Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Рақамли хизматлар солиғи – АҚШ ва Канада ўртасида янги савдо уруши хавфи юзага келди
Президент Доналд Трамп АҚШ технология компанияларига янги рақамли хизматлар солиғи жорий этилиши сабабли Канада билан дарҳол музокараларни тўхтатди. Трамп бу солиқларни «очиқчасига ҳужум» деб атади ва Канада қандай бож тўлаши ҳақида янги шартлар юбориш билан таҳдид қилди.

Савдо уруши бошланиши сабаблари
АҚШ президенти Доналд Трамп 27 июнь куни Канада билан барча савдо музокаралари «дарҳол кучга кирган ҳолда» тугатилишини эълон қилди. Бунга сабаб сифатида Канаданинг АҚШ йирик технология компанияларидан рақамли хизматлар учун солиқ йиғишни бошлаш режаси кўрсатилган.
Трамп бу солиқларни «очиқчасига ҳужум» деб атади ва ижтимоий тармоқларда, АҚШ билан савдо қилиш учун Канада қандай бож тўлашини у келаси етти кун ичида маълум қилишини айтди.
«Бизга маълум бўлишича, Канада — савдо қилиш жуда қийин мамлакат, хусусан улар йиллар давомида АҚШ фермерларига сут маҳсулотлари учун 400% гача бож солган — ҳозиргина АҚШ технологик компанияларига рақамли хизматлар солиғи жорий этаётганини эълон қилди. Бу эса бизнинг мамлакатимизга нисбатан тўғридан-тўғри ва очиқчасига ҳужумдир.
…Ушбу ғайриоддий солиқ асосида, биз ҳозирги пайтдан бошлаб Канада билан барча савдо музокараларини бекор қиламиз. Канада АҚШ билан савдо қилиш учун қандай бож тўлаши кераклигини биз уларга кейинги етти кун ичида маълум қиламиз», деб ёзди Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида.

New York Times'нинг ёзишича, музокараларни тўхтатиш орқали Трамп АҚШ ва Канада ўртасидаги тобора танг бўлаётган муносабатларни яна бир бор издан чиқарди. Ҳолбуки, Канада тарихан АҚШнинг энг яқин иттифоқчиларидан ва энг йирик савдо ҳамкорларидан бири ҳисобланади.
Бу муносабатлар, Канаданинг янги бош вазири Марк Карни лавозимга келганидан кейин яхшиланаётгандек туюлган эди. Аммо жума куни Трамп Канадани яна «жазога тортилаётганлар қаторига» қайтарди. «Бизда барча карта бор. Иқтисодий жиҳатдан биз Канадага нисбатан жуда катта кучга эгамиз», деди Трамп Оқ уйдаги матбуот анжуманида.

АҚШ Молия вазири Скотт Бессент эса CNBC телеканалига берган интервьюсида АҚШ–Канада қарама-қаршилигига ортиқча урғу бермасликка чақирди. У АҚШ савдо вакили Жеймисон Грир Канада рақамли солиғи бўйича 301-бўлимга мувофиқ тергов очишини таъкидлади. Бу эса АҚШ компанияларига етказилган, тахминан $2 миллиардлик зарарни асос қилиб, божлар билан жавоб чораларини қўллаш имконини беради.
Канада расмийлари, хусусан бош вазир Марк Карни Трампга қўнғироқ қилмоқчими ёки рақамли солиқни йиғишдан воз кечмоқчими – бу борадаги саволларга изоҳ бермади. Аммо бош вазир девони баёнот бериб, Канада ҳукумати АҚШ билан ушбу мураккаб музокараларда мамлакат ишчилари ва бизнеси манфаатини ҳимоя қилиш учун қатнашишда давом этишини билдирди.
Канада ҳукумати эълон қилган баёнотда АҚШ билан савдо келишувлари бўйича силжишларни ҳисобга олиб, бу чоралар қанчалик мос ва самарали экани доимий таҳлил қилиниши ҳамда зарурат туғилганда қўшимча чоралар кўрилиши айтилган.

Канаданинг молия вазири Франсуа-Филипп Шампань ўтган ҳафта журналистларга берган интервьюсида Канада ҳукумати бу солиқни АҚШ томони билан «жуда батафсил ва кенг қамровли муҳокамалар» чоғида тушунтириб берганини айтган.
«Биз ушбу музокараларни давом эттирамиз ва ўз нуқтайи назаримизни ҳимоя қиламиз», — деганди Шампань Оттава матбуот анжуманида.
Канада билан бошланган «савдо уруши» Хитой ва АҚШ музокараларида стратегик минераллар оқимини тиклаш ва бошқа асосий бож келишувлари борасида ижобий силжишлар қайд этилганидан бир неча соат ўтиб содир бўлди.
Рақамли хизматлар солиғи
Рақамли хизматлар солиғини (Digital Services Tax, DST) жорий қилиш — Канада ҳукумати томонидан 2024 йилда режалаштирилган. Бу солиқлар қудратли технологик компаниялар (Google, Amazon, Meta, Apple ва бошқалар) томонидан Канадада кўрсатилаётган рақамли хизматлар учун мўлжалланган бўлиб, канадаликлар маълумотидан фойда кўрадиган ёки реклама асосида даромад қиладиган барча хорижий компанияларни ҳам қамраб олади.
Канада ҳукумати назарида, йирик технологик компаниялар Канадада фойда қилади, аммо етарли даражада солиқ тўламайди. Шу сабабли Канадада топилган рақамли даромадга 3% миқдорида солиқ белгиланади.
Ҳужжат орқага қараб (ретроактив) тарзда 2022 йил 1 январдан бошлаб даромадларга нисбатан қўлланиши мумкин.
АҚШ технология компанияларини бирлаштирувчи савдо уюшмасига кўра, шу сабабли Қўшма Штатлардаги йирик технология компаниялари Канадага тахминан 2,7 миллиард долларлик тўловларни амалга оширишга тайёрланмоқда.
Бундай хорижий солиқ сиёсати, одатда – компанияларнинг ўша давлатдаги онлайн реклама, фойдаланувчи маълумотларини сотиш ва бошқа рақамли хизматлардан олган даромадларига қаратилади, ҳатто улар АҚШда рўйхатдан ўтган бўлса ҳам.
Жума куни Трамп ўз версиясидаги рақамли солиқ жорий қилган бир нечта Европа давлатларини ҳам танқид остига олганди. Аммо у Европа Иттифоқи билан олиб борилаётган савдо музокараларини тўхтатишни таклиф қилмади.
Канада билан бошқа можаролар
Рақамли хизматлар солиғи икки давлат ўртасидаги савдо муносабатларидаги ягона муаммо эмас. Турли вақтлар давомида Трамп АҚШ компанияларининг Канада сут маҳсулотлари ва банк соҳасида рақобат қилишдаги тўсиқлардан шикоят қилган. Трамп, шунингдек, Канадани АҚШнинг 51-штатига айлантириш ғоясини ҳам бир неча бор тилга олган, бу эса Канада расмийлари томонидан қатъиян рад этилган.

«Бу битим Канада учун жуда қулай, деб ўйлайман. Аммо бу уларнинг танлови. Улар кўп бож тўлашади ва ҳимоя гумбази учун ҳам катта маблағ тўлашлари керак», — деган эди Трамп. Кейинроқ у «Golden Dome» номли ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимига Канадани 60-70 миллиард доллар эвазига қўшишни таклиф қилган.
Канада – Мексикадан кейин АҚШ энг йирик савдо шериги бўлиб, АҚШ экспортининг энг катта харидорларидан бири ҳисобланади. Reuters'га кўра, АҚШнинг ўтган йили Канадага $349,4 миллиардлик маҳсулот сотган, қўшнисидан эса $412,7 миллиардлик маҳсулотлар импорт қилган.
Трампнинг бож сиёсати масаласи яна кўтарилмоқда
Трамп кўп маротаба бошқа мамлакатларга юқори ставкали божлар жорий қилишни ваъда қилиб, кейинчалик, айниқса молия бозорлари ваҳимага тушганда, бу қароридан қайтган. Унинг навбатдаги таҳдиди эса деярли барча савдо ҳамкорларига нисбатан янги «ўзаро тенг» бож ставкаларини жорий этишидан олдинги ҳафталарда юз берди.
Трамп ва унинг ёрдамчилари дастлабки 90 кун ичида 90 та савдо битимини тузишни ваъда қилишган эди, аммо ҳозирча бу борада катта ютуқлар қайд этилмаган.
Хусусан, АҚШ ва Канада шу ой бошида 30 кун ичида – тахминан 20 июлгача – янги савдо битимига эришишни режалаштираётганларини эълон қилган эди. Трампнинг Канада бош вазири билан илиқ муносабатларига қарамай, савдо музокаралари оддий кечмаётгани аллақачон сезилганди.

Таҳлилчиларга кўра, агар Трамп ўз қарорида қатъий бўлиб, Шимолий Америкадаги энг бой қўшнисига божларни оширса, бу ҳар икки томонда тартибсизликларга сабаб бўлиши мумкин. Чунки бу ҳолат АҚШ компаниялари ва истеъмолчилари учун импорт нархларининг ошишига олиб келади.
Reutersʼнинг ёзишича, Трампнинг бу йил қайта ҳокимиятга келганидан бери жорий этаётган импорт божлари кўпинча молиявий бозорларни титратиб юбормоқда ва бу АҚШ иқтисодиётининг таянчи бўлган истеъмол харажатларига салбий таъсир қила бошлади. Хусусан, Канада бўйича кескин баёнотлари туфайли АҚШ фонд бозорларида қисқа муддатли пасайиш юз берган. Бироқ кейинроқ S&P 500 ва Nasdaq кўтарилиб, ҳафтани рекорд кўрсаткичлар билан якунлади.
Трамп маъмуриятининг Эрондаги ядровий объектларга берган авиазарбаси ва Конгрессдаги солиқ ва харажатлар қонун лойиҳаси фонида божлар бир муддат иккинчи планга тушиб қолган эди. Аммо ҳозирда савдо музокаралари яна жонланмоқда.
Тавсия этамиз
Соч тўкилиши, кўз ости қорайиши, лаб ёрилиши: тана тили бизни нималардан огоҳлантиради?
Жамият | 17:08 / 10.07.2025
Роман Старовойт – урушнинг курсидаги қурбони
Жаҳон | 22:00 / 08.07.2025
Қозоғистонда куйдирги тарқалди, икки қишлоқ карантинга олинди
Жаҳон | 17:57 / 08.07.2025
11 июлдан IELTS имтиҳонини қоғозда топшириш бекор қилинади
Ўзбекистон | 15:45 / 08.07.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Ўзбекистонда тез ёрдамга бирорта ҳам ёлғон чақириқ бўлмаган ҳудуд айтилди
Ўзбекистон | 12:07
-
Академик лицейларга кириш учун 49 мингдан ортиқ ариза топширилди
Ўзбекистон | 11:55
-
Зеленский Россия билан кейинги музокаралар шартларини айтди
Жаҳон | 11:40
-
🔴 LIVE: Алиев–Пашинян ва Трамп–Нетаняҳу учрашувлари. Нималар гаплашилди?
Жаҳон | 11:22
Мавзуга оид

12:30
Мерц: Германия Украина учун АҚШдан Patriot тизимларини сотиб олишга тайёр

11:21
Трамп: НАТО Украина учун АҚШдан қурол сотиб олади

09:46
Мерц АҚШ билан биргаликда Украина ҳаво мудофаасини кучайтириш ниятида

07:40