимлар иш ҳақини тўлашга йўналтирилади. Ҳукумат режасига кўра, тўлов ва чекловлар жорий этилиши тоғга чиқмоқчи бўлган сайёҳлар сонининг ҳаддан ташқари кўпайиши муаммосини ҳал қилиши керак.
Таъкидланишича, ҳаддан ташқари кўп сайёҳ оқими минтақа экологиясига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ўтган йили турли йўналишлар бўйлаб 3 776 метр баландликдаги Фужи тоғига 204 мингдан ортиқ киши кўтарилган.
Маълумот учун, сайёрадаги энг гўзал вулқон тоғларидан бири саналувчи, деярли идеал конус шаклидаги Фудзиямада охирги марта бундан 300 йилча олдин вулқон отилган. Олимлар вулқон яқин вақт ичида уйғонмаслигини ишонч билан таъкидлашади. Фужига ҳар йили ташриф буюрадиган сайёҳларнинг 30 фоизи – хорижликлардир.
Мавзуга оид

21:35 / 17.03.2025
Беларусда жосусликда айбланган Япония фуқаросига ҳукм ўқилди

16:30 / 16.03.2025
Япония КХДРга яқин оролига узоқ масофага мўлжалланган ракеталарни жойлаштириши мумкин

11:30 / 12.03.2025
Японияда давлат хизматчилари ишга беш дақиқа олдин келишга мажбурлангани учун 67 минг доллар компенсация олди

05:00 / 11.03.2025