Туркияда ўзбекистонлик қизларни фоҳишаликка мажбурлаган аёл қўлга олинди
Қизлар бу ишга рози бўлмагани учун калтакланган ва ёпиқ шароитда сақланган. Ҳозирда аёлга нисбатан жиноий иш очилиб, экстрадиция қилиш чоралари кўрилмоқда.

Фото: Тошкент вилояти ИИББ
Туркияда 19 ёшли икки нафар ўзбекистонлик қизни интим хизматлар кўрсатишга мажбурлаган аёл ушланди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизмати хабар берди.
Олмалиқ шаҳрида яшовчи икки қизга Туркиядаги Шаҳноза исмли таниши уларни ушбу давлатга юбориши, ўзи кутиб олиши ва яхши даромад топишларига ёрдам беришини айтган. Аёл уларни «юз массажи» йўналишида иш борлиги билан ишонтирган ҳамда Туркияга бориш учун авиачипта ва бошқа моддий харажатларни қоплаб берган.
19 ёшли икки қиз 6 феврал куни Тошкент халқаро аэропорти орқали Туркиянинг Анқара шаҳрига, сўнг Коня вилоятига етиб борган. Уларни кутиб олган уч нафар шахс (Туркия ва Ўзбекистон фуқаролари) шу заҳотиёқ қизларнинг паспортларини олиб қўйган.
Шундан сўнг улар интим хизматлар кўрсатувчи хонадонга олиб борилиб, қизлар эркакларга интим хизмат кўрсатишга мажбурланган. Қизлардан бири бунга рози бўлмагани учун калтакланган ва унга руҳий ҳамда жисмоний тазйиқ ўтказилган. Уларни ёпиқ шароитда сақлаб, такрорий қаршилик кўрсатишса, ўлдириш билан таҳдид қилишган.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент вилояти ИИББ тезкор ходимлари томонидан 12 февраль куни олинган маълумотга асосан Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Туркия ҳуқуқ-тартибот органлари билан тезкор тадбирлар олиб борилган. Натижада 2005 йилда туғилган икки қиз Ўзбекистонга қайтарилган. Улар зудлик билан реабилитация марказига жойлаштирилган.
Шунингдек, қизларни алдаб чақиртирган ва уларни шаҳвоний ишларга жалб қилган шахслар Туркияда ҳибсга олинган. Хусусан, 1987 йилда туғилган (Ш.Ж.) ўзбекистонлик аёлга нисбатан Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда ушбу шахсни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш чоралари кўрилмоқда.
Мавзуга оид

12:25 / 11.06.2025
Одам савдоси билан шуғулланган аёл Истанбулдан Тошкентга экстрадиция қилинди

22:21 / 30.05.2025
Туркияда фоҳишаликка мажбурлаб келинган 3 нафар ўзбекистонлик аёл депортация қилинди

00:30 / 27.05.2025
Тошкентда 22 ёшли қизни фоҳишалик учун Россияга олиб кетмоқчи бўлган аёл ушланди

21:16 / 26.05.2025