Жаҳон | 12:17 / 28.06.2025
2388
2 дақиқада ўқилади

Россияда провайдерлар очиқ интернетга киришни секинлаштиряпти

Россия интернет провайдерлари Американинг Cloudflare компанияси томонидан ҳимояланган сайтларга киришни қийинлаштирмоқда. Чекловлар барча замонавий алоқа протоколларига тегишли.

Фото: AP

Cloudflare компаниясининг 26 июн, пайшанба куни эълон қилинган расмий баёнотига кўра, 9 июндан бошлаб Россия интернет провайдерлари тармоқ хавфсизлиги ва контентни етказиб бериш бўйича дунёдаги энг йирик провайдерлардан бири бўлган Американинг Cloudflare ширкати томонидан ҳимояланган сайтларга киришни чеклай бошлади.

Cloudflare'нинг асосий маҳсулотларидан бири бу CDN, тарқатилган серверлар тармоғи бўлиб, контентни юклаш тезлигини ошириш ва сайтни DDoS ҳужумларидан ҳимоя қилиш имконини беради. Cloudflare тадқиқотига кўра, ҳозирда Россиядан ушбу серверларга трафик қатъий тартибга солинган: фойдаланувчилар фақат биринчи 16 килобайт сайт мазмунини юклаб олиши мумкин, бу эса кўпчилик ресурсларнинг нормал ишлашини имконсиз қилади.

«Афсуски, бу ҳаракатлар Россиянинг интернетни ўз чегараларида изоляция қилиш ва Ғарб технологияларига қарамликни маҳаллий алтернатив билан алмаштириш орқали камайтириш бўйича узоқ йиллик саъй-ҳаракатларига мос келади», деб таъкидлайди Cloudflare.

Компаниянинг таъкидлашича, носозликлар Россиянинг интернет-провайдерлари, жумладан "Ростелеком", МТС, "Мегафон", "Вымпелком" ва МГТС даражасида содир бўляпти. Чекловлар барча замонавий алоқа протоколларига тааллуқлидир ва баъзи ҳолларда тармоқ пакетларини киритиш орқали фаол трафикни блоклаш ҳамда уланишни бузиш қўлланади.

«Афсуски, Cloudflare ҳозирда Россиядаги фойдаланувчилар учун интернетга уланишни тиклай олмаяпти. Россия ташкилотлари билан боғланиб, жорий этилган тартибга солиш чораларини бекор қилишни сўрашингизни маслаҳат берамиз», — дейилади компания хабарида.

Мавзуга оид