Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Ваъда қилган товон пулини бермай юришибди” — Фарғонадаги портлашда тўрт жигарини йўқотган ая
Ўтган йили декабрда Фарғона шаҳридаги ноқонуний пропан шохобчаси портлаб, тўрт кишининг ўлимига сабаб бўлганди. Бу фожиада бир қизи ва уч набирасидан айрилган Жамила Орипова Kun.uz'га мурожаат қилиб, жигарларини йўқотган мудҳиш кунни эслади, бўлиб ўтган суд жараёнидан норозилигини билдирди.

2024 йил 17 декабр куни Фарғона шаҳри Аҳмад Яссавий кўчасида жойлашган қўшёқилғи (бензин ва пропан) қуйиш шохобчасида портлаш рўй бериб, бир неча фуқаро ҳалок бўлган эди. Воқеада айбдор деб топилган тўрт кишига нисбатан суд ҳукми чиқарилди. Асосий айбдор деб кўрилган, ўзини шохобчанинг раҳбари деб таништирган Мансур Маткаримов 5 йилга озодликдан маҳрум қилинди.
Мудҳиш ҳодисада Жамила ая Орипова бир қизи ва 3 набирасидан айрилган. 1988 йилда туғилган қизи Севара Юсупова, унинг икки фарзанди Муҳаммадюсуф Икромов (2020 й.т.) ва Зубайр Икромов (2022 й.т.) ҳамда Жамила Орипованинг катта қизининг 18 ёшли фарзанди Сўғдиёна Умрзоқова фожиа қурбонлари бўлишган.

“Невараларим Муҳаммадюсуф ва Зубайр бетоблиги учун 2024 йилнинг 17 декабр куни қизим Севара уларни болалар шифохонасига олиб борган. Навбат кўп бўлган. Вақт ўтказиш учун ўша портлаган заправка ёнидаги болалар ўйингоҳига киришганми, билмайман...
Тўсатдан қудам телефон қилиб: “Заправка портлаб кетибди, Севара қаерда” деб сўради. Мен қизим невараларим билан бирга шифохонада эканини айтдим. Қудам телефон қиляпман, олишмаяпти дея хавотирлана бошлади. Кейин мен ҳам телефон қилдим, кўтаришмади.

Кейин яна ва яна телефон қилдим. Бироздан кейин, қизимнинг телефонини ИИБ ходими кўтариб, телефон эгаси тез ёрдам бўлимида эканини айтди. Шошганимча шифохонага бордим. Лекин уларни топа олмадим.
Кейин нима бўлганини билмайман, шомга яқин мени уйга олиб келишди. Дорилар беришди, бошқа ҳеч нарсани эслай олмайман.
Кичик қизимнинг турмуш ўртоғи Россияда ишларди. Шунинг учун катта қизимнинг қизи, катта неварам Сўғдиёна холасининг уйида яшарди. Холаси қаерга борса, уни ўзи билан бирга олиб кетарди.
Ижтимоий тармоқларда тарқаган асфалтда “болам” деб куйиб ётган қизим бўлади. Орқасидаги куйиб ётган, жизғанаги чиққан невараларим бўлади.
Катта неварам Сўғдиёна 15 декабр куни 18 ёшга тўлган эди. Ўлимидан икки кун аввал туғилган кунини нишонлагандик. Сўғдиёна ўша ердаёқ куйиб, ўтиб қолди. Севарам билан Муҳаммадюсуф, Зубайрларим реанимацияда ўлишди. Учови бири-кетин ўтишди.
Ҳокимият томонидан бизга 17 миллион, қуда томонга эса 30 миллион сўм пул беришди. Шу билан бошқа ёрдам беришгани йўқ эди. Пенсионерман, турмуш ўртоғим ҳам пенсионер. Ҳеч қанча пенсия олмаймиз. Заправка эгалари Ҳайитга харажат ташлаб кетишди, бу ҳайитга ҳам ташлаб кетишди. Аллоҳ рози бўлсин.
Кичкина қизим икки ўғил, икки қиз кўрган. Шуларга хурсанд бўлиб, ўғлим йўқ, шу невараларим менга ўғил деб хурсанд бўлиб юргандим... Ўзи билан шу иккита ўғли ўтиб қолди. Иккита қизи бор, уларни вояга етказиш керак.
Заправканинг эгаси Азизхўжа Мавлонов (“Farg‘ona Layli Naxor” хусусий корхонаси таъсисчиси – таҳририят) куёвимни чақириб, одам бошига 25 минг АҚШ долларидан бераман деб ваъда берган эди. Лекин беришмади. 5 000 доллар беришди, шу билан йўқ бўлиб кетди.

Миллион берса ҳам болаларимни қайтиб топа олмайман. Лекин фарзандимнинг фарзандлари-чи? Иккита гўдак-чи? Бири 10 яшар, бири 8 яшар. Онасиз қолган невараларим сиздан онамнинг иси келади деб мени ҳидлаб-ҳидлаб олишади. Шу фарзандларини оёққа турғазишимиз керак-ку. Севара қизим салонда ишлаб, мени ҳам боқарди.
Заправканинг ҳақиқий эгалари Мавлоновлар судда умуман қатнашмади. Уларнинг ишчилари қамалиб кетди. Суддан кўнглим тўлмади. Шохобчанинг ҳақиқий эгалари ўзлари қатнашишсин судда”, – дейди Жамила ая Орипова.
Эслатиб ўтамиз, суд ҳукми билан Мансур Маткаримовдан 4 нафар қурбоннинг қонуний вакилларига 310 млн сўмдан жами 1 млрд 240 млн сўм маънавий зарар ундириш белгиланган.
Сарвар Зиёев,
Сардор Мамиров,
Kun.uz
Тавсия этамиз
Навоийни кимлар заҳарлаяпти? – экология вазири изоҳ берди
Ўзбекистон | 11:23 / 25.07.2025
Ишдаги ишқнинг якуни: селекторда “қўлга тушган” амалдор ишдан олинди
Ўзбекистон | 10:42 / 25.07.2025
Франция Фаластин давлатини тан олади — Макрон
Жаҳон | 09:46 / 25.07.2025
Ниҳоят: келаётган ҳафтада салқин ҳаво оқими кириб келиши кутилмоқда
Ўзбекистон | 20:03 / 24.07.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Тожикистонда 10та янги тарихий-маданий мерос ёдгорликлари топилди
Жаҳон | 23:31
-
Болқон олов ичида қолди
Жаҳон | 23:23
-
Шаолин ибодатхонаси бош роҳиби қасамёдни бузиш ва талон-торожда гумонланмоқда
Жаҳон | 22:40
-
Украина тўрт давлат компаниялари ва фуқароларига нисбатан санкциялар киритди
Жаҳон | 22:11
Мавзуга оид

14:39 / 24.07.2025
Мубашшир Аҳмадга нисбатан очилган жиноят иши судга оширилди

18:33 / 18.07.2025
Қўрқинчли манзара ва аламли оқибатлар: Кўкдаладаги портлаш тафсилотлари

16:14 / 17.07.2025
Солиқ низоларини ҳал қилиш вақти қисқаради

20:53 / 16.07.2025