Ўзбекистон | 14:38 / 11.03.2025
3485
11 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Франция: асосий ҳамкорлик йўналишлари қайсилар?

Ўзбекистон президентининг Францияга давлат ташрифи олдидан London Post нашрида Ўзбекистон иқтисодиёти ҳақида катта мақола эълон қилинди. Унда хорижий инвестицияларни жалб қилишда махсус иқтисодий зоналарнинг аҳамияти ҳамда Франция-Ўзбекистон ҳамкорлигининг сўнгги йиллардаги ривожи ҳақида сўз боради.

Фото: Президент матбуот хизмати

2023 йили қабул қилинган “Ўзбекистон–2030” номли тараққиёт стратегиясига кўра, жорий ўн йиллик охирига келиб Ўзбекистон даромади ўртачадан юқори мамлакатлар қаторига киришни мақсад қилган.

Бунинг учун барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш, атроф-муҳитни асраш, шунингдек, инсонлар эҳтиёжларига қаратилган давлат хизматларини такомиллаштириш кўзда тутилган, деб ёзади London Post.

Сўнгги йилларда Ўзбекистондаги иқтисодий ўсишнинг асосий кўрсаткичлари қандай?

Мамлакатда 2017 йилдан буён ЯИМнинг ўртача йиллик ўсиши 5,3 фоизни ташкил этиб, бу мамлакатга ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар даражаси бўйича дунёда етакчи ўринларни эгаллаш имконини берди. 2018 йилда ЯИМ ўсиши 5,4 фоизни ташкил этди, бу мамлакат иқтисодиётининг ижобий динамикасидан далолат беради. 2019 йилда иқтисодиёт 5,6 фоизга ўсиб, барқарор ривожланиш тенденциясини давом эттирди. COVID-19 пандемияси билан боғлиқ глобал иқтисодий қийинчиликларга қарамай, Ўзбекистон 2020 йилда ялпи ички маҳсулотнинг 0,7 фоизлик ижобий ўсишини сақлаб қолди. 2021 йилдаёқ иқтисодиёт тикланиб, ЯИМ 7,4 фоизга ўсди.

Кейинги йил ЯИМ ўсиши 5,8 фоизни кўрсатиб, иқтисодий ривожланиш барқарор кетаётганини тасдиқлади. 2023 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти биринчи марта 100 миллиард доллардан ошди ва 115 миллиард долларни ташкил этди. Ниҳоят, 2024 йилда ушбу кўрсаткич 130 миллиард АҚШ долларигача кўтарилди, бу мамлакат иқтисодиётининг жадал ўсишидан далолат беради. Бундай кўрсаткичлар Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодиётига интеграциялашуви йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва саъй-ҳаракатларнинг муваффақиятини акс эттиради.

2023—2025 йилларда Ўзбекистонда иқтисодий ўсишни жадаллаштириш ва хорижий инвестицияларни жалб қилишга қаратилган инвестиция лойиҳалари фаол амалга оширилмоқда. Махсус иқтисодий зоналарни ривожлантириш ва халқаро ҳамкорлар билан ҳамкорлик қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

2024 йил апрел ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 20 та махсус иқтисодий зона фаолият юритмоқда. Уларнинг резидентлари сифатида 771 та корхона иш олиб бормоқда. Мазкур ҳудудлардаги саноат ишлаб чиқаришининг умумий ҳажми мамлакат иқтисодиётининг сезиларли қисмини ташкил этади.

Махсус иқтисодий зоналар нима учун керак?

Махсус/эркин иқтисодий зоналар (ЭИЗ) — мамлакат ичида инвестицияларни жалб қилиш, саноат, савдо ва инновацияларни ривожлантиришга қаратилган алоҳида иқтисодий ва ҳуқуқий шарт-шароитлар амал қиладиган муайян ҳудудлардир.

ЭИЗларнинг асосий хусусиятлари қуйидагилардан иборат:

·      Имтиёзли солиқ тизими — фойда солиғи, божхона божлари ва бошқа йиғимларнинг камайтирилган ёки нол ставкалари;

·      Соддалаштирилган божхона тартиб-қоидалари — товарларни сезиларли бюрократик тўсиқларсиз эркин олиб кириш ва олиб чиқиш имконияти;

·      Инвесторлар учун кафолатлар — бизнес юритишнинг барқарор ва шаффоф қоидалари;

·      Инфратузилмани ривожлантириш — логистика, транспорт, энергия таъминоти каби бизнес юритиш учун зарур шароитлар яратилгани.

ЭИЗ турларига келсак, уларни бешта зонага бўлиш мумкин: товарлар ишлаб чиқаришга йўналтирилган саноат (ишлаб чиқариш) зоналари; илмий тадқиқотлар ва стартапларни қўллаб-қувватлайдиган технологик (инновацион) зоналар; соддалаштирилган транзит ва омборга жойлаштиришга қаратилган логистика зоналари; туризм ва меҳмонхона бизнесини ривожлантириш учун сайёҳлик зоналари ҳамда банклар ва инвестиция компаниялари учун махсус шароитларга эга бўлган молия зоналари.

Махсус иқтисодий зоналар бошқа давлатлар сингари Ўзбекистон иқтисодий сиёсатида ҳам муҳим ўрин тутади. Улар инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш, экспортни кўпайтириш ва янги иш ўринлари яратиш мақсадида ташкил этилмоқда.

Ўзбекистонда дастлабки ЭИЗлар ташкил этилганидан буён 2008—2022 йилларда уларнинг ҳудудларида 3,2 миллиард долларлик 604 та лойиҳа амалга оширилди, шундан тўғридан тўғри хорижий инвестициялар қарийб 896,9 миллион долларни ташкил этди. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш 55 мингга яқин янги иш ўринларини яратишга ёрдам берди.

Мақолада бундай зоналар қаторида ишлаб чиқариш ва технологияларга қаратилган “Навоий”, “Ангрен”, “Жиззах”, “Яшнобод” зоналари, туризм ва дам олишни ривожлантиришга қаратилган “Чорвоқ”, “Белдирсой”, “Амирсой” каби туристик-рекреацион зоналар, фармацевтика саноати ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Нукус-фарм”, “Зомин-фарм”, “Бойсун-фарм”, “Андижон-фарм”, “Паркент-фарм” ва бошқа соҳалардаги яна кўплаб зоналар санаб ўтилган.

Кўплаб иқтисодий зоналар йирик шаҳарлардан ташқарида жойлашган бўлиб, бу инфратузилмани ривожлантириш ва иш ўринларини яратишга ёрдам беради. Шу тариқа логистика, транспорт қулайлиги яхшиланади, йўллар, омборлар, саноат объектлари қурилиши рағбатлантирилади.

Шунингдек, махсус зоналар экспортни оширишда муҳим рол ўйнайди. ЭИЗларда экспортга рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтирилган корхоналар ташкил этилмоқда. Бу мамлакатнинг импортга қарамлигини камайтиради ва валюта тушумларини оширади.

Қолаверса, ЭИЗлар солиқ ва божхона имтиёзлари шарофати билан хорижий инвестицияларни ҳам фаол жалб қилади.

Ўзбекистонда махсус иқтисодий зоналар доирасида экологик тоза ишлаб чиқариш ва барқарор ривожланишга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш бўйича қадамлар амалга оширилмоқда.

ЭИЗларда “яшил” лойиҳаларнинг истиқболли йўналишлари қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • Қайта тикланувчи энергетика — қуёш ва шамол электр станциялари учун ускуналар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш;
  • Саноат ва коммунал-маиший соҳада энергия сарфини камайтиришга қаратилган инновацион ечимларни жорий этишни назарда тутувчи энергия самарадорлиги технологиялари.
  • Барқарор қишлоқ хўжалиги — кимёвий ўғитлар ва пестицидлардан фойдаланишни камайтириш, шунингдек, сув ресурсларини тежаш бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқиш;
  • Экологик туризм — атроф-муҳитга минимал таъсир кўрсатадиган туристик объектларни, айниқса, туристик-рекреацион зоналарда ривожлантириш.

Юқорида таъкидланганидек, Ўзбекистон йирик лойиҳаларни амалга ошириш учун хорижий ҳамкорларни фаол жалб этмоқда. 2024 йилда чиқиндиларни энергияга қайта ишлаш бўйича қарийб 1,3 миллиард долларлик лойиҳалар эълон қилинди. Уларнинг амалга оширилишида Хитой (CАМC Engineering va Shanghai SU Environment), Бирлашган Араб Амирликлари (Tadweer Group) ҳамда Жанубий Корея (Sejin) компаниялари иштирок этмоқда. 2027 йилга келиб, мазкур корхоналар йилига 4,7 миллион тонна қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаб, 2,1 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариши режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон — Франция ҳамкорлиги

Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги ҳамкорлик ҳам сўнгги йилларда сезиларли даражада мустаҳкамланиб, турли соҳаларда қатор қўшма лойиҳалар амалга оширилиши ва режалаштирилишига эришилди. Хусусан, 2023 йилда Ўзбекистон ҳукумати ва Франция тараққиёт агентлиги ўртасида 2025 йилгача мўлжалланган янги Стратегик ҳамкорлик дастури имзоланди. Умумий бюджети 1 миллиард евродан ошган дастур қуйидаги йўналишларни қамраб олди: қишлоқ хўжалиги, энергетика, яшил иқтисодиёт, шаҳарсозлик, сув таъминоти, банк-молия сектори, транспорт.

Франциянинг Veolia компанияси мамлакатда фаол иш олиб бормоқда. Veolia — сув ресурсларини бошқариш, чиқиндиларни қайта ишлаш ва энергетика хизматларида ихтисослашган француз трансмиллий корпорацияси. Дунёнинг 60 га яқин мамлакатида компания филиаллари фаолият юритади, унда тахминан 218 000 ходим меҳнат қилади. Veolia Ўзбекистонда ўзининг Veolia Energy Uzbek шўба корхонаси орқали фаолият юритмоқда. 2022 йил 1 июлдан мазкур компания Тошкент шаҳридаги марказий иситиш тизими оператори бўлиб ишлашни бошлади. Унинг асосий фаолият йўналишлари пойтахт иссиқлик тармоқларини ишлатиш, уларга хизмат кўрсатиш ва бошқаришдан иборат.

Компания инфратузилмани модернизация қилишга, хусусан, иссиқлик тармоқларининг ишончлилигини ва самарадорлигини ошириш мақсадида уларни қайта қуриш ва янгилашга эътибор қаратади. Шунингдек, энергия тежайдиган технологиялар ва амалиётларни жорий этиш орқали табиий газ, электр энергияси ва ичимлик суви сарфини камайтириш устида ишлайди. Экологик барқарорликни таъминлаш учун CО₂ ва бошқа ифлослантирувчи моддалар чиқиндиларини камайтиришга ҳаракат қилади, бу эса минтақадаги экологик вазиятни яхшилашга хизмат қилади.

Лойиҳа доирасида 9,2 млрд м3 табиий газ, 3,1 млрд кВт/соат электр энергияси ва 1,1 млрд м3 ичимлик сувини тежаш режалаштирилган — бу жами 13,6 трлн сўмга яқин маблағни тежаш имконини беради.

Бундан ташқари, Франциянинг Alstom компанияси Ўзбекистонда трамвай линияларини ривожлантиришга сармоя киритишга тайёрлигини билдирган. Франция ташқи савдо вазири Оливе Бехтнинг маълум қилишича, Ўзбекистон томони билан музокаралар ўтказилиб, унда Франция инвестициялари иштирокида трамвай инфратузилмасини ривожлантириш режалари муҳокама қилинган.

Франциянинг Montagne et Neige Développement компанияси Чимён тоғларида умуммавсумий курорт қуриш лойиҳасини амалга оширишни режалаштирмоқда. Мазкур лойиҳа ҳудуднинг туризм салоҳиятини ривожлантириш, маҳаллий ва хорижий сайёҳларни жалб этишга қаратилган.

Самарқандда Франция альянси филиалининг очилиши француз тили ихлосмандлари учун илм-фан va таълим соҳасида катта воқеа бўлди.

Альянснинг Ўзбекистондаги биринчи филиали 2015 йилда Тошкентда очилганди. Самарқанд шаҳрида иккинчи филиалнинг очилиши маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, минтақада француз тили va маданиятини тарғиб қилишга хизмат қилади. Филиалнинг тантанали очилиш маросими 2023 йил ноябр ойида Франция президенти Эммануэл Макроннинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида бўлиб ўтди. Ўзбекистон va Франция раҳбарлари марказ имкониятлари билан танишиб, aльянснинг Самарқанддаги фаолияти икки давлатнинг янада яқинлашиши va дўстлигини мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон ўз келажагини илғор технологияларни жорий этиш va хорижий мамлакатлар va компаниялар билан халқаро ҳамкорлик қилиш орқали фаол равишда қурмоқда, дейилади мақолада.

Бу жараёнда минтақанинг иқтисодий ўсиши va ривожланишининг муҳим драйверларига айланиб бораётган махсус иқтисодий зоналар алоҳида рол ўйнайди. Ушбу зоналар инвестицияларни жалб қилиш, инновацион ечимларни жорий этиш va янги тармоқларни, жумладан, саноат, қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари va экологик тоза технологияларни ривожлантириш учун энг мақбул шароитларни яратади.

Ўзбекистондаги эркин иқтисодий зоналарда солиқ va божхона имтиёзлари тақдим этилмоқда, бу эса маҳаллий ҳамда хорижий компаниялар учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга хизмат қилади. Хусусан, ушбу зоналар саноатни, қайта тикланадиган энергия манбаларини va экологик тоза технологияларни ривожлантиришга йўналтирилган бўлиб, мамлакатнинг яшил иқтисодиётга ўтишини қўллаб-қувватлайди. Бу ҳудудларда амалга оширилаётган лойиҳалар инфратузилмани замонавийлаштириш, атроф-муҳитни яхшилаш, шунингдек энергетика va чиқиндиларни бошқариш каби муҳим соҳаларда инновацияларни жорий этишга кўмаклашмоқда.

Халқаро ҳамкорлар, жумладан Франция билан ҳамкорлик, жаҳон тенденцияларига мос келадиган лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашмоқда. Бунинг натижасида Ўзбекистон инвесторлар va ҳамкорлар учун жозибадор мамлакатга айланиб бормоқда, унинг иқтисодиёти эса барқарор ўсиш va технологик тараққиёт йўналишида ривожланишни давом эттирмоқда.

Мавзуга оид