Жаҳон | 18:12
4217
19 дақиқада ўқилади

Урушнинг охири яқинми? Нега Украина ва Россияга тинчликка эришиш шунчалик қийин?

Фото: Getty Images

Украина ва АҚШ ўртасидаги музокаралардаги муваффақият уруш тугашига умид уйғотди. Россия томони сукут сақлашига қарамай, Киев рози бўлган сулҳ истиқболи ҳозирда имконсиз кўринмаяпти. Аммо ўт очишни тўхтатишга эришиш ҳам – осон вазифа эмас, мустаҳкамроқ тинчлик сулҳи йўлидаги тўсиқлар эса янада кўпроқдир. BBC бунинг сабабини тушунтиради.

Сулҳ тузиш Украина учун фойдалими?

Бир томондан, ҳа: Володимир Зеленскийнинг Доналд Трамп билан ҳалокатли учрашувидан бир ярим ҳафта ўтгач, Киев Вашингтон билан конструктив мулоқотни тиклашга муваффақ бўлди дейиш мумкин. Украина ҳарбий ҳаракатларни 30 кун муддатга тўхтатишга розилик бергач, АҚШ ҳарбий таъминот ва разведка маълумотлари алмашинувини қайта тиклади.

Киевдагилар бу келишувлардан мамнун, чунки бу Украина урушни тўхтатишни истамаётгани ҳақидаги нарративни бузишга имкон берди – Кремлдагилар мунтазам равишда шу ҳақда гапириб келаётган, сўнгги ҳафталарда Оқ уйда ҳам гапира бошлашганди.

Аммо бошқа томондан, бутун фронт чизиғи бўйлаб ўт очишни тўхтатишга розилик – урушнинг дастлабки икки йилида Киев амал қилган, Россия Украинанинг халқаро миқёсда тан олинган ҳудудларидан қўшинларини олиб чиқмагунча сулҳ тузилмаслиги тўғрисидаги принциплардан кескин ортга қайтишдир.

Бундай позицияни қўллаб-қувватловчи асосий аргумент шундан иборат эдики, ҳарбий ҳаракатлардаги ҳар қандай тўхталиш Москвага янги ҳужумлар учун куч тўплаш имконини беради. Айнан шунинг учун Украина делегацияси Жиддага фақат «ҳавода ва денгизда сулҳ тузиш» таклифи билан келганди.

Жиддадаги музокараларда хавфсизлик кафолатлари масаласи (яъни Россия паузадан фойдаланмаслиги ва янги куч билан ҳужум қилмаслиги учун қандайдир ҳимоя) очиқ қолди.

Аммо АҚШ раҳбарияти ўт очишни тўхтатгандан кейингина кафолатлар ҳақида гапириш мумкинлигини таъкидлагани учун Киев ён беришга мажбур бўлди.

Жиддадаги музокаралар Киевга Вашингтон билан муносабатлардаги кескинликни юмшатишга ёрдам берди, АҚШ бир неча ҳафта ичида илк марта Россиядан тинчликка эришиш учун аниқ ҳаракатларни талаб қилди. Аммо бу муваффақият Киевни Украина ҳукумати эҳтимолий келишув асоси деб ҳисоблаган хавфсизлик кафолатларини олишга яқинлаштирмади. Фото: Salah Malkawi/Getty Images

Володимир Зеленский очиқчасига айтди: у Владимир Путиннинг урушни тугатишни исташига ишонмайди.

«Аммо Россия уруш тугашини биз истамаётганимиз ҳақидаги бутун дунёга тарқатаётган нарративлар билан ўйнашмаймиз... Мен жуда жиддий кайфиятдаман. Мен учун энг муҳими – урушни якунлаш ва АҚШ президенти буни кўришини истайман», – дея америкаликлар формулировкасига розилигини изоҳлади Украина президенти.

Украинлар бундай сулҳга розилик билдирганидан сўнг, америкалик дипломатларнинг вазифаси Россияни уни имзолашга кўндиришдир.

Сулҳ тузиш Россия учун фойдалими?

Кремлдагилар бу масалада «шошилмаслик»ка чақирди. Президент матбуот котиби Дмитрий Песковнинг сўзларига кўра, Москва АҚШ ва Украина музокаралари якунлари бўйича баёнотларни «диққат билан ўрганмоқда» ва Америка томонидан тафсилотларни кутмоқда.

Владимир Путин уруш давомида ўт очишни вақтинча тўхтатишга қарши бўлмаган – иккала сафар ҳам Рождествода. Киев бу таклифларни жиддий қабул қилмаганди.

Аммо узоқ муддатли ўт очишни тўхтатиш ҳақида Путин ҳам Украина раҳбарияти каби шубҳа билан гапирган. «Бир ҳафта тўхташ – бу рақибга ушбу позицияларда мустаҳкам ўрнашиб олишга имкон бериш демакдир. Нафас ростлаш ва керакли ускуналар, ўқ-дориларни олиш имкониятини бериш», – деганди у.

BBC’нинг Кремлга яқин манбасига кўра, Россия расмийлари ҳозирги вазиятда ҳеч қандай шартларсиз сулҳ тузиш биринчи навбатда Киев учун фойдали деб ҳисоблайди: Россия қўшинлари катта йўқотишлар билан бўлса-да, Донбассда ҳам, Курск областида ҳам олдинга силжимоқда.

Нашр суҳбатдоши Москванинг мантиғини шундай тушунтиради: агар уруш Киевнинг ён беришларисиз тўхтаса, унда Путин ўз мақсадига эришиш учун ҳарбий ҳаракатларни қайта бошлаши керак бўлади – ва бу билан Украина иттифоқчилари Россияга ишониб бўлмаслигига яна бир бор амин бўлади.

Аммо таклифни тўғридан тўғри рад этишда ҳам яққол рисклар бор: бу Доналд Трамп келганидан кейин йўлга қўйилиши бошланган Россия ва АҚШ ўртасидаги мулоқотни мураккаблаштиради.

Март ойи бошидан бери Россия Курск областидаги бир қанча аҳоли пунктлари устидан назоратни қайтариб олди – 12 март куни Путин шахсан ўзи ушбу ҳудудга келди. Фронтдаги ҳаракатлар Россиянинг тинчлик таклифларига жавобига таъсир қилувчи асосий омиллардан бири бўлади. Фото: KREMLIN/TASS

2024 йил июн ойида Владимир Путин сулҳнинг асосий шартларини санаб ўтганди – улар орасида Украина қўшинларини Луҳанск, Донецк, Херсон ва Запорижжя областларидан тўлиқ олиб чиқиш, Украина НАТОга қўшилишдан бош тортиши, санкцияларни бекор қилиш бор эди.

Жиддадаги музокаралар натижаларининг иккинчи қисми – Америка қуролларини етказиб бериш ва разведка маълумотларини Киевга топширишни қайта тиклаш ҳам Путиннинг шартларига зид келади. Россия президенти Ғарбни Украинага ҳарбий ёрдами учун кўп марта танқид қилган ва буни ҳарбий ҳаракатлар давом этишига сабаб деб атаган.

Чоршанба куни Bloomberg агентлиги бир нечта аноним манбаларга таяниб, Путин Киев билан вақтинчалик сулҳга рози бўлиши мумкинлиги, бироқ келишувга ўз талабларини киритмоқчи эканини маълум қилди.

Бундай шартлардан бири, агентлик суҳбатдошининг сўзларига кўра, АҚШдан Украинага қурол етказиб беришни тўхтатиш бўлиши мумкин. Бошқа бир манбанинг айтишича, Киев ва Вашингтон ўртасида Жиддада эришилган келишув Кремл учун «маъқул эмас», чунки у Россия билан олдиндан муҳокама қилинмаган.

Энди нима қилиш кераклиги ҳақида режа борми?

Россия ва Украина қисқа танаффусдан кўра, урушни тўлиқ ҳал қилишдан манфаатдор эканини айтмоқда. Хўш, томонларга катта тинчлик келишуви устида иш бошлашга нима тўсқинлик қилмоқда?

BBC’нинг Кремлга яқин суҳбатдоши таъкидлашича, ҳозирда Москва ва Киев ўртасида, жумладан, АҚШ ва Европа иштирокида тўғридан тўғри мулоқот йўқлиги сабабли томонларнинг ҳеч бирида урушаётган томонларнинг позицияларини ҳисобга олган аниқ тартибга солиш режаси бўйича таклифлар йўқ.

«Қораламаларни ёзиш керак. Буларнинг барчаси вақт талаб қилади. Украина хавфсизлиги кафолатлари-ми? Украиналиклар билан столга ўтириб, буни муҳокама қилиш, Путинда қандай „қизил чизиқлар“ борлигини тушунишга ҳаракат қилиш керак. [Украинанинг] нейтрал мақоми? Буни ҳам ўтириб, муҳокама қилиш керак, – дейди BBC манбаси. – Ҳозир эса ҳеч қандай режа йўқ. Ҳеч кимда – америкаликларда ҳам, европаликларда ҳам, украинларда ҳам, русларда ҳам».

Назарий жиҳатдан, Россия томонидан бундай таклифларни Владимир Путиннинг махсус вакили ишлаб чиқиши мумкин эди, дея давом этади суҳбатдош: «Мана, америкаликлар [Кит] Келлогни тайинлашди. Путин ҳам кимнидир тайинлаши ва бу одамлар ниманидир гапира бошлаши мумкин эди».

Аммо, унинг сўзларига кўра, Кремлда бу мавзуда фаол мунозара йўқ. Бундай махсус вакил Украинада ҳам йўқ.

Россия ва АҚШ ўртасидаги мулоқот тикланиши ва олий даражадаги алоқалар ҳозирча Украинадаги урушни якунлаш масаласида ҳам, Москва ва Оқ уй ўртасидаги муносабатларни қайта тиклашда ҳам аниқ натижа бермади.
Фото: EVELYN HOCKSTEIN/POOL/AFP via Getty Images)

АҚШ ва Россия ўртасида Ар-Риёдда бўлиб ўтган дастлабки музокаралардан сўнг, РФ президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков Россия америкаликлар билан ишлаш учун алоҳида делегация тузиши мумкинлигини айтганди, аммо ҳозирча бу рўй бермади.

Европа давлатлари раҳбарлари ҳам ҳозирча аниқ режа таклиф қила олмаяпти. Ўтган ой давомида улар бир нечта фавқулодда саммитлар ўтказишди – бундай асосий учрашув Лондонда бўлиб ўтди.

Аммо муҳокамалар бориши билан таниш бўлган европалик дипломатнинг сўзларига кўра, ҳозирча Украинанинг европалик иттифоқчилари ўзаро келишиб олиши ҳам қийин бўлмоқда – масалан, Киев учун хавфсизлик кафолатлари бўйича.

Шу ҳафта Франция президенти Эммануэл Макрон фақат Украина учун кафолатлар режасини ишлаб чиқишни бошлашга чақирди.

Томонларнинг кенг кўламли келишув лойиҳасини ишлаб чиқиш учун стол атрофига ўтириши, жумладан, урушнинг табиати туфайли қийин, дейди BBC суҳбатдошлари.

«Албатта, асосий муаммо шундаки, бу жуда мураккаб ва сиёсий жиҳатдан нозик масалалар. Келишувга эришиш учун мисли кўрилмаган зўравонлик билан шафқатсиз уруш олиб борган давлатлар мураккаб муросаларга бориши керак. Бу жуда қийин», – дейди RAND тадқиқот корпорацияси катта илмий ходими Самуэл Чарап BBC билан суҳбатда.

Ҳозирча, унинг таъкидлашича, асосий томонлар – масалан, АҚШ риторикасидаги аниқ ўзгаришларга қарамай, уруш давом этмоқда, Россия ва Украина эса ҳеч қачон бир-бири билан тўғридан тўғри мулоқотга киришмаган.

«Албатта, сўнгги ҳафталарда кўп нарса ўзгарди, аммо қайсидир маънода айтиш мумкинки, ҳозирча ҳеч нарса ўзгармади», – дейди Чарап.

Бу ҳақда BBC билан суҳбатда Янги Евросиё стратегиялари маркази (NEST) катта илмий ходими ва НАТОнинг Москвадаги собиқ вакили Жон Лаф ҳам айтиб ўтди. У дипломатик алоқаларнинг ҳозирги босқичини «ҳақиқий музокаралардан олдинги» деб таърифлади.

Лафанинг сўзларига кўра, Оқ уйнинг Кремл билан мулоқоти ҳозирча урушга чек қўядиган келишувнинг ҳақиқий параметрларини аниқлашдан кўра, мулоқот юзага келиши ва дипломатик муносабатларни тиклаш учун «оҳанг бериш»га уринишдек кўринади.

«Трамп тинчлик ҳақида гапирганда, айнан ўт очишни тўхтатиш ҳақида гапирмоқда. [Тинчлик йўли билан ҳал қилиш] муаммолари – тезда ҳал қилиш учун жуда мураккаб. Буни амалга ошириб бўлмайди», – дея таъкидлайди Лаф.

Ўт очишни тўхтатиш доимий келишув режаси қандай кўриниши бўйича музокараларни бошлашга имкон бериши мумкин, дея давом этади эксперт.

Аммо улар узоқ давом этиши мумкин: «Бу уруш ва унинг келиб чиқиш сабаблари жуда мураккаб бўлгани ва можаронинг ўзи уч йилдан бери давом этаётгани ва катта зарар етказгани сабабли, товонлар, музлатилган активлар ва буларнинг барчаси билан боғлиқ кўплаб саволлар туғилади. Бу масалаларни ечишга йиллар бўлмаса ҳам ойлар кетиши мумкин».

Украинага кафолатлар ва Москванинг ён бериши қандай бўлиши мумкин?

Украинага тинчликпарвар кучларни юбориш мумкинлиги ҳақидаги Европада бир неча ҳафтадан бери давом этаётган мунозара томонларнинг позициялари қанчалик фарқ қилишига яхши мисол бўла олади. Бу ғояни кўпроқ Франция ва Британия илгари сурмоқда. Назарий жиҳатдан бошқа давлатлар ҳам қўшилишга тайёр – масалан, Дания ва Австралия расмийлари бу ҳақда гапиришди.

Шу билан бирга, март ойида Лондонда бўлиб ўтган саммитдаги муҳокамалардан хабардор бўлган европалик дипломатнинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқининг кўплаб давлатлари бу ғояга унчалик иштиёқ билдирмаяпти: «Лондон бошқа давлатлар унинг тинчликпарвар кучларни юбориш ғоясини илиб олишига ва ўз иштирокини ёки ҳатто ўз қарашларини таклиф қилишига умид қилгандек таассурот уйғонди. Лекин бундай бўлмади, бўлиши ҳам мумкин эмасди. Европанинг кўплаб мамлакатларида ҳозир ички сиёсий вазият мураккаб».

BBC суҳбатдошининг сўзларига кўра, Европа Иттифоқининг кўплаб давлатлари Украинага ҳарбийларни юбориш «сиёсий коллапс ёки тартибсизлик»ка айланиши мумкинлигидан хавотирда. «Бундай вазиятда кескин ҳаракатларга тайёр бўлганлар кам», – дея таъкидлайди дипломат.

Доналд Трамп Украинада Европа тинчликпарвар кучлар бўлишига  эътироз билдирмади. Аммо у АҚШ ҳар қандай ҳолатда ҳам у ерга ўз ҳарбийларини юбормаслигини таъкидлади.

Унинг баёнотларидан Америка расмийлари Европа қитъасига ҳеч бўлмаганда қандайдир ёрдам ёки кафолат беришга тайёрми ёки йўқлиги аниқлаб бўлмайди – Financial Times Макрон Трампдан бундай ваъдаларни ололмаганини таъкидлади. Буюк Британия бош вазири Кир Стармернинг айтишича, Американинг қўллаб-қувватлашисиз тинчликпарварлик миссияси амалга ошиши имконсиз.

Россия ҳукумати тинчликпарвар кучлар ғоясига кескин қарши – Москва НАТО давлатлари ҳарбийларини ўз чегаралари яқинида кўришни истамаслигини бир неча бор таъкидлаган. «Биз муроса учун ўрин кўрмаяпмиз. Бу муҳокама очиқдан очиқ душманлик мақсади билан олиб борилмоқда», – деди куни кеча Сергей Лавров.

НАТОнинг Москвадаги собиқ вакили Жон Лафнинг фикрича, бу муҳокамалар бирор натижага олиб келиши даргумон: «Қайсидир маънода бу қуруқ таҳдидлар. Европа ҳам, Кремл ҳам АҚШ бундай миссиянинг хавфсизлигига кафолат бермаслигини тушуниб турибди».

Лафнинг фикрича, Кремл учун ягона мақбул вариант 2014–2022 йилларда Донбассда ишлаган ЕХҲТ махсус мониторинг хизмати ходимларини эслатувчи кузатувчиларни юбориш бўлиши мумкин.

RAND эксперти Сэмуэл Чарап ҳам тинчликпарвар кучлар ғоясини унчалик истиқболли эмас деб ҳисоблайди – биринчи навбатда, Европа контингентини юбориш мақсади аниқ эмас.

«Агар улар Украинани ҳимоя қилиш учун у ерда бўлса, унда улар тинчликпарвар кучлар эмас», – деб тушунтиради у. Агар тинчликпарвар кучларда бундай мақсад бўлмаса, унда бу Украина хавфсизлигини қандай кафолатлаши ҳам тушунарсиз бўлади.

Туташув чизиғида Хитой ҳарбийлари пайдо бўлиши кутилмаган жавоб бўлиши мумкин эди – эҳтимол, БМТ мандати остидаги кенгроқ миссия таркибида.

Берлиндаги Карнеги маркази хитойшуноси Александр Габуев BBC билан суҳбатда бу вариант ҳозирча жиддий ва очиқ муҳокама қилинмаётганини, бироқ унинг бир қатор афзалликлари бўлиши мумкинлигини айтади.

Шундай қилиб, можаро томонларининг ҳеч бири Пекин билан муносабатларни бузишдан қўрқиб, бу тинчликпарварларга ҳужум қилишга журъат эта олмайди. Бундан ташқари, шахсан Си Жинпингнинг обрўси уруш қайта бошланмаслигига боғлиқ бўлади, унинг ўзи учун бундай миссия Хитойнинг Европа билан муносабатларини яхшилаш усули бўлиб хизмат қилиши ҳам мумкин.

«Муроса иккала томонни ҳам тўлиқ қониқтирмайди, лекин улар у билан яшаши мумкин», – дейди Габуев.

Европа етакчилари Украинани қўллаб-қувватлашга ваъда бермоқда ва қитъадаги хавфсизлик бўйича музокараларда иштирок этиш ҳуқуқига эга эканликларини исботлашга ҳаракат қилмоқда. Лекин ҳозирча ўзаро ҳам узил-кесил келиша олишмаяпти.
Фото: Justin Tallis - WPA Pool/Getty Images

Чарапнинг фикрича, хавфсизликнинг ҳақиқий кафолати 1975 йилда АҚШ ва Исроилнинг Миср билан тинчлик музокаралари пайтидаги келишувига ўхшаш келишув бўлиши мумкин. Ўшанда Вашингтон ўт очишни тўхтатишга эришишга ёрдам берган ва Қоҳира сулҳни бузгудек бўлса, Исроилга «вазиятни тўғрилаш бўйича чоралар кўриш»га ваъда берган.

BBC’нинг Кремлга яқин суҳбатдоши ҳам бу фикрга қўшилади. Унинг сўзларига кўра, бундай келишувлар Владимир Путинни Европа қуролли контингентининг Украинада бўлишидан кўра кўпроқ қониқтирган бўларди. Унинг эслатишича, Киевга шунга ўхшаш кафолатлар 2022 йил баҳоридаги Россия-Украина музокараларида ҳам муҳокама қилинган (уларнинг натижаси Истанбул коммюникеси бўлган).

Аммо ўшанда Украина кафолатчи сифатида кўришни истаган давлатлар Россияга қарши урушга қўшилиш учун имзо қўйиш истиқболига иштиёқ билдирмаган. Катта урушнинг уч йили давомида уларнинг позицияси ўзгарганми ёки йўқми, аниқ эмас.

Володимир Зеленский яқинда Лондонга ташрифи чоғида Украина хавфсизлигининг энг яхши кафолати «кучли армия» бўлишини айтди. НАТОнинг Москвадаги собиқ вакили Жон Лаф бу фикрга қўшилади – унинг сўзларига кўра, тинчликни сақлаш учун энг яхши тийиб туриш воситаси Украина қуролли кучларини мустаҳкамлаш ва мудофаа чизиқларини яратиш бўлиб қолмоқда.

Россия расмийлари, BBC манбасининг сўзларига кўра, ҳозирги шароитда сулҳ тузиш Украина учун фойдалироқ деб ҳисобламоқда.
Фото: TETIANA DZHAFAROVA/AFP via Getty Images

Европа етакчилари АҚШ позициясидан қатъи назар, Киевни ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни давом эттиришга ваъда бермоқда. Аммо бу камида босқин бошида Украина армияси сонини сезиларли даражада қисқартиришни талаб қилган ва мамлакатни «демилитаризация» қилишни асосий мақсадлардан бири деб атаган Кремлни қониқтирадими ёки йўқми, номаълум.

Россия қандай муросаларга боришга тайёрлиги масаласи ҳам очиқ қолмоқда. Владимир Путин яқинда уруш иштирокчиларининг оила аъзолари билан бўлиб ўтган учрашувда Россия Украинада «ўзиникини олдирмаслиги»ни ваъда қилганди.

Доналд Трамп Москвага ён бермаса, санкцияларни кучайтириш билан таҳдид қилмоқда. Аммо Вашингтон Кремлдан ўт очишни тўхтатишдан ташқари қандай ён беришларни кутаётгани номаълум. Қисман бу янги Америка маъмурияти Москва билан муносабатлардан нимани кутаётгани ҳозирча номаълумлиги билан боғлиқ.

«АҚШнинг мақсади нима – Россия билан муносабатларни нормаллаштириш? Ва бу ҳолатда ўт очишни тўхтатиш ушбу мақсад йўлидаги босқич сифатида қабул қилиниши керакми? – деб мулоҳаза юритади Сэм Чарап. – Ёки мақсад айнан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш, муносабатларни нормаллаштириш эса бу тўхтатишга эришиш йўлими? Биз бу саволга жавобни шунчаки билмаймиз».

Мавзуга оид