Жамият | 16:46 / 12.03.2025
3319
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги кўпқаватли уйда одамлар лифтда қамалиб қолди

Лифт қаватлар оралиғида тўхтаб қолган, кейинчалик одамлар лифтдан чиқарилган.

Фото: Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги

Тошкент шаҳри, Яшнобод тумани, Нормуҳаммедов даҳаси 12-уйнинг лифтида носозлик юз берди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеога кўра, лифт ичидаги одамлари билан бирга ҳаракатдан тўхтаб қолган.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги хабарига кўра, лифт тўхташ қаватига келганда секинлаштириш функциясини амалга оширувчи датчик носозлиги туфайли ўз вақтида керакли сигнал етиб бормаган. Шу боис лифтнинг ҳимоя фукцияси ишлаб, 2- ва 3- қаватлар оралиғида ҳаракатланишдан тўхтаган.

Таъкидланишича, кўп қаватли уйга хизмат кўрсатувчи «Eco hudud» ва лифт эксплуатациясини шартнома асосида амалга ошириб келаётган «Хавфсиз лифт» ташкилотининг 24/7 диспетчерлик хизматига мурожаат келиб тушгач, ташкилот вакиллари ҳодиса жойига бориб, одамларни 4-5 дақиқа ичида лифтдан чиқариб олишга муваффақ бўлган. Ҳозир лифт қурилмаси соз ҳолатга келтирилгани айтилмоқда.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Озода Жўраева Яшнобод тумани ҳокими, Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси вакиллари ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан ҳолатни муҳокама қилган. Бунда тизимни рақамлаштириш, кузатув механизмини янада кучайтириш лозимлиги таъкидланиб, лифт кабиналарида алоқа каналларини яхшилаш юзасидан аниқ топшириқлар берилган.

Мавзуга оид