Жаҳон | 11:20
1220
3 дақиқада ўқилади

Макрон иттифоқчиларни Киев учун кафолат режасини ишлаб чиқишга чақирди

Парижда бўлиб ўтган 34 давлат бош штаблари раҳбарларининг йиғилиши иштирокчилари Украина хавфсизлиги кафолатларини «НАТО ва унинг имкониятларидан ажратиб қўймаслик керак» деган фикрга келишди, деб хабар беради Елисей саройи.

Фото: Ludovic Marin/AFP/Getty Images

Франция президенти Эммануэл Макрон 11 март, сешанба куни Париждаги ёпиқ йиғилишга йиғилган ўттизга яқин давлат бош штаб бошлиқларини Россия билан тинчлик битими тузилган тақдирда Украина учун «ишончли хавфсизлик кафолатларини белгилаш режаси»ни ишлаб чиқишни бошлашга чақирди, деб ёзади Le Figaro газетаси Елисей саройига таяниб.

AFP агентлиги хабарига кўра, Париждаги йиғилишда 34 давлат вакиллари иштирок этган. Асосан гап Европа Иттифоқи ва НАТОга аъзо давлатлар ҳақида кетяпти. Бундан ташқари, музокараларда Австралия, Янги Зеландия ва Япония вакиллари иштирок этди, дейилади хабарда. Шу билан бирга, АҚШ ушбу тадбирда қатнашмади.

«Европа бор оғирлигини (тарозида) Украина ва ўзи фойдасига ташлаш вақти келди», — деди Макрон. «Тинчлик музокараларининг жадаллашувини ҳисобга олган ҳолда», Украинада мустаҳкам тинчлик ўрнатишни ҳақиқатга айлантириш учун «ишончли хавфсизлик кафолатларини белгилаш»ни режалаштиришни бошлаш зарур, дея давлат раҳбарининг сўзларидан иқтибос келтиради Елисей саройи.

Франция президенти матбуот хизмати хабарига кўра, учрашув иштирокчилари Украина хавфсизлиги кафолатларини «НАТО ва унинг имкониятларидан ажратмаслик керак» деган фикрга келишган. Бундай кафолатлар «ишончли ва узоқ муддатли бўлиши ҳамда Украина армиясини доимий қўллаб-қувватлаш билан бирга бўлиши керак», дейилади баёнотда.

Макрон: Париж иттифоқчиларини ядро қуроли билан ҳимоя қилиш имконини кўриб чиқади

Франция президенти Эммануэл Maкрoн Украинада кенг кўламли уруш олиб бораётган Россия бутун Европа учун таҳдидга айланганини айтди. 5 март куни телевидение орқали халққа мурожаатида у Россия Шимолий Корея аскарлари ва Эрон ҳарбий техникасидан фойдаланган ҳолда Украинадаги урушни «глобал можаро»га айлантирганини таъкидлади. Бундан ташқари, Maкрoннинг сўзларига кўра, Россия ўзининг ҳарбий салоҳиятини фаол оширмоқда. «Россия Украинада тўхтаб қолишига ким ишонади? Россия аллақачон Франция ва Европа учун таҳдидга айланган», — деди Франция президенти.

Maкрoн Америка Қўшма Штатлари «биз томонда қолишига» ишонишни исташини, аммо Европа бунинг аксига тайёр бўлиши кераклигини таъкидлади. Франция раҳбари Доналд Трамп президентлик лавозимини эгаллаганидан кейин Россия ва АҚШ ўртасидаги яқинлашувни «янги давр» деб атади.

Франция Европа иттифоқчиларини ядро қуроли билан ҳимоя қилишни кўриб чиқади, деди Maкрoн. У, шунингдек, Европада ядровий тўсиқ бўйича «стратегик мунозара» ўтказишга чақириб, Германия канцлери Фридрих Мерцнинг Берлин, Лондон ва Париж ўртасида Европа қитъасидаги ядровий хавфсизлик бўйича музокаралар учун «тарихий чақируви»ни эслатиб ўтди. Эммануэл Maкрoн Франция ядро қуролини қўллаш бўйича ҳар қандай қарор республика президенти ихтиёрида қолишини қўшимча қилди.

Мавзуга оид