Жаҳон | 08:38 / 28.01.2025
3750
3 дақиқада ўқилади

Дания Арктикадаги иштирокини кучайтириш учун маблағ ажратяпти

Дания ҳукумати, Фарер ороллари ва Гренландия Арктика ва Шимолий Атлантикадаги мавжудлигини мустаҳкамлаш учун 14,6 миллиард крона ажратади. Маблағлар учта кема, учувчисиз учоқлар ва разведка салоҳиятини оширишга йўналтирилади.

Гренландия Фото: Lucas Jackson / REUTERS

Дания ҳукумати, Фарер ороллари ва қироллик таркибига кирувчи Гренландия Арктика ва Шимолий Атлантикада ўз мавжудлигини мустаҳкамлаш учун 14,6 миллиард крона (1,9 миллиард евро) ажратишга келишиб олди. Бу ҳақда 27 январ, душанба куни Дания Мудофаа вазирлиги маълум қилди.

Маблағлар Гренландия ҳудудида миссияларни бажариш учун вертолётлар ва дронларни ташишга қодир учта янги Арктика кемаларига йўналтирилади.

Бундан ташқари, узоқ масофалардаги ҳудудни кузатиш учун кенгайтирилган тасвирлаш имкониятларига эга иккита қўшимча узоқ масофага учувчи учувчисиз учиш аппарати сотиб олинади.

Асосий эътибор сунъий йўлдош имкониятлари ва ердан кузатув ускуналарини кенгайтириш орқали разведка маълумотлари сифатини оширишга қаратилади.

Маблағларнинг бир қисми аҳолини фавқулодда вазиятларга тайёрлашга йўналтирилади. Арктика минтақасида жиловлаш ва мудофаани кучайтириш учун 2025 йил охирида яна бир келишув имзоланиши кутилмоқда.

FT Трампнинг Дания бош вазири билан агрессив суҳбати ҳақида маълум қилди

АҚШ президенти Доналд Трамп ўтган ҳафта Дания бош вазири Метте Фредериксен билан телефон суҳбатида Гренландияни қўлга киритиш нияти жиддийлигини таъкидлади, деб ёзади Financial Times 24 январ куни. Шу билан бирга, Трамп суҳбатни баланд овозда олиб борди, дея қўшимча қилади нашр Европа Иттифоқининг юқори мартабали расмийларига таяниб.

Қайд этилишича, Трамп ва Фредериксен ўртасидаги суҳбат 45 дақиқа давом этган. Оқ уй бу борада ҳеч қандай расмий изоҳ бермади. Ўз навбатида, Дания бош вазири АҚШ президентига Скандинавия қироллигининг автоном ҳудуди бўлган орол АҚШнинг «катта манфаатдорлиги»га қарамай, «сотилмаслигини» тушунтирганини айтди.

«Европа Иттифоқининг амалдаги ва собиқ беш нафар юқори мартабали мулозимлари суҳбат жуда ёмон ўтганини айтишди», — дейилади FT хабарида. Қайд этилишича, АҚШ президенти Фредериксеннинг Дания ва АҚШ ўртасидаги ҳарбий базалар ва фойдали қазилмаларни ўзлаштириш бўйича ҳамкорлигини мустаҳкамлаш бўйича таклифларига қарамай, ўзини агрессив тутган ва қарама-қарши кайфиятда бўлган.

Мавзуга оид