Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қўрқинчли манзара ва аламли оқибатлар: Кўкдаладаги портлаш тафсилотлари
16 июл куни Қашқадарёнинг Кўкдала туманида портлаш рўй берди. Аҳоли уйларига тарқатиладиган баллонларга газ тўлдириш станциясида ёнғин чиқиб, 4 киши ҳалок бўлди, яна бир неча киши жароҳатланди. Воқеа оқибатида станцияга туташ жойлашган ресторан ҳам бутунлай ёниб кетган. Kun.uz воқеа жойида бўлиб, ҳодисанинг сабаб ва оқибатларини ўрганди.

Самарқанд-Ғузор автомобил йўли ёқасида жойлашган ушбу шохобчанинг маъмурий бинолари жиддий зарарланган. Техникалар ва ҳовлисида катта ёнғиндан кейинги аломатлар шундоқ кўриниб турибди. Ён-атрофдаги дарахтлар ҳам ёнган. Станцияга қарши томонидаги катта иссиқхона ҳам зарар кўрган. Ушбу ҳолат ҳам портлаш даражаси ва талофатини кўрсатиб турибди.
Қашқадарё ФВБ ахборот хизмати раҳбари Соҳибжон Вайитовга кўра, 16 июл, 14:40 атрофида қутқарув хизматига хабар келиб тушган. Тўртта ёнғин қутқарув бўлинмаси воқеа жойига етиб бориб, 15:35 атрофида тўлиқ ёнғин ўчирилган. Ёнғин сабаби ва зарар миқдорига аниқлик киритилмоқда.
Газ тўлдириш станцияси раҳбари ҳам ёнғин оқибатида вафот этган.
Портлаш натижасида шохобча ҳовлисидаги контейнерлардан бири ресторан ҳудудига учиб тушган ва натижада ресторанда ҳам ёнғин бошланган. Kun.uz манбасига кўра, бу ерда ҳам вафот этганлар бор. Ёнғин кундуз, соат 14.40 ларда содир бўлган. Бу вақтда ошхонада кўп одам бўлмагани оқибатларни анча енгиллаштирган.
Кўкдала тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Одилжон Шайманов 16 июл куни куйиш тан жароҳатлари билан етти нафар бемор шифохонага келтирилган. Уларнинг икки нафарининг ҳолати оғир ва реанимацияга ётқизилган. Беш нафари турли даражадаги тан жароҳатлари билан мурожаат қилган. Керакли тиббиёт мутахассислари жалб қилинган.
Маълум бўлишича, шифохонадаги беморларнинг барчаси станцияда ишловчи ходимлар бўлган.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари мавжуд вазиятдан келиб чиққан ҳолда шифохонага бегоналарни киритмаяпти ва беморлар билан суҳбатлашишнинг имконияти бўлмади.
Газ шохобчаси охирги марта қачон техник кўрикдан ўтказилган? Қашқадарёда бу каби объектлар сони нечта ва уларнинг ҳолати ҳақида маълумот ололмадик. “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти ахборот хизмати раҳбари Дилором Жуманиёзова ҳолат юзасидан прокуратура текширув ўтказаётгани ва ўрганишлар якуни билан тўлиқ маълумот бериши мумкинлигини айтди.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг май ойида ҳам худди шундай ҳолат Пахтачи туманида кузатилган эди. Воқеа натижасида бир нафар ходим жароҳат олганди. Ҳудуддаги контейнерлар, маъмурий бинолар ва бир нечта техникалар зарарланганди.
Кўкдаладаги портлаш – бу шунчаки техника носозлигими ёки тасодифий ҳолатми? Бу саволга аниқ жавоб суриштирув натижаларида маълум бўлади. Бир нарса шубҳасиз: бу каби хавфли иншоотлар қатъий техник ва хавфсизлик назорати остида бўлиши шарт. Чунки уларда содир бўлган ҳар қандай камчилик - инсон ҳаёти, соғлиги ва жамият хавфсизлигига бевосита таҳдид солади.
Кўкдала тумани ҳокимлиги ахборот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, содир бўлган фожиада ҳалок бўлган тўрт нафар фуқаронинг оила аъзоларига 100 миллион сўмдан компенсация тўлаб берилмоқда. Шунингдек, турли даражада тан жароҳати олган 15 нафар фуқарога 50 миллион сўмдан моддий ёрдам кўрсатилмоқда.
Kun.uz воқеалар ривожини кузатишда давом этади.
Исомиддин Пўлатов, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи ва монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов
Тавсия этамиз
Йил учрашуви: Аляскада нима бўлади?
Жаҳон | 20:43 / 11.08.2025
Уруш тақдири Аляскада ҳал бўлади – ҳафта дайжести
Жаҳон | 17:31 / 10.08.2025
Корея: Гапирилмайдиган ҳақиқатлар (2-қисм) | SUBYEKTIV
Жамият | 18:07 / 09.08.2025
Лазизбек Муллажонов биринчиси эмас. Допинг сабаб дисквалификация қилинган машҳур ўзбек спортчилари
Спорт | 20:54 / 08.08.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Тошкент вилоятида янги аэропорт учун жой қидирилмоқда
Ўзбекистон | 12:28
-
Аляскадаги музокаралар: Путин нима талаб қилади ва Трампга нима керак?
Жаҳон | 12:26
-
Россияга ён бериш йўқ – ЕИ санкцияларнинг навбатдаги пакети устида ишлайди
Жаҳон | 12:18
-
Дунёдаги энг йирик Норвегия суверен фонди Исроил активларини сотишни бошлади
Жаҳон | 12:11
Мавзуга оид

23:58 / 05.08.2025
Кўкдала туманида яна газ тўлдириш шохобчаси портлади

20:53 / 16.07.2025
Қашқадарёда «метан заправка»даги портлаш оқибатида 4 киши ҳалок бўлди

15:59 / 16.07.2025
Қашқадарёдаги газ заправкасида катта ёнғин чиқди

14:24 / 12.07.2025