Жаҳон | 15:59 / 23.06.2025
4819
2 дақиқада ўқилади

Путин Эронга берилган зарбаларни «оқлаб бўлмайдиган» деб атади

Шунингдек, Путин Эронга минтақадаги мавжуд вазиятдан чиқишнинг эҳтимолий йўллари ҳақида биргаликда ўйлаб кўришни таклиф қилди.

Фото: kremlin.ru / Сергей Карпухин / ТАСС

Эронга берилган зарбалар асоссиз тажовуздир ва уларни умуман оқлаб бўлмайди. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчий билан учрашувда айтиб ўтди.

«Сиз Россияга минтақадаги ва мамлакатингиз атрофидаги вазият кескинлашиб бораётган оғир вақтда ташриф буюрдингиз. Ҳозирги воқеалар бўйича бизнинг позициямиз ҳаммага маълум, буни Россия номидан ТИВ билдирган. БМТ Хавфсизлик Кенгашида қандай позицияни эгаллаганимиз ҳам сизларга маълум», деди Путин унга юзланиб.

Путиннинг фикрича, Россия Эронга ёрдам беришга ҳаракат қилмоқда. Хусусан, Путин минтақадаги мавжуд вазиятдан чиқишнинг эҳтимолий йўллари ҳақида биргаликда ўйлаб кўришни таклиф қилди.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари 22 июн куни Москвага борди. У Путинга олий раҳнамо Али Хоминаийнинг мактубини топширади, унда Теҳрон АҚШ зарбаларидан кейин ёрдам ёрдам сўраган, деб ёзди Reuters.

22 июнга ўтар кечаси Қўшма Штатлар Эроннинг учта ядровий иншоотига – Исфахон, Фордо ва Натанз шаҳарларига қатор зарбалар берди. Шу тариқа Вашингтон ядровий дастури туфайли Эронга қарши ҳарбий операция ўтказаётган Исроилга қўшилди. АҚШ президенти Доналд Трамп сўзларига кўра, объектларга етказилган зарар жуда катта бўлган. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Эрон ва Ғазо секторидаги мақсадларига яқинлашаётганини маълум қилди. Теҳрон АҚШ ҳужумидан кейин жавоб чораларини эълон қилди.

Мавзуга оид