Ўзбекистон | 13:58 / 23.07.2025
1086
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Покистон меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорлик қилади

Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистоннинг хориждаги покистонликлар ишлари ва инсон ресурсларини ривожлантириш вазири Чоудри Салик Ҳусайн билан учрашди.

Фото: "Дунё" АА

Мулоқот чоғида икки мамлакат ўртасида меҳнат миграцияси, касб-ҳунарга ўқитиш ва кадрлар тайёрлаш соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Суҳбат чоғида томонлар фуқароларини чет элда иш жойи билан таъминлаш ва ижтимоий ҳимоя қилиш борасида тажриба алмашиш ва ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар ҳақида ўзаро фикр алмашди.

Фуқароларни хорижга ишга юборишдан олдин уларни махсус ўқув курсларида тайёрлаш, тил, касб кўникма ва меҳнат қонунчилиги бўйича билимларини ошириш масаласи жиддий аҳамиятга эгалиги қайд этилди.

Томонлар меҳнат миграцияси, кадрлар тайёрлаш ва ижтимоий ҳимоя соҳаларида тажриба алмашишга қизиқиш билдириб, 2023 йил феврал ойида имзоланган меморандум доирасида қўшма ишчи гуруҳ тузиш ва амалий ҳамкорликни жонлантиришга келишиб олди.

Шунингдек, касбий малака сертификатларини ўзаро тан олиш, таълим стандартларини мувофиқлаштириш ва рақобатбардош кадрлар тайёрлаш бўйича икки томонлама маслаҳатлашувларни ташкил этиш таклифи билдирилди. Томонлар ахборот технологиялари, тиббиёт, муҳандислик ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида биргаликда ўқув дастурларини амалга оширишга тайёрликларини тасдиқлади.

Хорижда ўз бизнесига эга миллий диаспора вакиллари иштирокида қўшма инвестиция лойиҳаларни амалга ошириш ҳам ўзаро иқтисодий дипломатик муносабатларнинг янги йўналиши сифатида эътироф этилди.

Вазир Чоудри Салик Ҳусайн, шунингдек, ушбу йўналишдаги муносабатларни батафсил муҳокама қилиш учун икки томон тегишли вазирлик ва идораларининг ўзаро ташрифларини ташкил этиш, махсус таълим муассасалари фаолияти, меҳнат миграциясини бошқариш тажрибаси ва кадрлар тайёрлаш борасида ҳамкорликнинг амалий қисмига ўтиш муҳимлигини таъкидлади.

Мавзуга оид