Жаҳон | 14:55 / 28.06.2025
2030
3 дақиқада ўқилади

Конго ДР ва Руанда Вашингтонда тинчлик шартномасини имзолади

30 йиллик можарони ҳал қилишда воситачи сифатида ҳаракат қилиб, Қўшма Штатлар Конгодаги бой фойдали қазилма конларини ўзлаштириш ҳуқуқини қўлга киритди, деди Доналд Трамп.

Фото: Mark Schiefelbein/AP/dpa/picture alliance

Африканинг икки давлати — Конго Демократик Республикаси ва Руанда ташқи ишлар вазирлари 27 июн, жума куни Вашингтонда Конго Демократик Республикаси шарқидаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш тўғрисидаги битимни имзолади. Маросимда АҚШ давлат котиби Марко Рубио иштирок этди. Энди ҳужжатни мамлакатлар президентлари Пол Кагаме ва Феликс Чисекеди ҳам имзолаши керак.

Имзоланган келишув можаро зонасида хавфсизликни таъминлаш бўйича қўшма мувофиқлаштириш механизмини яратиш ва Руанда қўшинларини Конго ДР шарқий қисмидан 90 кун ичида олиб чиқиб кетишни назарда тутади, дейилади Reuters қўлга киритган ҳужжат нусхасида. Бундан ташқари, ҳужжатга кўра, икки давлат минтақавий иқтисодий интеграция учун замин яратиш мажбуриятини ҳам олган.

Шартноманинг имзоланишининг ўзи жанглар яқин келажакда тўхтайди, дегани эмас, дея таъкидлайди ахборот агентликлари. Гап шундаки, можарода фақат шартли равишда икки давлат марказий ҳукуматлари томонидан назорат қилинадиган кўплаб гуруҳлар иштирок этмоқда.

АҚШ президенти Доналд Трамп «энг ёмон урушлардан бирини» тугатишга эришилганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Қатар билан 30 йилдан ортиқ давом этган можарони ҳал қилишда воситачи сифатида ҳаракат қилиш орқали Қўшма Штатлар Конго ДР фойдали қазилмаларининг муҳим қисмини келажакда ўзлаштириш ҳуқуқига эга бўлди. Трамп тинчлик келишуви бузилган тақдирда «ҳам молиявий, ҳам бошқа йўллар орқали жуда қаттиқ санкциялар» билан таҳдид қилган.

КДР ва Руанда ўртасида келишув имзоланганини БМТ бош котиби Антониу Гутерриш олқишлади. У буни минтақада «деэскалацияни пасайтириш, тинчлик ва барқарорлик йўлидаги муҳим қадам» деб атади ва ҳар икки давлатни ўз мажбуриятларини «тўлиқ бажаришга» чақирди. 

Украина президенти Володимир Зеленский ҳам икки давлат ўртасида тинчлик битими имзоланганини олқишлади. У X ижтимоий тармоғида шундай деб ёзди: «АҚШ воситачилиги фундаментал рол ўйнайди. Биз ишонамизки, бу Украина заминида узоқ йиллардан бери давом этаётган шафқатсиз ва асоссиз урушни тугатишда муваффақиятга эришишда ёрдам беради. Россия барча тинчлик таклифларини рад этишда ва дипломатик саъй-ҳаракатларга путур етказишда давом этмоқда. Бунга чек қўйилиши керак».

Мавзуга оид