Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Олти мулоқот, натижа нол. Украина ёлғиз қоладими?
АҚШ ва Россия президентлари ўртасида олти марта телефон орқали мулоқот ўтказилган бўлса-да, Украина бўйича аниқ натижага эришилмагани глобал сиёсатда саволлар уйғотмоқда. Бу ҳолат Доналд Трампнинг воситачилик ролига, Ғарбнинг изоляция сиёсатига ва АҚШнинг ҳарбий-иқтисодий салоҳиятига оид муҳим муаммоларни юзага чиқармоқда. «Геосиёсат»да экспертлар икки етакчи атрофидаги суҳбат ва Украинага ёрдам масаласи юзасидан ўз фикрларини билдирди.

— Нега АҚШ ва Россия президентлари ўртасида бўлиб ўтган 6 марталик телефон суҳбатидан кейин ҳам Украина бўйича «ҳеч қандай муваффақият» кузатилмади?
— Жаҳонгир Акрамов: Қайсидир маънода Доналд Трамп Путинни дипломатик изоляциядан олиб чиқди. У Ғарб дипломатиясининг 2022 йилдан бери амалга ошириб келинган яккалаш сиёсатини нолга тенглаштирди. Шунингдек, томонлар олти марта суҳбатлашиб ҳам натижага эриша олмаган экан, кейинги эскалацияга тайёрми деган саволни юзага келтиради.
Айнан эҳтимолий еттинчи суҳбат натижа бериши учун Доналд Трамп иқтисодий ёки ҳарбий-сиёсий эскалацияга йўл қўйиб, санкциялар, турли воситалар билан Россияни мажбур қилиш йўлига ўта олиши керак. Ҳозирги ҳолатда Трампнинг Зеленский ва Путинга нисбатан муносабатлари икки хиллиги унинг реал воситачи ролига ҳам путур етказяпти. Яъни Украинага қурол етказишни тўхтатиш ва Россияга нисбатан ҳеч қандай амалий босим йўқлиги бунинг исботи.
Иккинчидан, ҳозирги Россия раҳбарияти Трамп эскалациянинг кейинги босқичига тайёр эмаслиги, Байден давридаги каби қарорлар қабул қилолмаслигини англаб турибди. Бир йил аввал Украина Европа Иттифоқига ҳам қўшилишига қарши эмасмиз, деган баёнотлар билдирган Россия ҳозирги вақтда керак бўлса, нейтрал, умуман ҳеч қандай иттифоққа қўшилмаслик талабларини ҳам кўтариш эҳтимоли юқори бўлиб турибди.
Бунинг устига Пентагоннинг Украинага Patriot тизимлари учун ракеталарни етказиб беришни тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори – Россиянинг ёзги катта юришига мотивация беради. Бу ҳолат АҚШнинг Евросиёдаги стратегик имкониятларига катта зарба бўлади, дейиш мумкин. Чунки ҳозирги вазият – 1945 йилдан бери АҚШ томонидан таклиф қилинган хавфсизлик архитектурасини жуда катта сўроқ остига солиб қўйяпти. Ғарб давлатлари Трампнинг барча талабларини деярли бажаряпти, масалан, НАТОни молиялаштириш масаласида ЯИМнинг 5 фоизигача оширишга рози.
— Ҳамза Болтаев: Ғарб давлатлари молиялаштиришининг ўзи билан жанг майдонидаги масала ҳал бўлиб қолмайди. Ҳозирда Америка Қўшма Штатларидаги ишлаб чиқариш салоҳияти йилдан йилга камайиши ҳарбий салоҳиятга жуда катта таъсир кўрсатди.
Ишлатилган қурол-яроғларни, ҳужум ва ҳимоя ракеталари воситаларини ўрнига қўйиб қўйиш ёки стратегик захиралар камайиши – бу энг катта масала. Ундан ташқари, бу масала ҳозирги кунда Исроил учун ҳам муҳим. Шу сабабли бир пайтнинг ўзида ҳам Исроилга, ҳам Украинага ёки Узоқ Шарқдаги Хитойни тийиб туриш учун, Хитой атрофидаги давлатларга ҳарбий жиҳатдан кўмак бериш учун Америка Қўшма Штатларининг ҳарбий салоҳияти, ишлаб чиқариш салоҳияти ва иқтисодий салоҳияти етарли даражада эмас.
Трампнинг ташқи сиёсатини кўпчилик танқид қилади, лекин баъзи хатти-ҳаракатларида стратегик аниқликни кўришимиз ҳам мумкин. Биринчи бўлиб Трамп маъмурияти стратегик идеализмдан стратегик реализмга ўтди. Чунки у Америка Қўшма Штатларининг қудратини тўғри баҳолаяпти. Жон Кеннеди президентлиги пайтида Америка Қўшма Штатлари деярли уч фронтда уруш олиб бориши мумкин деб баҳоланган. Яъни 1960-йилларда Узоқ Шарқда (Корея уруши ва Ветнам уруши) ҳамда бир пайтнинг ўзида Европа саҳнасида совет иттифоқига қарши ва яна бир эҳтимолий фронтда АҚШ манфаатларига зид келадиган ҳолат бўлса, ўша нуқтада уруш олиб бориш салоҳияти бўлган. Лекин ҳозирги воқеалар бир пайтнинг ўзида бир фронтда уруш олиб бориш ёки уни қўллаб-қувватлаш учун ҳам саноат имкониятлари йўқлигини кўрсатяпти.
— Камолиддин Раббимов: АҚШ яқин тарихда 2001 йилда Афғонистонга кириб келди, 2003 йил мартида Ироққа кириб келганида ва узоқ муддат иккита фронтда кўпроқ партизанлик урушида қатнашди. Аслида партизанлик уруши давлатлар учун жуда ҳам ҳолсизлантирувчи уруш, чунки зарба қайси томондан келишини билмайсиз ва тинч аҳолига қарата ўқ ота олмайсиз.
Мен кузатган ёки мен ўқиган маълумотларга кўра, Американинг қурол-яроғи бўйича стратегик захираси бор, лекин бу захиралар Хитойга аталган ва унга тегиб бўлмайди. Шу билан бирга, Украинага аталган ракеталар Яқин Шарқдаги бугунги вазият сабаб Исроилга бериляпти.
Америкада жуда ҳам катта қурол-аслаҳа тақчиллиги бор десак, бу аслида нотўғри баҳо бўлиши мумкин. Лекин мана, 2023 йилнинг 7 октябрида ҲАМАС-Исроил ўртасида можаро бошлангач, Украинага берилиши керак бўлган қурол-аслаҳаларнинг ҳаммаси Исроилга ташланганди. Шунинг учун ҳам Украинанинг ҳужум қилиш салоҳияти бирданига тушиб кетди. Чунки тайёр турган қурол-аслаҳалар Украинага берилиши керак эди. Уларнинг баъзилари қайтариб олинди ва Исроилга берилди.
Шунингдек, суҳбатда ҳафта давомида содир бўлган бошқа энг муҳим мавзулар ҳам муҳокама қилинди.
Суҳбатни тўлиқ шаклда YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин.
Тавсия этамиз
“Россия урушга чуқур кириб кетди, ундан чиқиши имконсиз” — сиёсатшунос
Жаҳон | 18:20 / 28.07.2025
Украинада сиёсий инқироз. Нега бундай бўлди ва буёғига нима бўлади?
Жаҳон | 17:56 / 27.07.2025
Давлат олийгоҳлари учун квоталар тасдиқланди
Ўзбекистон | 23:49 / 25.07.2025
Ўзбекистонда пенсия миқдори қандай ҳисобланади? – муҳим саволларга жавоблар
Ўзбекистон | 23:34 / 25.07.2025
Сўнгги янгиликлар
-
“Asialuxe Travel” компанияси “Yoz, shoshma!” акциясини эълон қилади
Ўзбекистон | 09:00
-
Қуёшда қолган ичимликлар гормонал бузилиш ва бошқа хавфли касалликларни юзага келтириши мумкин
Соғлом ҳаёт | 13:02
-
Булоқбоши туманидаги каналга нефт оқиб кетди
Ўзбекистон | 12:29
-
Ўзбекистон ва Airbus ҳаво кемалари паркини кенгайтиришга келишиб олди
Ўзбекистон | 12:11
Мавзуга оид

10:42
Трамп Эрон ядровий объектларини яна «яксон этиш» билан таҳдид қилди

07:44
Песков: Киев билан муносабатлар — Москва «вазифалари» бажарилганидан кейин

18:33 / 28.07.2025
Трамп янги дедлайн белгилади – энди Путин ўт очишни 10-12 кун ичида тўхтатиши керак

18:20 / 28.07.2025