Жаҳон | 22:54 / 13.02.2025
8816
4 дақиқада ўқилади

“Коллектив Ғарб бугун мавжуд эмас” — Камолиддин Раббимов

АҚШнинг янги президенти, аввалгисидан фарқли равишда, Путинни яккалаб қўйиш йўлидан юрмоқчи эмас. У РФ раҳбари билан фаол мулоқот бошлади. Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг айтишича, бу – Трампнинг авторитар шахсларни ҳурмат қилиши билан боғлиқ. “У диктаторларни кучли шахслар деб ҳисоблайди, буни ҳеч қачон яширмаган”, дейди таҳлилчи.

АҚШ президенти Доналд Трамп ва Россия президенти Владимир Путин ўртасидаги телефон мулоқоти сўнгги кунларда глобал майдондаги энг асосий воқелик бўлиб турибди. Kun.uz айни мавзуда сиёсий таҳлилчилар иштирокида жонли эфир ташкил этди.

Унда сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Оқ уйнинг янги раҳбари Россия президенти билан мулоқотни тиклашига сабаб бўлган омиллар ҳақида фикр билдирди.

“Россия Украинага бостириб кирганидан кейин АҚШ сиёсий элитаси охирги уч йилда Путин ва унинг маъмурияти билан мулоқотни мутлақо тўхтатиб қўйган эди. Бу билан улар Россияни изоляция қилди ва халқаро ҳамжамиятдан қувиб солди. Бу даврда Путин билан Европанинг фақатгина баъзи воситачи раҳбарлари, жумладан, аввалига Макрон, кейин Шолц мулоқот қилиб турди. Энди Трамп ҳокимиятга келиб, Путин билан мулоқотни тўғридан тўғри амалга оширмоқда. Бу Американинг жиддий сиёсий кардинал ўзгаришини англатади. Трампнинг усули шундан иборат: у дунёдаги энг “изгой” сиёсатчилар билан бемалол гаплашаверади. Масалан, Шимолий Корея президенти билан ҳам.

Аслида Трамп авторитар шахсларни ҳурмат қилади, яъни демократик лидерлардан кўра авторитар шахслар билан ўзини эркинроқ ва қулайроқ ҳис қилади. Диктаторларни кучли шахслар деб ҳисоблайди. У буни ҳеч қачон яширмаган.

Бир ярим соатлик суҳбатнинг асосий қисми, ишончим комилки, Украинага бағишланган. НАТОнинг Европа Иттифоқидаги лидерлари билан учрашувда Пентагоннинг янги раҳбари Пит Ҳегсет Украинанинг Қрим аннекциясигача бўлган чегараларга қайтиши ва НАТО аъзосига айланиши нореал эканини айтди. Украина 1991 йилги чегараларга қайтмоқчи эди, бироқ АҚШ ўзининг бунга қарши позициясини эълон қилди. АҚШ Украинанинг НАТОга аъзо бўлишга вето қўйишини ҳам маълум қилди.

Пит Ҳегсет Европа давлатларига айтди: урушга тайёрланинглар, НАТОга кўпроқ ажратмасаларинг, эртага ундан-да кўпроқ пул тўлайсизлар. Шу тариқа, бугун коллектив Ғарб мавжуд эмас. Трамп келиши билан Ғарб давлатлари бўлинди. Трампнинг позициясини Европа қабул қилмайди, у Канада билан ҳам муаммолар бошлади, қолган давлатлар билан ҳам ўртада жиддий муаммолар чиқиши мумкин. Ҳозирча Япония, Жанубий Корея билан муносабатлар илиқ кўриниб турибди, лекин Европа… Трамп Европага савдо-иқтисодий уруш қилишга тайёрланяпти. Бугунги кунда Америка ва Европа ўртасида яхлитлик, бирлик мавжуд эмас.

Доналд Трамп Украина стратегиясини тўлиқ қайта кўриб чиқмоқчи. Ва бу Россия учун бонус бўлиш эҳтимоли юқори. Албатта, Хитой учун ҳам”, – дейди Раббимов.

Мавзуга оид