Жаҳон | 12:20
4931
3 дақиқада ўқилади

Сирский: Украина қуролли кучлари Курск областидан қисман чиқиб кетяпти

Александр Сирский украиналик аскарларнинг ҳаётини сақлаб қолишни устувор вазифа деб атади. Улар Курск областида мудофаани «мақсадга мувофиқ ва зарур бўлган вақтгача» ушлаб турадилар, деди у.

Фото: AP / Vadim Ghirda

Украина қуролли кучлари бош қўмондони Александр Сирский Украина қўшинлари Курск областидан қисман олиб чиқилишини маълум қилди. «Менинг устувор вазифам украиналик аскарларнинг ҳаётини сақлаб қолиш эди ва шундай бўлиб қолади. Бунинг учун Мудофаа кучлари бўлинмалари, керак бўлса, фойдалироқ позицияларга манёврни амалга оширади. Биринчи навбатда, пилотсиз компонент, шунингдек, артиллерия ўқ отиш қуроллари ишлатиляпти. Бунинг учун барча керакли буйруқларни бердим», — деб ёзди Сирский 12 март, чоршанба куни Facebook саҳифасида.

AFP таъкидлаганидек, янада қулайроқ позицияларга ўтиш ҳақидаги сўзлар одатда чекиниш ҳолатларида қўлланади.

Британия разведкаси: Россия Курск областида босимни оширяпти

Россия қўшинлари ҳужумнинг асосий йўналишини Курск областига қаратди, бу эса Украина қуролли кучлари учун фронтнинг бошқа ҳудудларида қарши ҳужумга ўтиш учун янги имкониятлар очди. Бу ҳақда Буюк Британия Мудофаа вазирлиги 10 март куни X  ижтимоий тармоғида чоп этилган кундалик разведка шарҳида маълум қилди.

Британия ҳарбий разведкаси маълумотларига кўра, рус қўшинлари Курск областида Украина қўшинларига босимни кучайтириб, уч йўналишдан – ғарб, шимол ва шарқдан ҳужум қилмоқда. Шу билан бирга, Украина қўшинлари тахминан 300 квадрат километр майдонни назорат қилаётган бўлиши мумкин. 

Фронтнинг бошқа ҳудудларида Россия ҳужум ҳаракатларининг интенсивлиги 2024 йил охири ва 2025 йил бошига нисбатан камайди, дейилади шарҳда. Бу Украина қуролли кучларига, хусусан, Россиянинг асосий бўлинмалари тўпланган Донецк области Покровск районида қарши ҳужумларни кучайтиришга имкон берди. Хабар қилинишича, Украина қўшинлари Песчане, Удачне, Шевченко яқинида ҳамда Т-0506 логистика магистралининг жанубида муваффақиятли қарши ҳужумга ўтган.

«Украинанинг қарши ҳужум қилиш қобилияти Россия томонидан ўтказилаётган қуруқликдаги ҳужум операциялари сонининг қисқариши ҳисобига яхшиланди. Покровск ўқидаги Россия таъминот линиялари ҳам Украина учувчисиз учиш тизимларининг ҳужумлари туфайли заифлашди», — деб ёзади Буюк Британия МВ.

Мавзуга оид