Жаҳон | 23:50 / 30.09.2024
3977
2 дақиқада ўқилади

Путин ва унинг администрацияси харажатлари 25 фоизга ошади

Кремл харажатларининг ортиши президент ва ходимларнинг маоши ошиши билан боғлиқ. 1,5-2 минг киши ишлайдиган президент администрациясининг иш ҳақи фонди 2025 йилда 21 миллиард рублни ташкил этади.

Фото: ТАСС

«Россия Федерацияси президенти ва унинг администрацияси фаолиятини таъминлаш» моддаси бўйича 2025 йилда бюджет харажатлари 30,9 миллиард рублни ташкил қилади. Бу ҳақда Россия Давлат думасига киритилган яқин уч йилдаги федерал бюджет лойиҳасида сўз боради.

Қайд этилишича, Путин администрациясининг харажатлари 2024 йилга нисбатан 25,5 фоизга ошмоқда. 2023 йил охирида қабул қилинган уч йиллик бюджетга кўра, президент ҳамда унинг администрацияси харажатлари 2024 йилда 24,6 миллиард рублни, 2025 йилда ҳам худди шунча суммани, 26 йилда эса 25,4 миллиард рублни ташкил этиши керак эди.

Telegramʼдаги Faridaily каналининг ёзишича, харажатларнинг ортиши президент ва Кремл ходимларининг маоши ошиши билан боғлиқ. Хусусан, 1,5-2 минг киши ишлайдиган президент администрациясининг иш ҳақи фонди 2025 йилда 18 дан 21 миллиард рублгача ошади. Шунингдек, президент ҳамда Кремл учун харид қилинадиган товарлар ва хизматлар харажати ҳам ошган.

Уч йиллик бюджет лойиҳасига кўра, 2026 йилда президент ва унинг администрацияси харажатлари бироз қисқаради — 30,8 миллиард рублга тушади, 2027 йилда эса яна ошади — 31,7 миллиард рублгача.

Федерал бюджет тўғрисидаги қонун лойиҳасига кўра, 2025 йилда Россиянинг «Миллий мудофаа» моддаси бўйича бюджет харажатлари 13,5 триллион рубл атрофида бўлади. Ҳарбий харажатлар Россия ЯИМининг 6,31 фоизини ташкил этмоқда.

Мавзуга оид