Иқтисодиёт | 18:32 / 05.03.2024
11832
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон Ўзбекистон билан юк ташиш жараёнини соддалаштиради

Маҳаллий ташувчиларга электрон рухсатномалар бериш учун аризаларни қабул қилиш Қозоғистоннинг CarGoRuqsat автоматлаштирилган электрон навбат тизими орқали амалга оширилади. 

Фото: Kazinform

Ўзбекистоннинг юк ташиш бўйича рухсатнома бланкаларини олишни янада соддалаштириш мақсадида Қозоғистон Транспорт, Молия ва Рақамли ривожланиш вазирларининг қўшма буйруғи лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Kazinform хабар берди. 

Лойиҳа 2024 йил апрелидан бошлаб «Атамекен», «Б.Қонисбаев», «Қазиғурт», «Қоплонбек» ва «Тажен» назорат-ўтказиш пунктларида рухсатномаларни электрон шаклда беришни назарда тутади. 

Маҳаллий ташувчиларга электрон рухсатномалар бериш учун аризаларни қабул қилиш Қозоғистоннинг CarGoRuqsat автоматлаштирилган электрон навбат тизими орқали амалга оширилади. 

Қайд қилинишича, ушбу механизм виждонли ташувчиларга Ўзбекистон билан юк ташишни соддалаштириш ҳамда навбат жойлари билан чайқовчилик ва рухсатнома бланкаларини учинчи шахсларга топширишни бартараф этиш имконини беради. 

Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга кирувчи маҳаллий ташувчилар ўтказиш пунктларида Ўзбекистон рухсатномаларини электрон шаклда олади. 

Қозоғистон ҳудудидан транзит ўтмасдан Ўзбекистонга кирувчи маҳаллий ташувчилар Қозоғистон «Электрон ҳукумат» портали орқали Ўзбекистон рухсатномаларини олиши мумкин бўлади.

 

Мавзуга оид