Ўзбекистон | 18:54 / 10.03.2025
5583
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон терроризм таҳдиди паст бўлган мамлакатлар қаторига кирди

2025 йилги «Глобал терроризм индекси»да Ўзбекистон 90-ўринни эгаллади.

Фото: Мудофаа вазирлиги

Иқтисодиёт ва Тинчлик институти (IEP) 2025 йилги «Глобал терроризм индекси»ни (.pdf) эълон қилди, унда Ўзбекистон 0,233 балл билан 90-ўринни эгаллади ва «терроризм таҳдиди паст бўлган» мамлакатлар қаторига кирди.

«Глобал терроризм индекси» дунё аҳолисининг 99,7 фоизини қамраб олган ва терроризмнинг 163 давлатга таъсирини таҳлил қилувчи кенг қамровли тадқиқотдир.

Индекс маълум бир мамлакат ичидаги террорчилик фаоллиги даражасини содир этилган терактлар сони, ўлганлар ва жароҳатланганлар сони, моддий зарар даражаси билан ўлчайди. Рейтинг қанчалик баланд бўлса, маълум бир мамлакатда террорчилик ҳужумлари таҳдиди шунчалик юқори бўлади.

Марказий Осиё давлатлари орасида Қирғизистон, Қозоғистон ва Туркманистон (100-ўрин ва 0 балл) терроризм таҳдиди энг паст бўлган давлатлар сифатида тан олинди. Тожикистон 70-ўринни (0,999 балл) эгаллади.

Рейтингда 16-ўринни эгаллаган Россия терроризм хавфи юқори бўлган давлатлар қаторига кирди. Беларус ва Озарбойжон 90-ўринни, Арманистон 79-ўринни эгаллади.

Рейтингнинг юқори поғоналарини террорчилик ҳаракати ва таҳдиди энг юқори бўлган давлатлар эгаллаган. Мутахассислар бу борада энг хавфли деб Буркина-Фасо, Покистон ва Сурияни қайд этди.

Умуман олганда, экспертлар ҳисоботда таъкидлаганидек, терроризм доимий глобал таҳдид бўлиб қолмоқда ва 2024 йил терроризм географияси кенгайган.

Камида битта террорчилик ҳодисаси содир бўлган давлатлар сони 58 дан 66 тага кўпайди, бу 2018 йилдан бери энг юқори кўрсаткичдир.

2024 йилда, сўнгги етти йил ичида биринчи марта вазият ёмонлашган давлатлар сони яхшиланган мамлакатлардан кўп бўлди: 45 та давлатда терроризм таҳдиди кучайган, атиги 34 та давлатда эса яхшиланиш кузатилган.

Мавзуга оид