Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россиянинг Украина бўйлаб ёпирилма зарбаси: Лвив ва Черкассда вайронгарчиликлар, яна бир F-16 қулади
Россиялик ҳарбийлар якшанбага ўтар кечаси Украина бўйлаб навбатдаги марта ракеталар ва дронлар иштирокида комбинацияланган ҳужум уюштирди. Украина қуролли кучлари ҳужумда «Shaheed» дронлари ҳамда турли баллистик ва қанотли ракеталар қатнашгани ҳақида хабар берган.

Лвив, Полтава, Черкасс, Миколайив ва Запорижжя областларида вайронгарчиликлар кузатилган. Ҳужумни қайтариш чоғида украинларнинг F-16 қирувчи самолёти қулаган, унинг учувчиси ҳалок бўлган.
Украина қуролли кучлари ҳаво кучлари якшанбага ўтар кечаси Россия қўшинлари турли хилдаги 477 та дрон, жумладан, 250 дан ортиқ «Shaheed» аппаратлари ёрдамида Украинага ҳужум қилганини маълум қилди.
Бундан ташқари, ҳарбий-ҳаво кучлари «Кинжал» русумли 4 та аэробаллистик ракета, «Искандер-М» мажмуасининг 7 та баллистик ракетаси, Х-101 русумли 41 ракета, «Калибр» русумли 5 та ракета (улар Қора денгиз ҳудудидан учирилган), шунингдек, С-300 тизимининг учта баллистик ракетаси билан зарба берилганини маълум қилган.
Украина қуролли кучларининг Киев вақти билан соат 08:30 гача бўлган маълумотларига кўра, 475 та ҳаво нишони зарарсизлантирилган, шундан 249 таси ўт очиш воситалари билан уриб туширилган, яна 226 таси эса «локациясини йўқотган» (Украина ҳарбийлари нишонлар радар экранларидан талафот етказмасдан ғойиб бўлганида шундай сўзларни ишлатади).
Россия мудофаа вазирлиги йирик зарба ҳақида қисқа хабар эълон қилди, бироқ унда Россия ракеталари ва дронлари айнан қайси нишонларга зарба беришга урингани ҳақида батафсил маълумот йўқ. Фақат бундай хабарлар учун одатий баёнот бор, яъни зарба «Украинанинг ҳарбий-саноат мажмуаси объектлари ва нефтни қайта ишлаш заводлари»га берилган.
Аввалроқ кузатувчилар тез орада Россия Украинага дронлар билан ёпирилма зарбалар бериши, бир ҳужумда ярим минг «Shaheed»дан фойдаланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганди.
Ҳужум қандай бошланган?
Кечқурун Украина ҳудудига Россиянинг юзлаб дронлари учиб кира бошлади, соат бирдан кейин ҳаво тревогаси мамлакатнинг ғарбий областларига ҳам етиб борди.
Кейин Қора денгиз ҳудудидан учирилган «Калибр» қанотли ракета гуруҳлари, сўнгра Ту-95МС бомбардимончи самолётларидан Х-101 қанотли ракеталари бир неча тўлқин бўлиб Украинага учиб кирди. Ракеталар шарқ ва жанубдан учиб келиб, Украина ғарбига йўналган.
Шунингдек, Россиянинг МиГ-31К самолётлари икки марта ҳавога кўтарилиб, «Кинжал» аэробаллистик ракеталарини учирган, бир нечта ер усти комплекслари ҳам баллистик ракеталар билан зарба берган. Ракета ҳужуми деярли эрталаб соат 5 гача давом этган.
Полтава областининг Кременчуг шаҳрига бир нечта ракета ҳужум қилгани маълум: «Кинжал» аэробаллистик ракеталари билан ҳам, ердан отилган ракеталар билан ҳам. Бу шаҳар сўнгги ҳафталарда бир неча бор Россиянинг йирик зарбалари нишонига айланмоқда.
Полтава области маъмурияти раҳбари Володимир Когут Кременчуг районида корхоналардан бири ҳужумга учрагани, у ерда ёнғин чиққани ҳақида хабар қилган.
Лвив области ва Бурштин шаҳрига зарбалар
Маҳаллий вақт билан соат 02:20 атрофида Лвивда илк бор кучли овозлар эшитилди – бу асосан ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишга тушгани ҳақида дарак берадиган овоз эди.
Кейинги икки соат мобайнида Лвивда яна бир неча портлашлар бўлган.
Лвив шаҳри мэри Андрей Садовой ҳаводаги нишонларнинг аксари шаҳарни айланиб ўтгани, аммо бир нечаси унинг ҳудудига киргани ҳақида хабар қилган.
«Шаҳар бўйлаб текширувни якунладик. Душман муҳим инфратузилмага зарба беришга ҳаракат қилди. Ушбу тунги қўшма ҳужумнинг мураккаблигига қарамай, Лвивда бирорта ҳам одам ва фуқаролик биноси жабрланмаган. Ҳимоя учун ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларига раҳмат!» – деб ёзди Садовой эрталаб.
Шунингдек, дронлар ва ракеталар Лвивга яқинлашиб, областнинг бошқа шаҳарларига, жумладан Миколайив ва Золочевга йўналган.
«Кечаси душман Лвив областига жанговар дронлар ва қанотли ракеталар билан ҳужум қилди. Дастлабки маълумотларга кўра, қурбонлар ва жабрланганлар йўқ. Босқинчилар областимизнинг муҳим инфратузилмасига зарба беришди», – деб ёзди Лвив области маъмурияти раҳбари Максим Козицкий телеграм-каналида.
Лвов областининг Дрогобич райони ҳам зарба остида қолган. Маҳаллий расмийларга кўра, у ерда «саноат инфратузилмаси объектигага зарба бўлган, натижада ёнғин келиб чиққан».
Дрогобич райони маъмурияти раҳбари Степан Кулиняк эрталабки соат 7 ҳолатига кўра жабрланганлар ва қурбонлар ҳақида хабар келиб тушмаган. Шаҳар ўққа тутилиши туфайли Дрогобичнинг бир қисми электр энергия таъминотидан узилган.
Ивано-Франковск областида Россия ракеталари ва дронлари Бурштин томон йўналган.
Смела ва Миколайивдаги вайронгарчиликлар
Черкасс области раҳбари Игор Табурец Россия зарбалари оқибатида Черкасс яқинидаги Смела шаҳрида фуқаролик инфратузилмаси вайрон бўлгани ва олти киши яралангани (бошқалар қаторида у ерда муҳим темирйўл узели ҳам бор) ҳақида хабар берган.
«Смела. Шаҳарга кенг кўламли ракета-дрон ҳужуми оқибатларини бартараф этиш давом этмоқда. Барча зарур хизматлар шаҳарликлар билан бирга. Олти киши жабрланган. Улардан бири – ёш бола», – деб ёзди Табурец.
Дастлабки маълумотларга кўра, учта тўққиз қаватли бино шикастланган. Озиқ-овқат технологиялари миллий университетининг маҳаллий коллежи биноси ҳам жиддий даражада вайрон бўлган.
Бу коллеж ҳақида фейсбукда Черкасс областидан Олий Радага сайланган депутат Сергей Рудик ҳам ёзган: «Украина ва бизнинг Смелада даҳшатли тун. Шаҳар сўнгги йиллардаги энг йирик зарбаларга дучор бўлди. Озиқ-овқат технологиялари университети коллежи, учта кўп қаватли уй жиддий зарар кўрди».
Шунингдек, у кўп қаватли уйлардан бирининг ёнида ракета зарбаси оқибатида ҳосил бўлган воронка суратини эълон қилди. «Агар у бир неча ўн метр четроққа тушганида жабрланганлар сони бутунлай бошқача бўлиши мумкин эди. Худо асради», – деб ёзади Рудик.
Запорижжя области маъмурияти раҳбари Иван Федоров ҳудудга ракета ҳужуми уюштирилганини маълум қилди: у ерда «корхоналардан бирининг ишлаб чиқариш биносига зарар етган».
Миколайив области раҳбари таъкидлашича, кечаси соат 01:28 атрофида Россия Миколайивга баллистик ракеталар билан, соат 02:56 дан бошлаб эса бир неча гуруҳ дронлар билан ҳужум қилган.
Қандайдир инфратузилма объекти зарба остида қолган. Омбор бинолари шикастланган, ярадорлар йўқ.
Сўнгги ҳафталарда Россия Украинага ҳужумларини кучайтирди. Жума кунидан шанбага ўтар кечаси Одесса дронлар ҳужумига учраганди, шаҳардаги кўп қаватли уйга зарба натижасида бир оила аъзолари: эр ва хотин ҳалок бўлганди.
27 июн куни Россия қўшини Днипропетровск областининг Самар шаҳри, Суми, Чуҳиев (Харкив областида), шунингдек Староконстантинов (Хмелницкая области) шаҳарларига баллистик ракеталар билан ҳужумлар уюштирганди.
23 июн куни Киев бўйлаб ёпирилма зарбалар берилиши оқибатида 9 киши ҳалок бўлганди.
F-16 қирувчиси пилоти ўлими
2025 йил 29 июнга ўтар кечаси Россия Украинага 500 дан ортиқ ҳаво нишонларини учирди, деб хабар берди Украина қуролли кучлари ҳарбий-ҳаво кучлари. Ёпирилма ҳужумни қайтариш учун F-16 самолётлари жалб қилинди, уларнинг учувчилари ўнлаб дронларни йўқ қилган.
«Афсуски, ҳозир бизда яна бир оғриқли йўқотиш бор. Бугун тунда душманнинг ёпирилма ҳаво ҳужумини қайтаришда F-16 самолётида 1-даражали учувчи, 1993 йилда туғилган подполковник Максим Устименко ҳалок бўлди», – дейилади Украина қуролли кучлари хабарида.
Маълум қилинишича, учувчи борт қуролларининг бутун мажмуасини қўллаб, еттита ҳаво нишонини уриб туширган.
«Охиргисига қарши ишлаш пайтида – унинг самолёти шикастланган ва баландликни йўқота бошлаган. Максим Устименко қўлидан келган ҳамма ишни қилди, машинани аҳоли пунктидан узоқлаштирди, бироқ катапулта қилишга улгурмади... Қаҳрамон каби ҳалок бўлди!» – деб ёзади ҳарбий-ҳаво кучлари.
Биринчи даражали учувчи, подполковник Устименко икки йил олдин ҳалок бўлган бошқа украиналик учувчи – Андрей Пилшчиков («Жус») билан курсдош бўлган, деди Пилшчиковнинг онаси Лилия Аверянова.
«Макс, пўлатдек йигит. Доим энг яхши бўлишга интиларди», – деб ёзди у фейсбукдаги саҳифасида ва ўғлининг архивидан Максимнинг суратини ҳам эълон қилди. «Бу гуруҳнинг супер-интеллекти, ажойиб айтишник эди. Лекин унинг катта, бақувват қанотлари ҳам бор эди. Катта масъулият. Ишга катта садоқат. У авиация маршали бўлиши керак эди, – деб ёзади «Жус»нинг онаси. – Андрей билан биринчи курсдан бери бирга эди, энди осмонда ҳам мангу бирга».
Якшанбага ўтар кечаси Украинанинг F-16 қирувчи самолёти қулаши Украина томонидан 2024 йил ёзида олинган бундай самолётлар ҳалокати билан боғлиқ учинчи тасдиқланган ҳолатдир.
Апрел ойида F-16 қирувчисининг 26 ёшли капитани Павел Иванов ҳалок бўлгани маълум қилинганди. Бу 2024 йил 26 августдан буён биринчи шундай фожиа бўлганди, ўтган йил ёзида тажрибали пилот Алексей Мес бошқарувидаги самолёт Россиянинг Украина ғарбидаги областларга ҳужумларини қайтариш чоғида ҳалокатга учраганди. Ўша авиаҳалокат сабаблари ҳозиргача очиқланмаган.
Тавсия этамиз
Роман Старовойт – урушнинг курсидаги қурбони
Жаҳон | 22:00 / 08.07.2025
Қозоғистонда куйдирги тарқалди, икки қишлоқ карантинга олинди
Жаҳон | 17:57 / 08.07.2025
11 июлдан IELTS имтиҳонини қоғозда топшириш бекор қилинади
Ўзбекистон | 15:45 / 08.07.2025
Ўзбекистоннинг 5 та вилоятида сел хавфи эълон қилинди
Ўзбекистон | 13:18 / 08.07.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Ўзбекистоннинг Кореядаги туризм бренди элчиси тайинланди
Ўзбекистон | 09:56
-
Хорижликларга сафарбарлик даврида Россия ҚКда хизмат қилишга рухсат берилди
Жаҳон | 09:44
-
Хитой Гуанчжоу-Тошкент йўналиши бўйича тўғридан тўғри ҳаво қатновларини йўлга қўйди
Ўзбекистон | 09:35
-
“Маҳалламиз буни кўтара олмайди”: фуқаролар Uchtepa City'нинг 16 қават бўлишига қарши
Жамият | 09:07
Мавзуга оид

07:45
ЕИ Украина бюджетига 19 млрд еврони йўналтириш имконини изламоқда

07:13
Макрон Ғазода ўт очишни тўхтатишга ва Украинани қўллаб-қувватлашга чақирди

23:17 / 09.07.2025
Россия фронтда муҳим ютуқларга эришди, Путин Трампга узил-кесил йўқ деди — “Геосиёсат”

21:14 / 09.07.2025