Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Термизга тушган снарядлар: Уларни ким отгани аниқ бўлди
2022 йил 5 июл куни Афғонистон ҳудудидан Термиз шаҳрига 5 та снаряд отилганди. Уларнинг 1 таси Сурхондарё вилоят “СЭС” биноси ҳовлисидаги спорт майдончасига, 4 таси аҳоли хонадонларига келиб тушган. Снарядлар Ўзбекистон ҳудудига “ИШИД” амирлари кўрсатмаси асосида махсус инструкторлар бошчилигида отилган. Бу ишни қилган гуруҳ 2022 йил июн ойида Кобулда бир неча қўпорувчилик ҳаракатларини содир этган. Гуруҳ аъзолари орасида ўзбекистонликлар ҳам бор.

Фото: Видеодан кадр
Термиз шаҳрига снаряд отишда қатнашган шахс жиноий жазога тортилди. Kun.uz танишган суд ҳужжатида келтирилишича, 1978 йилда туғилган Обид Сапаров 2013 йил 11 июнда ишлаш мақсадида Россиянинг Уфа шаҳрига борган. У ҳудуддаги қурилиш объектларида ишлаган. Бу даврда у “Жиҳодчилар” диний экстремистик ташкилотининг Уфа шаҳри жамоати масъулларидан бирининг таъсирига тушиб қолган.
Обид Сапаров Уфа шаҳрида ижарага олинган хонадонларнинг бирида “Туркистон ислом ҳаракати” халқаро террористик ташкилотининг “Жундуллоҳ” тарғибот студиясида тайёрланган аудио ва видео материалларни эшитиб келган. Ушбу материалларда Тоҳир Йўлдошевнинг ҳар бир мусулмон ҳижрат қилиши фарз экани, араб диёрларига бориб кофирларга қарши “жиҳодий” ҳаракатларда иштирок этган ҳолда “шаҳидлик” мақомига эришиш кераклиги, шариат қоидаларини ҳаётга татбиқ қилиш учун Афғонистон ва Покистон ҳудудида жойлашган махсус ҳарбий муҳожирлик лагерларига чиқиш лозимлиги тўғрисидаги даъватлари ёзилганди.
Обид Сапаров дастлабки терговда алоҳида иш юритувга ажратилган шахслар билан биргаликда “Туркистон ислом ҳаракати” сафига қўшилиш мақсадида 2013 йилда йўловчи автобусда Озарбойжондан Эроннинг Зоҳидон шаҳрига, 2014 йил март ойида эса Афғонистон орқали Покистоннинг Вазиристон минтақаси Мирали шаҳрига ўтган. У халқаро террористик ташкилот сафида ўзига “Хаббоб” тахаллусини олган. Обид Сапаров диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотларда иштирок этганлиги аниқланган.
Обид Сапаров 2014 йил июнда Покистоннинг Шовол тоғли ҳудудида “Туркистон ислом ҳаракати”га тегишли жангарилар тайёрлаш ҳарбий дала лагерида “Усома” ва “Луқмон” тахаллусли ҳарбий инструкторлар раҳбарлигида жанг олиб бориш амалий маҳорати ва кўникмаларини эгаллаган. У қурол-яроғ ва портлатиш қурилмалари билан муомала қилиш усулларини ўрганган.
Бундан ташқари, Сапаров 2013-2015 йилларда Покистон ва Афғонистон ҳудудида “Туркистон ислом ҳаракати”нинг моддий таъминоти остида бўлган лагерларда истиқомат қилиб, террористик ташкилотнинг “Таъминот” марказида фаолият олиб борган. Шундан сўнг, 2016 йил бошида “Туркистон ислом ҳаракати” турли гуруҳларга бўлиниб, ўз фаолиятини тўхтатгач, Обид Сапаров Афғонистондаги “Ислом давлати” халқаро террористик ташкилотининг “Ислом давлати Хуросон вилояти” тармоғига қўшилган. 2016-2024 йилларда мазкур террористик ташкилотнинг моддий таъминоти остида Афғонистон ва Покистоннинг турли ҳудудларида истиқомат қилган. У дастлаб “ансорлик”, яъни халқаро террористик ташкилот сафига янги қўшилганларни кутиб олиб, уй-жой билан таъминлаш вазифасида, кейинчалик эса медиа марказида фаолият олиб борган.
Хусусан, Обид Сапаров медиа марказдаги фаолияти давомида террористик ташкилотнинг Telegram каналидаги радио эшиттиришларида чиқишлар қилган. У ўз чиқишларида Ўзбекистоннинг амалдаги давлат тузумини ўзгартиришга, ҳокимиятни босиб олишга очиқдан-очиқ даъват қилган.
Обид Сапаров “Туркистон ислом ҳаракати” халқаро террористик ташкилоти раҳбарлари томонидан берилган кўрсатмалар асосида шериклари билан биргаликда 2014 йилдан 2016 йилга қадар Покистоннинг Мирали, Шовол ва Гомул, Афғонистоннинг Фарёб аҳоли яшаш манзилларида жанговар ҳаракатларда иштирок этган. Шунингдек, у 2016-2024 йиллар давомида Афғонистоннинг Жалолобод, Қундуз, Мозори Шариф ва Кобул шаҳарларида жанговар ҳаракатларда қатнашган.
Сапаров 2022 йил май-июл ойида Кобул шаҳридаги яшаш хонадонида 5 дона жанговар снаряд, жуда кўп миқдорда автоматлар ва ўқлар, портловчи воситалар ва миналар ясаш учун фойдаланиладиган буюмларни келгусида теракт амалга ошириш мақсадида яширинча сақлаб келган. Хусусан, 2022 йил июн ойида “Ториқ” тахаллусли шахс бошчилигида Обид Сапаров ва бошқалар томонидан Кобул шаҳрида ҳинд-сикхийлар ибодатхонаси, Россия элчихонаси ва шаҳарнинг бир неча марказий кўчаларида қўпорувчилик ҳаракатлари содир этилган. Бунинг оқибатида тинч аҳоли вакиллари орасида қурбонлар бўлган, одамларнинг мол-мулкларига жиддий талафотлар етказилган.
Обид Сапаров дастлабки терговда шахси аниқланмаган бир гуруҳ шахслар билан биргаликда Тожикистон ва Ўзбекистонга ракета снарядлари отилишида иштирок этган. Жумладан, 2022 йил 5 июл куни соат 17:00 атрофида ушбу шахслар томонидан 107 мм РСЗО (реактивная система залпового огня) ускунасидан Ўзбекистон ҳудудига 5 дона 100 мм калибрли қўлбола снаряд отилган. Ушбу снардялардан бири Термиз шаҳридаги Сурхондарё вилоят санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ҳовлисида жойлашган спорт майдончасига, қолган 4 таси аҳоли яшаш хонадонларига келиб тушган.
2022 йил июл ойида қуролли гуруҳ аъзолари Кобул шаҳрида терактни содир этиш мақсадида ҳаракатланган вақтида “Толибон” томонидан қўлга олинган. Шундан сўнг Обид Сапаров Эрон орқали Покистоннинг Кветта шаҳрига қочиб кетган. У ва шериклари 2024 йил 20 сентябр куни тунда Покистон хавфсизлик кучлари томонидан қўлга олинган ва Кветта шаҳар қамоқхонасига жойлаштирилган. Ушбу қамоқхонада Сапаровдан ташқари андижонлик, наманганлик, сирдарёлик шахслар ҳам бўлган. Улар 2025 йил 24 январ куни Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан махсус рейс билан Тошкент шаҳрига олиб келинган.
Обид Сапаров судда айбига иқрорлик билдирган.
“2022 йил март ойида “ИШИД” амирлари томонидан Афғонистон ҳудудлари ва бошқа чегарадош давлатларда ҳам терактлар содир этиш бўйича топшириқлар берилди. Ўзбекистон фуқароси бўлган “Иброҳим” тахаллусли шахс 2 кун менинг уйимда яшади. Мен “Ториқ” ва “Иброҳим”ларни машинамда Кобул шаҳрида жойлашган Россия элчихонаси ҳудудигача олиб бордим. Машинада қўлбола усулда тайёрланган миналар ва портловчи қуроллар бор эди. “Иброҳим” ўзини Россия элчихонаси олдида портлатиб юбориб, вафот этди. Гуруҳимиз аъзоси бўлган “Абу Муҳаммад Тожикий” исмли Тожикистон фуқароси эса Кобул шаҳридаги ҳинд-сикхийлар ибодатхонасида қўлбола усулда тайёрланган миналар ва портловчи қуроллар ёрдамида ўзини портлатиб, вафот этган. “Ториқ” бошчилигидаги гуруҳларимиз томонидан Қобул шаҳри бош кўчаларидан ҳам бир нечта қўпорувчилик ҳаракатлари содир этилган. Ушбу қўпорувчилик ҳаракатларида фойдаланилган миналар ва бошқа портловчи қурилмалар менинг яшаш манзилимда тайёрлаб келинган.
Ушбу даврда “ИШИД” амирлари кўрсатмаси асосида махсус инструкторлар бошчилигида Ўзбекистон ва Тожикистонга ҳам ракета снарядлари отилган. 2022 йил июл ойи бошида “Ториқ” менинг яшаш манзилимда сақланаётган 5 дона жанговар ракета снарядини “Ҳафизуллох Нурмуҳаммад ўғли” тахаллусли шахсга етказиб беришимни айтди. Мен снарядларни машинада Кобул шаҳрининг кўчаларидан бирига, айтилган манзилга олиб бориб бердим. Кейинчалик ушбу ракеталар Ўзбекистон томонга отилганидан хабардор бўлдим. Менинг гуруҳдаги асосий вазифам уйимда тайёрланган миналар, портловчи қурилмалар ва автоматларни “Ториқ” айтган манзилга машинамда етказиб бериш бўлган”, деган Сапаров ўз кўрсатмасида.
У қилмишидан пушаймонлигини айтиб, суддан енгиллик сўраган.
Суд ҳукми билан Обид Сапаров Жиноят кодексининг 155-моддаси (Терроризм) 3-қисми “б” банди, 155-2-моддаси (Террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида ўқувдан ўтиш, чиқиш ёки ҳаракатланиш) 1-қисми, 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 3-қисми “б” банди, 161-моддаси (Қўпорувчилик), 244-1-моддаси (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми “а, г” бандлари ва 244-2-моддаси (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. Унга тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 16 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 5 июл куни Aфғонистон ҳудудидан Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги Мажнунтол маҳалласида жойлашган хонадонларга бешта реактив снарядлар келиб тушганди. Портлашлар юз бермаганлиги сабабли инсонлар нобуд бўлмаган. Ҳужум оқибатида 4 та уй-жойга унча йирик бўлмаган зиён етган, бешинчи снаряд эса футбол майдонидан топилган. Аниқланган снарядлар сапёрлик бўлинмалари томонидан зарарсизлантирилган.
“Толибон” расмий вакили ўшанда Термизга Афғонистон ҳудудидан ракета ҳужумини уюштирганлар дўст Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида ишончсизлик муҳитини яратишни мақсад қилганини айтиб, ракета ҳужуми ортида турганлар қидирилаётганини билдирганди.
Тавсия этамиз
Соч тўкилиши, кўз ости қорайиши, лаб ёрилиши: тана тили бизни нималардан огоҳлантиради?
Жамият | 17:08 / 10.07.2025
Роман Старовойт – урушнинг курсидаги қурбони
Жаҳон | 22:00 / 08.07.2025
Қозоғистонда куйдирги тарқалди, икки қишлоқ карантинга олинди
Жаҳон | 17:57 / 08.07.2025
11 июлдан IELTS имтиҳонини қоғозда топшириш бекор қилинади
Ўзбекистон | 15:45 / 08.07.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Ўзбекистонда тез ёрдамга бирорта ҳам ёлғон чақириқ бўлмаган ҳудуд айтилди
Ўзбекистон | 12:07
-
Академик лицейларга кириш учун 49 мингдан ортиқ ариза топширилди
Ўзбекистон | 11:55
-
Зеленский Россия билан кейинги музокаралар шартларини айтди
Жаҳон | 11:40
-
🔴 LIVE: Алиев–Пашинян ва Трамп–Нетаняҳу учрашувлари. Нималар гаплашилди?
Жаҳон | 11:22
Мавзуга оид

20:36 / 08.07.2025
Халқаро жиноий суд «Толибон» раҳбарларини ҳибсга олишга ордер берди

16:54 / 08.07.2025
БМТ Бош Ассамблеяси «Толибон» сиёсатини кескин қораловчи резолюцияни маъқуллади

18:31 / 05.07.2025
«Афғонистонда тинчлик ва нормал давлатчилик бўлишига энг кўп интилаётган давлат – Ўзбекистон» — Камолиддин Раббимов

14:24 / 04.07.2025