Ўзбекистон | 21:27 / 12.03.2025
925
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда ҳаво тозалигини назорат қилувчи иккита станция ўрнатилди

Ўрнатилган станциялар ҳаво ифлосланишини юқори даражадаги аниқликда ўлчаш бўйича патентланган технологияларга эга.

Фото: Zamin Foundation

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда «Замин» халқаро жамоат фонди томонидан Тошкент шаҳрининг Яшнобод ва Олмазор туманларида ҳавони мониторинг қилувчи 2 та автоматик станция ўрнатилди ва ишга туширилди.

Қайд қилинишича, бу «Атмосфера ҳавоси ифлосланиши мониторингини автоматлаштириш» лойиҳаси доирасида амалга оширилди. Ўрнатилган станциялар ҳаво ифлосланишини юқори даражадаги аниқликда ўлчаш бўйича патентланган технологияларга эга.

Таъкидланишича, автоматик станцияларни ўрнатиш жойини танлаш турли омилларга боғлиқ. Улар орасида аҳоли зич жойлашган ҳудудлар, асосий йўллар ва транспорт магистраллари, муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар муҳим ўрин тутади. Бу ўз навбатида аҳоли турмуш сифатини яхшилаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича қарорлар қабул қилиш учун аниқ маълумотлар тўплаш ва улардан самарали фойдаланиш имконини беради.

Хабарга кўра, Гидрометеорология агентлиги ходимлари станциялардан келаётган маълумотларни таҳлил қилиш, шунингдек, ускуналар ва дастурий таъминотдан фойдаланиш бўйича мунтазам равишда ўқитилмоқда.

Мавзуга оид