Жаҳон | 19:37 / 05.02.2025
8268
3 дақиқада ўқилади

Нетаняҳу Трампга иккита пейжер совға қилди

Бундан мақсад «Моссад» томонидан «Ҳизбуллоҳ» пейжерларини портлатиш операциясини эслатиб туришдир. Пейжерларнинг портлаши оқибатида 37 киши ҳалок бўлган ва 3 мингга яқин одам жароҳат олган эди.

Фото: Reuters

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Вашингтонга ташрифи давомида АҚШ президенти Доналд Трампга «Ҳизбуллоҳ»га қарши операцияни эслатиб туриш учун оддий ва олтин билан қопланган пейжерларни совға қилди.

«Бу ажойиб операция эди», — деди Трамп. У Нетаняҳуга бирга учрашувида тушилган ва «Биби, буюк етакчига» ёзуви туширилган суратни совға қилди.

Нетаняҳу Трампга иккита пейжер совға қилгани ҳақида, шунингдек, ТАССга Исроил ҳукумати раҳбарининг офиси маслаҳатчиси Дмитрий Генделман ҳам маълум қилган.

17 сентябр куни Ливанда «Ҳизбуллоҳ» тезкор алоқада фойдаланиб келадиган пейжерларда портлашлар кузатилганди. Эртаси куни рациялар ҳам худди шу тарзда портлаган. Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, портлаш оқибатида камида 37 киши, жумладан, болалар ҳам ҳалок бўлган, 3 мингга яқин одам жароҳат олган.

Reutersʼнинг Ливан махсус хизматларидаги манбаларига таяниб маълум қилишича, Исроилнинг «Моссад» разведка хизмати операциядан бир неча ой олдин «Ҳизбуллоҳ» харид қилган 5 мингта пейжерга портловчи қурилмаларни ўрнатган.

«Моссад»нинг ўзини Габриэл деб атаган бошқа бир собиқ ходими пейжерлар амалиёти 2022 йилда бошланганини айтган.

Пейжерга портловчи моддаларни ўрнатиш учун исроилликлар Тайваннинг Gold Apollo фирмасининг оригинал маҳсулотини катталаштириши талаб этилади.

«Мен директоримиз олдига кириб, унинг столига [пейжернинг янги модификациясини] қўйган кунимни унутмайман. У ғазаб отига минганди — дейди Габриэл. — У айтди: ҳеч ким ҳеч қачон бундай катта девайсни сотиб олмайди! Уни чўнтакда олиб юриш ноқулай! У оғир! Бу бўлмайди! Кет ва бошқа вариант билан қайт». Габриэлнинг сўзларига кўра, у икки ҳафта давомида директорни уларнинг янги пейжери «хунук бўлса ҳам, ўзига хос безаги борлиги»га ишонтиради. Якунда барибир кўндиради.

Мавзуга оид