Жаҳон | 10:09 / 19.12.2021
25503
5 дақиқада ўқилади

АҚШдаги ҳалокатли торнадо: оқибатлари қанчалик даҳшатли?

11 декабрь куни АҚШ тарихидаги энг кучли торнадолардан бири юз берди. Гап битта эмас, бир вақтнинг ўзида юз берган бир нечта довул ҳақида кетмоқда. Метеорологларнинг фикрича, улар ўттизга яқин бўлган.

АҚШнинг Кентукки штати энг кўп зарар кўрди, бироқ табиий офат Миссури, Арканзас, Иллинойс ва Теннесси штатларига ҳам таъсир кўрсатди.

Торнадо натижасида кўплаб бинолар вайрон бўлди, улардан деярли ҳеч нарса қолмади. Юзлаб одамлар ҳалок бўлган дея ҳисобланмоқда, яна шунча одам дом-дараксиз йўқолган. Бу борада аниқ маълумотлар ҳали ҳам йўқ. Бироқ Кентуккида 2 ойликдан 98 ёшгача бўлган 74 нафар одам ҳалок бўлгани хабар қилинди. АҚШда торнадонинг юзага келиши сабаблари ва у қандай зарар келтирди: ана шу жиҳатларга ойдинлик киритамиз.

2021 йил охирида АҚШ торнадодан катта зарар кўрди

Торнадо нима?

Торнадо — мезо довуллар билан бир хил. Момақалдироқли булутда ҳосил бўлиб, аста-секин пастга тушадиган атмосфера гирдоби торнадо деб аталади. Уларнинг юзага келиш сабаблари ҳали ҳам аниқ эмас. Чунки ҳалокатли табиий офатни ўрганиш жуда мураккаб. Бироқ торнадо пайдо бўлиш сабабларининг тахминий тавсифи мавжуд.

Торнадонинг ранги кўплаб омилларга боғлиқ бўлади: масалан, агар қуёш орқада бўлса, торнадо тўқ рангда ва даҳшатли кўринади.

Торнадолар қандай пайдо бўлади?

Торнадо совуқ ва илиқ ҳаво тўқнашуви натижасида юзага келади, дея ҳисобланади. Мактаб дастуридан кўпчиликка маълумки, илиқ ҳавонинг зичлиги совуқ ҳаво зичлигига қараганда камроқ. Шунинг учун ҳавонинг илиқ оқимлари тепага кўтарилади, совуқ оқим эса пастга тушади. Ана шу ҳодисалар натижасида ҳаво айлана бўйлаб ҳаракатлана бошлайди. Аммо олимлар бу нима учун содир бўлишини билишмайди.

Торнадонинг ўзига хослиги

Торнадо диаметри бир неча ўндан бир неча юзгача метрни ташкил этади. Торнадодаги ҳаво циклондагидек ҳаракатланади: Шимолий ярим шарда соат милларига қарши, Жанубий ярим шарда эса – соат миллари бўйлаб. Торнадолар бир неча дақиқадан бир неча соатгача мавжуд бўлиб, соатига қарийб 60 километргача тезликда ҳаракатланади. Энергия тугагач, торнадонинг пастки қисми уни юзага келтирган булут билан бирлашади.

Айрим ҳолларда торнадо диаметри улкан бўлади

Торнадолар бир неча жиддий муаммолар юзага келиши сабаби ҳисобланади:

  • айлана бўйлаб ҳаракатланаётган ҳаво бино, машина ва ҳатто одамларни баландликка кўтаради ва бир чеккага улоқтириб юборади;
  • торнадо томонидан эгалланган объектлар кўпинча бошқа бино ва одамларнинг устига тушади. Бу ҳам жиддий хавфлардан бири ҳисобланади;
  • айрим уйлар босим пасайиши туфайли том маънода ичкаридан портлайди;
  • шамол электр симларини узиб, одамларни ёруғлик ва иссиқликсиз қолдиради;
  • вайронагарчилик ёнғинларга сабаб бўлади.
Кучли торнадодан кейин машиналар металл уюмига айланади

АҚШдаги ҳалокатли торнадо

Яқинда АҚШнинг айрим штатлари юқорида айтиб ўтилган даҳшатли жиҳатларни бошдан кечирди. Gismeteo маълумотларига кўра, ҳар йили АҚШ ҳудудида 1500тага яқин торнадо содир бўлади, бироқ улар одатда март ойидан июнь ойигача бўлган даврда қайд этилади. Торнадонинг 1-2 фоизи декабрь ойига тўғри келади: одатда улар кучсиз гирдоблардир. 2021 йилда тасаввур қилиб бўлмас нарса юзага келди: тадқиқотчилар 30тага яқин торнадони ҳисоблашди, бундан ташқари, улар даҳшатли вайронагарчилик ва юзлаб одамлар ўлимини ҳам келтириб чиқарди.

Торнадо қайд этилган жойлар қизил нуқталар билан кўрсатилган

АҚШда энг кўп зарар кўрган штат – Кентукки бўлди, у ердаги қурбонлар сони ўнлаб кишиларни ташкил этди. Мэйфилд шаҳридаги шам заводида айниқса кўп одам ҳалок бўлди. Шамол томни учириб юборган вақтда бино ичида қарийб 100 киши бўлган. Хавф томнинг ўзидангина келиб чиқмади. Бинода оғир автомобиллар ва ҳатто заҳарли кимёвий моддалар бўлган, улар одамларнинг устига тушди. Аввалига одамларга ҳеч ким ёрдамга кела олмаганини англаш янада даҳшатли: полиция бўлими ҳам қулаб тушди, ёнғин ўчирувчилар жиҳозлари эса ишдан чиқди. Ўн минглаб омон қолган аҳоли ёруғлик ва сувсиз қолди. Шунинг учун яқин вақт ичида штатда тиклаш ишлари олиб борилади.

Торнадодан кейинги Кентукки штати
Кўплаб уйлар томлари учиб кетди, айнан шу сабабли одамлар ҳалок бўлди 

АҚШнинг бошқа кўплаб штатлари ҳам зарар кўрди. Масалан, Иллинойсда 14 киши ҳалок бўлди. Уларнинг айримлари томи қулаб тушган Amazon омбори ишчилари бўлган. Арканзас штатида икки, Теннесида эса уч киши торнадо қурбони бўлди. Кентукки штати губернаторининг хабар беришича, ҳозирда кўп жойларда устунлар синган, улкан юк машиналари ағдарилган ва уйлар вайрон бўлган. Уларнинг ичида одамлар бўлгани аниқ. Шунинг учун қурбонлар янада кўпроқ бўлиши мумкин.

Кентуккида торнадо ҳаракатланиш йўли

Hi-news сайтидан олинди.

Мавзуга оид