Дунёнинг биринчи миллиардери – Жон Рокфеллер қандай бойиган?
Жон Рокфеллер 7 ёшидаёқ курка боқиб сотади. Қўшнининг картошкасини ковлаб бериб пул топади. У ҳар бир топган центини қандай қилиб орттирганини кичик дафтарчага қайд қилиб боради. Кейинчалик у АҚШда биринчи бўлиб миллиард доллар ишлаб топади ва тарихда қолади.
1861 йилга келиб АҚШда давлат тузуми таҳлика остида қолади. Чунки президент Авраам Линколннинг мамлакатда қулдорлик ва қул савдосини тугатиш ҳақидаги қонун лойиҳаси жанубий штатлардаги бойларга ёқмайди.
Шундан сўнг бу штатлар бирин-кетин АҚШ таркибидан чиққанини эълон қилади ва Америка Конфедератив Штатлари деб номланган янги давлат тузади. Уруш бошланади.
АҚШ тарихида “Фуқаролар уруши” деб номланган бу уруш 4 йил давом этади ва 1865 йил ёзда жанубликларнинг мағлубияти билан тугайди.
Ўшандан кейин АҚШ ҳудудида уруш ҳаракатлари бўлмаган. Балки шу сабаб барча иқтисодий ва молиявий ишлар бозор иқтисодиётига асосланган бу давлат шиддат билан ривожлана бошлайди. Шунга яраша аввалига миллионерлар, ХХ аср бошларида эса миллиардерлар пайдо бўлади.
Бойлигини биринчи бўлиб млрд долларга етказган шахс Жон Рокфеллер эди. У бу натижага 1916 йилда эришган. Ўшандан буён Рокфеллер фамилияси бойлик рамзини англатади.

Рокфеллер қандай бойиган?
1839 йилда Ню-Йорк яқинидаги Ричфорд шаҳрида туғилган Жон Рокфеллернинг отаси инглиз-немис, онаси эса шотланд-ирланд илдизларига эга эди. Оила катта ер майдонига эга бўлиб, отаси ўша даврда АҚШда кенг тарқалган фоизга пул бериш билан шуғулланган.
Кейинчалик, Жон ўз отаси ҳақида шундай эслаган:
“У ҳатто мен билан ҳам савдолашар, ҳеч нарсани текинга бериб юбормасди. Мени олди-сотди ишларига у ўргатган ва кейинчалик тадбиркор бўлишимда отамнинг ҳиссаси катта бўлган. У шунчаки менга бойиб кетиш бўйича туртки берган ва бунга қандай эришишни ўргатган”.
Жон Рокфеллер 7 ёшидаёқ курка боқиб сотади. Қўшнининг картошкасини ковлаб бериб пул топади. У ҳар бир топган центини қандай қилиб орттирганини кичик дафтарчага қайд қилиб боради. Кейинчалик у бухгалтерлик ҳисобини юритишни ўргатадиган китоб сотиб олади ва уни қунт билан ўқиб, ўрганади.
1853 йилда Рокфеллерлар оиласи Кливлендга кўчиб ўтади. Оилада олти нафар фарзанд бўлиб, Жон уларнинг иккинчиси эди. У 16 ёшида бир компанияга бухгалтер ёрдамчиси бўлиб жойлашади.
Жон тез орада ишбилармонлик қобилиятини намоён этади ва унга компания раҳбари лавозимини таклиф қилишади. Аммо аввалги раҳбар йилига 2 минг доллар маош олган бўлса, унга фақат 600 доллар беришни режалаштиришади. Бу шартга рози бўлмаган Жон раҳбарликни қабул қилмайди.
Ўша пайтда унда 800 доллар бор эди. 2 минг доллар сармояси бўлган инглиз тадбиркори шерик излаётганини эшитгач, отасидан фоизга пул олиб, у билан янги компания ташкил қилади.
Кўп ўтмай АҚШда Фуқаролар уруши бошланади ва давлат томонидан турли маҳсулотларга йирик миқдорда буюртмалар берилади. Рокфеллер ва унинг шериги вазиятдан фойдаланиб буюртмалар олишади ва маҳсулот етказиб бериб, анча пул ишлаб олади.
1860-йиллардан бошлаб керосинли лампалар оммалаша бошлайди ва шу тариқа нефтга талаб ошади. Вазиятни тезда илғаган Жон нефт қазиб олиш ва уни қайта ишлаш саноатига кириб келади.
Standard Oil компанияси ва монополия
1870 йилда Жон укаси Уилям ва яна бир неча тадбиркор билан биргаликда Standard Oil компаниясини ташкил этади. Нефт маҳсулотларига талаб ошгани сайин компания ривожланиб бораверади.

Ўша пайтларда нефт бочкаларда темирйўл орқали ташилган. Жон ўз рақобатчиларини синдириш учун нефтни қазиб олиш, ташиш ва қайта ишлаш билан боғлиқ компанияларни шерикликка чақира бошлайди. Яъни тариф бўйича пул тўламайди, балки улар қўшган пулга ҳисоблаб фойдадан ҳисса ажратади.
Масалан, ўша пайтда бир бочка нефтни темирйўлда ташиш учун Жон 10 цент, унинг рақобатчилари эса 35 цент тўлашган. Чунки Жон фақат юкни ортиш ва тушириш учун пул тўлайди. Ташиш унга текинга тушади.
Бу ишни у нефт қазиб олувчи компаниялар билан ҳам амалга оширади. Шу тариқа турли компаниялар Standard Oil таркибига ҳиссадор бўлиб кира бошлайди ва компания йириклашиб кетади. Ўша пайтда 50 га яқин турли компаниялар Рокфеллер қўл остида жамланади.
1880 йилга келиб АҚШдаги 95 фоиз нефт конлари Standard Oil тасарруфига ўтади. Бундан фойдаланиб қолиш учун нефт монополиясига айланган Рокфеллер нархларни кескин оширади. Бу бошқаларда норозилик пайдо қилади ва Жоннинг компанияси устидан ҳукуматга шикоятлар ёғилади. Шу воқеалар сабаб 1890 йилда АҚШда монополияга қарши “Шерман қонуни” қабул қилинади. Оқибатда Рокфеллерга компаниясининг бўлакланиши хавф сола бошлайди.
Компаниянинг бўлакланиши ва биринчи миллиардер
1911 йилда АҚШ Федерал суди Standard Oil компаниясини монопол ташкилот деб топади ва уни бўлаклаш бўйича қарор чиқаради. Шундан сўнг Рокфеллер Standard Oil ни 34 та кичик компанияга бўлишга мажбур бўлади ва барча компанияларда ўзи асосий ҳиссадор бўлиб қолади.
Кейинчалик ана шу 34 та компаниянинг аксарияти бошқа номлар билан мустақил компанияларга айланади. Бугунги кунда нефт ва газ соҳасида йирик компаниялар ҳисобланувчи ExxonMobil ва Chevron кабилар ҳам бир пайтлар Standard Oil нинг бўлиниши туфайли пайдо бўлган.
Гарчи Standard Oil парчаланган бўлса ҳам Рокфеллер амалда бундан ҳеч нарса ютқазмайди. ХХ аср бошларида автомобил саноати тез суратларда ривожлана бошлагач унинг пуллари ҳам шиддат билан кўпая бошлайди.
Рокфеллер бошқа соҳаларга ҳам сармоя кирита бошлайди ва турли компанияларни қўлга киритади. Жумладан, 16 та темирйўл, 9 та кўчмас мулк қуриш ва сотиш, 6 та кемасозлик компаниялари, 9 та банк, 6 та пўлат қуйиш корхонаси ва 3 та қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи фермаларга эга бўлади.
1916 йилда Жон Рокфеллер инсоният тарихида биринчи бўлиб пули млрд долларга етган инсонга айланади. 1930-йилларга келиб унинг пуллари 1,4 млрд долларга етади. Бу ҳозирги ҳисобда 500 млрд доллар атрофида бўлади. Ўша пайтларда Рокфеллернинг бойлиги АҚШ ялпи ички маҳсулот ҳажмининг 1,54 фоизини ташкил этарди.
Рокфеллернинг Кливленд шаҳри яқинида қарийб 300 гектар ери ва вилласи бўлган. Шунингдек, Ню Йорк ва Флоридада иккита ҳашаматли уйи, Ню Жерсида голф майдони бўлган. У асосан Ню Йорк яқинидаги вилласида яшаган. Рокфеллер 1937 йили 98 ёшида вафот этади. Унинг тўрт фарзанди бўлган.

Фото: alamy.com
Рокфеллер маркази ва университетлар
Жон Рокфеллернинг пуллари кўпайиб борар экан, у аввалига бир нечта университет очади. Жумладан 1892 йилда Чикаго университети, 1901 йилда Рокфеллер номидаги Тиббиёт университетини, 1913 йилда хайрия мақсадлари учун Рокфеллер фондини ташкил этади.

Фото: shutterstock.com

Фото: shiksha.com
Рокфеллер жуда кўп миқдорда пул орттирар экан, умрининг охирроқларида у барча йиғганларини фарзандларига ташлаб кетишни хоҳламайди.
У болаларига бор йўғи 240 млн долларни мерос сифатида қолдиради. Қолган пулларнинг бир қисмига Ню Йорк марказида Рокфеллер марказини қуради. Ортганини эса хайрия қилади. Рокфеллер маркази Манхеттендаги Бешинчи ва Олтинчи авеню олдида жойлашган қарийб 9 гектар ерда қурилади.
Марказ қурилишига старт берилганда Америкада “Буюк тушкунлик” деб аталган иқтисодий ва молиявий инқироз бошланганди. Шунда Жон Рокфеллерда ишни давом эттириш ёки ундан воз кечиб барча харажатларга куйиш масаласи кўндаланг бўлади. Рокфеллер биринчи йўлни танлайди ва қурилишни давом эттиришга қарор қилади.
Рокфеллер маркази АҚШ тарихидаги энг йирик лойиҳа ҳисоблади. Марказ учун бир неча йил давомида 19 та турли ўлчамдаги ва баландликдаги бинолар қурилади. Уларнинг энг баланди 70 қаватли осмонўпар бино эди. Бу бинонинг бир томони тор, иккинчи томони кенг бўлгани учун у “Плита” (The Slab) деб аталади.


aaaunion.ru
1988 йилда Рокфеллер марказидаги осмонўпар бино RCA Building, кейинроқ GE Building деб номланади. Рокфеллер марказидаги бинолар ҳозирги кунгача сақланиб қолган ва улар бошида қандай рангда бўлса, ҳозир ҳам шундай турибди.
1989 йилда марказни Япониянинг Mitsubishi корпорацияси сотиб олади. 2007 йилда марказ АҚШнинг энг яхши 150 та биноси рўйхатига киритилган.
Жаҳонга машҳур “Форбс” журнали Жон Рокфеллерга “Инсоният тарихидаги энг бой одам” деб таъриф берган.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.