Ўзбекистон | 14:26 / 30.06.2025
780
2 дақиқада ўқилади

Малайзия университети Ўзбекистондаги кам таъминланган оилалар фарзандлари учун грант ажратади

Мамлакат элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Мусулмонлар идораси ҳузуридаги "Вақф" хайрия жамоат фонди ва Малайзиянинг Ал-Бухорий халқаро университети раҳбарияти ўртасида онлайн учрашув ташкил этилди.

Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги вакиллари ҳам иштирок этган тадбирда олий таълим олиш учун имкониятлари мавжуд бўлмаган ўзбек ёшлари ва кам таъминланган оилаларнинг ўқишга иштиёқманд фарзандларини Ал-Бухорий халқаро университетига танлов асосида қабул қилиш ва уларга тўлиқ грант асосида таълим бериш масаласи муҳокама қилинди.

"Вақф" хайрия жамоат фонди ва Ал-Бухорий халқаро университети ўртасида бўлажак талабаларни танлаб олиш, ўқишини ташкил этиш ва Ўзбекистон учун малакали мутахассислар етказиб бериш бўйича ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзолашга келишиб олинди.

Фото: "Дунё" АА

Унга кўра, бирламчи ҳужжатлар текширувидан ўтган ёшлар учун Ал-Бухорий халқаро университети қабул комиссияси томонидан суҳбат ташкил этилади ва муваффақиятли ўтган номзодлар грант асосида талаба бўлишлари мумкин бўлади.

Ал-Бухорий халқаро университети 2010 йилда ташкил этилган. Университет Ал-Бухорий жамғармаси томонидан хайрия асосида молиялаштириладиган хусусий олий таълим муассасаси ҳисобланади. Мазкур олий билим юрти Малайзиянинг Кедах штати Алор Сетар шаҳрида жойлашган.

Ҳозир университетда дунёнинг 60 дан ортиқ мамлакатидан келган 1472 нафар кам таъминланган талабалар учун бизнес бошқаруви, халқаро алоқалар, иқтисодиёт, ислом молияси ва педагогика каби 12 та бакалавр, 3 та магистрлик ва 2 та фалсафа докторлиги йўналишларида бепул таълим берилмоқда.

Мавзуга оид