АҚШ янги ядровий бомбаларни серияли ишлаб чиқаришни бошлайди
Модернизация қилинган ҳар бир ядровий авиабомба қуввати 360 килотоннага етади ва уни ишлаб чиқариш 30 млн долларга баҳоланмоқда.

Фото: Department of Energy
Вашингтон 2025 йил июлдан бошлаб стратегик авиация самолётларига жойлаштириладиган, қуввати 360 килотоннага етадиган B61-13 гравитацион ядровий бомбани серияли ишлаб чиқаришни бошлайди. Бу ҳақда Ядровий хавфсизлик бўйича миллий агентлик (NNSA) маълум қилди.
АҚШ ҳукуматининг режасига мувофиқ, модернизация қилинган ҳар бир ядровий авиабомбани ишлаб чиқариш 30 миллион долларга баҳоланмоқда ва у 2027 йилда якунланади. Жанговар каллак хусусиятларини яхшилаш билан NNSA’нинг олтита маркази мутахассислари шуғулланмоқда, якуний йиғиш ишлари эса Амарилло шаҳридаги (Техас) Pantex Plant заводида амалга оширилади.
Таъкидланишича, оғирлиги 320 килограммдан ошадиган B61 вариантига янги дум таянчи ўрнатилган, у бошқарувнинг янада аниқ амалга оширилишини таъминлайди. Бу эса юқори баландликда учаётган самолётдан бомбани ташлаш имконини беради, сўнг у автоном режимда нишон томон учади ва ўз траекториясини тўғрилаб боради.
Модификация қилинган зарядлар B-2 ва B-21 бомбардимончиларига ўрнатилади. Улар АҚШнинг континентал базаларида сақланади. Янги турдаги бомбанинг асосий мақсади — нисбатан мустаҳкам ва йирик ҳарбий нишонларни, жумладан, ерости бункерлари ва қўмондонлик пунктларини яксон қилиш.
19 май куни АҚШ Энергетика вазири Крис Райт биринчи B61-13 прототипини ишлаб чиқариш муддатидан бир йил олдин якунланганини маълум қилганди. Янги қуролни яратишга икки йилдан камроқ вақт кетган. Вазирнинг сўзларига кўра, бу Қўшма Штатларнинг «янги беқарор даврда» глобал хавфсизлик соҳасида ўсиб бораётган чақириқларга тезкорлик билан жавоб қайтариш қобилиятларини исботлаган.
Мавзуга оид

22:38
Саида Мирзиёева АҚШ давлат котиби ёрдамчиси билан учрашув ўтказди

21:09
Шавкат Мирзиёев АҚШнинг етакчи компаниялари делегацияси билан учрашув ўтказди

18:40
Трамп агар Маск демократлар томонига ўтса, уни жазолашга ваъда берди

18:20